Баҳодир Намозов: Ўзбекистонда қийноқлар ҳукуматнинг сукутли розилиги билан амалга оширилади

Баҳодир Намозов: Ўзбекистонда қийноқлар ҳукуматнинг сукутли розилиги билан амалга оширилади

Tuesday, 2 February, 2010
, маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг “Ўзбекистонда қийноқлар қўлланиши” номли муқобил ҳисоботи тингланади.



Тошкентдаги Виждон асирларини озод этиш қўмитаси раиси, муқобил ҳисобот бўйича лойиҳа координаталаридан бири Баҳодир Намозивнинг айтишича, қийноқларнинг қамоқхона ва дастлабки тергов муассасаларида кенг тарқалганига қарамай, Ўзбекистонда бу энг ёпиқ мавзулардан бири ҳисобланиб, ҳукумат даражасида муҳокама қилинмайди.



IWPR: “Ўзбекистонда қийноқлар қўлланиши” номли муқобил ҳисоботи ўзида нималарни акс эттирган?



Баҳодир Намозов: Ҳисобот дастлабки тергов чоғида маҳбуслар ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол юзасидан сўнгги саккиз ой мобайнида олиб борилган мониторинг материаллари, қамоқдан чиққан қийноқ қурбонлари билан интервюлар, қамоқхонада ўз муддатини ўтаётган маҳкумларнинг қариндошлари билан суҳбатлар, шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячиларининг бевосита маҳкама жараёнларини кузатишлари асосида тайёрланган.



Бундан ташқари биз эҳтимолий қурбонларнинг қийноқ қўллангани ҳақидаги аризаларига нисбатан расмий органлар жавоби, матбуот варақчаси ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг мурожаатларини ўрганиб чиқдик. Ҳисобот ўн уч варақдан ташкил топган.



IWPR: Сизлар ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари учун кириш деярли ёпиқ бўлган қамоқхона ва дастлабки тергов муассасаларида қандай қилиб мониторинг ўтказа олдинглар?



Баҳодир Намозов: Қамоқда сақланаётган қийноқ қурбонлари ҳақидаги маълумотни улар қариндош-уруғлари ва адвокатларидан олишга муваффақ бўлганмиз. Бу ҳужжатлар ўзбек қамоқхоналарида қийноқлар одатий ҳолатга айланган бугунги асл вазиятни акс эттирган.



IWPR: Бу ҳисоботда муқобил фактлар нечоғлик акс топган? Ахир ўзбек ҳукумати ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қўмитасига ўз ҳисоботини тақдим қилади....



Баҳодир Намозов: Миллий ҳисобот ва ҳукумат жавоблари асл вазиятни акс эттира олмайди ва қониқарли дея тан олинмайди. Сабаби ҳисоботда ҳукумат реалликдан узоқ бўлган ўз ютуқларини кўрсатишга ҳаракат қилади.



Бизнинг ҳисобот эса, экспертларнинг катта бир гуруҳи, яъни Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси, Виждон асирларини озод этиш қўмитасининг Германиядаги Инсон ҳуқуқлари Ўзбекистон-Германия форуми ҳамкорлигида олиб борган мониторинги натижаларига асосланган бўлиб, улар барча фактларни бирма-бир йиғиб, уларни таҳлил қилиш, жиддий тадқиқот олиб бориш орқали ҳисоботда қийноқлар қўлланиши бўйича реал вазиятни ёритиб берганлар.



IWPR: Тадқиқот ўтказиш нечоғлик қийин кечди? Бу ишни олиб бориш пайтида, сизлар қандай қийинчиликларга дуч келдинглар?



Баҳодир Намозов: Тадқиқот олиб бораётган пайтимиз дуч келган қийинчиликлар шундан иборат бўлдики, Ўзбекистонда қийноқлар қўлланиши бўйича расмий маълумот олиш мумкин бўлган масъул органлар фаолияти махфийлаштирилган. Барча структуралар – судлар, прокуратура ва милиция қийноқ изларини астойдил яширишга ҳаракат қиладилар ёки қийноқ қўллаб, кўрсатма олаётганларга раҳнамолик қилиш билан шуғулланадилар. Бу структураларнинг мустақиллиги эса, қоғозда қолиб кетаяпти. Ҳукумат ҳуқуқ ҳимоячиларининг, жаҳон тажрибасида қўлланиши кузатилганидек, қамоқ ва колонияларни ички ишлар органлари тасарруфидан адлия органларига ўтказиш каби чақириқларига бефарқлик билан ёндошмоқда. Балки бу йўл ёпиқ муассасаларга киришни енгиллаштирарди. Бизнинг давлатда қамоқ маъмуриятининг маҳбусларга бўлган муносабатини кузатиш учун, озодликдан маҳрум қилиш муассасаларига ҳеч бир тўсиқсиз кира оладиган мустақил комиссия йўқ.



IWPR: Сиз муқобил ҳисоботнинг асосий ғояси сифатида нималарни алоҳида қайд этган бўлардингиз?



Баҳодир Намозов: Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари ва маҳаллий жиноят қонунчилиги меёрларида қийноқ қўлланишига нисбатан жазо белгиланиши кўзда тутилганига қарамай, қийноқ қўллаш амалиёти систематик ва кундалик характерга эга бўлиб, у ҳибсга олишнинг барча босқичлари, ҳусусан дастлабки текширув, тергов ва маҳбусларнинг жазо муддатини ўташи вақтида амалга оширилмоқда. Бу амалиёт ҳозиргача ҳукуматнинг сукутли розилиги ва қўллаб-қувватлаши билан амалга оширилмоқда. Ҳукуматнинг қийноқ қўлланишини қўллаб-қувватлашига эса, биз келтирган камида иккита факт далил бўлиши мумкин.



Биринчиси – бу тергов қилинаётган ва айбланувчиларнинг милиция, дастлабки текширув ва тергов органларининг уларга нисбатан қийноқ қўллагани ҳақидаги шикоят аризасига судя ва прокурорларнинг бефарқ муносабатда бўлаётгани. Иккинчиси – бу ҳукуматнинг энг юқори мансабдорлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари юқори мансабдорларининг қийноқ қўллаш амалиётини оммавий равишда қоралашдан ўзини олиб қочиши.



IWPR: Ҳуқуқ ҳимоячиларининг муқобил ҳисоботлари халқаро миқёсдаги тадбирларда қандай рол ўйнайди? Улар Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига қанчалик таъсир ўтказа олади?



Баҳодир Намозов: Ўйлашимча, бундай ҳисоботлар ўзининг ижобий натижасини беради. Ахир улар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги реал вазиятни акс эттирган.



Шунинг учун, ўз ҳисоботимизда биз ҳукуматимизга бир неча тавсиялар келтирганмиз. Биринчидан, биз судлар ва адвокатуранинг мустақил мавқеини ўрнатилиши, эркин парламент сайловлари ўтказилиши ва сўз эркинлиги таъминланишига қаратилган кенг институциявий ўзгаришлар ўтказишни таклиф қилаяпмиз. Иккинчидан, “Милиция ва хавфсизлик ҳизмати органлари ҳақидаги” қонун қабул қилиш, пенитенциар тизимни ички ишлар органлари тасарруфидан адлия органларига ўтказиш шартдир.



Учинчидан, мамлакатга қийноқлар бўйича махсус ҳисоботчини зудлик билан таклиф этиб, Факултатив Протокол ва БМТ нинг қийноқларга қарши Конвенциясини ратификация қилиш керак. Табиийки, ҳукумат қийноқ қўллангани ҳақидаги конкрет шикоят аризаларини кўриб чиқиб, айбдорларни жазолаши ва бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячилари ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиши керак.



Ўзбекистон дунёдаги ёпиқ давлатлардан бири бўлишига қарамай, хоҳиш бўлган тақдирда барчасини ўзгартириш мумкин. Биз бунга ишонамиз.



Frontline Updates
Support local journalists