Диндорлар устидан назорат кучайиб бормоқда

Диндорлар устидан назорат кучайиб бормоқда

NBCA экспертлари Ўзбекистонда диндорларга нисбатан тазйиқ ўтказиш сиёсати давом этмоқда, дея ҳисобламоқдалар.



Март ойининг охирида “Мусулмон Ўзбекистон” сайти Voice of Freedom сайтига ишорат билан ва ҳудуддаги манбага таянган ҳолда мамлакат шарқида жойлашган Андижон шаҳридаги умум таълим мактабларида ва махсус ўқув юртларида “диний урф-одатларни бажараётган ўқувчиларни аниқлаш кампанияси” бошлангани тўғрисида хабар берганди.



Ҳар бир диндор ўқувчи Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХХ) ва милицияга ахборот етказиб беришга мажбур бўлаётган таълим муассасаси маъмурияти томонидан алоҳида назоратга олинмоқда.



Шунингдек, “мактабларда ҳафтасига махсус тадбирлар ўтказилаётгани ва уларда ўқувчиларга диндан йироқ бўлиш ва ибодат қилмаслик каби тавсиялар мунтазам тарзда берилаётгани” ҳақида хабар қилинганди.



NBCA шарҳловчиларига кўра, диндорлар устидан назоратнинг кучайиши кўп йиллардан бери олиб борилаётган ислом экстремизмига қарши кураш доирасида олиб борилмоқда ва унинг кенг ёйилишидан хавфланаётган ҳукумат диндорларга нисбатан тазйиқ ўтказмоқда.



Расмийлар 90-чи йиллар ўртасида бошлаб мунтазам равишда Ўзбекистон ҳудудида фаолияти тақиқланган Ўзбекистон Ислом ҳаракати ва Ҳизбут-таҳрир аъзоларини ҳибсга олаётганлари ҳақида хабар бериб келганлар.



Ҳудди шундай ислом экстремизми таҳдиди баҳонасида ҳукумат қўшинлари 2005 йил май ойида Андижон шаҳридаги тинч намойишчиларга қарата ўт очганлар. Маҳаллий ва халқаро ташкилотлар маълумотига кўра, ўшанда юзлаб ўзбекистонликлар ҳалок бўлганлар ва яраланганлар.



Кейинчалик президент Каримов Андижон воқеалари давомида 200 камроқ одам ҳалок бўлди ва уларнинг аксариятини қуролланган исломчилар ташкил этган, дея билдирди.



Расмийлар президент сайловларидан олдин, 2007 йил ноябрь ойида диндорлар устидан назоратни кучайтирдилар, ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакатда оммавий ҳибсга олишлар кучайгани ва турмаларда диний эътиқоди учун маҳкум бўлганларга нисбатан қийноқлар қўлланаётгани ҳақида маълум қила бошладилар.



Шарҳловчилар Ўзбекистон Конституцияси виждон эркинлигини кафолатлаганига қарамай, диндорлар мамлакатда мавжуд бўлган қатъий назорат важидан эътиқод эркинлигидан амалда маҳрумлар ва расмийларнинг муттасил кузатуви остидалар, дея таъкидламоқдалар.



“Умумий вазият шундаки, агар мадрасада ўқисанг, масжидга бориб турсанг ёки диний расм-русмларни адо этсанг, албатта зимдан МХХ кузатуви остида бўласан”, дея таъкидлайди маҳалий журналистлардан бири.



NBCA сўров ўтказган экспертларнинг айтишича, ислом радикализми тарқалиши таҳдидига қарши расмийлар диндор ўқувчиларни назорат қилиш борасида ўтказаётган акциялари “конструктив сиёсатга” асосланиши керак.



“Ёш мусулмонларни диний эътиқодларида қўллаш керак, уларга диннинг экстремистик бўлмаган фаразини тушунтириш лозим, агар одамларни дин ва давлат ўртасида танлашга мажбур қилинадиган бўлса, давлат ютқизади”, - дейди тўла ишонч билан АҚШ нинг Коннектикут университети антропология департаментининг тадқиқотчиси Шаун Уиллер.



Расмийларнинг ҳозирда қўллаётган тақиқловчи чоралари эса ёшлар ўртасида диний кайфиятларни кучайтиради, холос, дея қўшиб қўйди у.



Тошкентда жойлашган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббускор гуруҳининг етакчиси Сурат Икромов ҳам бу фикрга қўшилмоқда. Унинг кўрсатишича, ҳукумат фуқароларга “оддийгина” эътиқод эркинлигини тақдим этиши керак, диний экстремизмга қарши эса жиноят кодексининг тегишли моддаларини қўллаши лозим.



Стратегик таҳлил ва прогноз институтининг бишкеклик эксперти, сиёсатшунослик ва ислом тадқиқотлари доктори Қодир Маликов Ўзбекистон ёшлари ўртасида “идеологик иммунизацияси”ни ўтказиш лозимлиги ҳақида гапирмоқда.



Эксперт аҳолиси зич Фарғона водийсида ўтказилган сўнгги тадқиқотлардан келиб чиқувчи маълумотларга таянмоқда. Унга кўра, мазкур ҳудудда ўсиб келаётган ёш авлоднинг аксарияти исломда “сиёсий идеологик тизимни” кўрмоқда ва бу давлат мафкурасига нисбатан “рақобатда” бўлиши мумкин.



Унга кўра, бу каби зиддиятларга рўпара бўлмаслик учун расмийлар бир қатор шошилинч чоралар кўриши лозим.



Биринчидан, расмийлар исломга нисбатан ўз позициясини белгилаб олиш керак, негаки, репрессив услубларнинг самараси йўқ. Иккинчидан, мусулмонлар жамоати билан ҳамкорлик қилишни бошлаши ва Ўзбекистон расмий уламоларини ислоҳ қилишлари лозим.



Расмийларга хизмат қилувчи муфтият мафкура бозорида рақобатбардош эмас, негаки ёшлар уни давлатга хизмат қилаётганини кўриб турибдилар ва ўзларида туғилажак саволларга жавобни расмий бўлмаган диний уламоларидан излайдилар.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists