Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ҳуқуқ фаоли: "ЕИ ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари билан фаол ҳамкорлик қилиши лозим"

Шуҳрат Ғаниев сўзларига кўра, Европа Иттифоқи расмийлар ва ноҳукумат ташкилотлари ўртасида фойда келтирадиган “модератор” бўла олади.
By Inga Sikorskaya

(Инглиз ёки рус субтитрларини ёқиш учун плеернинг пастки қисмида жойлашган субтитрлар тугмачасини босинг.)

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли, Европа Иттифоқи делегацияси билан яқинда бўлиб ўтган учрашувнинг иштирокчиси ҳукумат билангина эмас, балки реал одамлар билан ҳам кўпроқ ҳамкорлик қилишга чорламоқда.

Бухородаги Гуманитар ҳуқуқий марказ раҳбари Шуҳрат Ғаниев Инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот доирасида ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган расмий учрашув арафасида Европа Иттифоқи ва маҳаллий ноҳукумат ташкилотлари ўртасидаги музокараларда иштирок этди.

Бу учрашув ҳуқуқ ҳимоячилари учун ҳукумат амалдорлари билан муҳокама қилиниши зарур бўлган масалаларни аниқлаб олишга имкон яратди. Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари сўзларига кўра, ҳозирги пайтда камида 30 киши, жумладан, 11 нафар журналист ўз қарашлари учун ҳибс этилган. Улардан тўрт нафари сўнгги икки ой ичида ҳибсга олинган.

Бу каби музокаралар аҳамият касб этиши учун ҳуқуқ ҳимоячилари бундай “мулоқот”нинг асосий иштирокчисига айланиши керак, дея тахмин қилади Ғаниев.

“Мен ҳар сафар Европа Иттифоқи алоҳида танлаб олинган эмас, балки мамлакатнинг барча ҳудудларидан бўлган ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик жамияти фаолларининг кенгайтирилган гуруҳи билан фаол ҳамкорлик қилиши лозим, деган таклифни киритиб келганман, - деди у IWPR. – Европа Иттифоқи расмийлар ва жойлардаги фуқаролик жамияти фаоллари билан конструктив мулоқот учун кўприк ёки модератор бўлиши керак”.

Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистон адлия вазири Неъматулло Йўлдошев бошчилигидаги расмийлар билан учрашувидан кейин ёйинланган баёнотда бир қанча соҳада инсон ҳуқуқлари бўйича қатор масалалар кўтарилгани айтилади. Улар орасида “маҳкумларнинг қийноққа солиниши ва уларга нисбатан билан аёвсиз муносабатда бўлиниши, сўз эркинлиги, йиғилиш эркинлиги, эътиқод ва дин эркинлигининг ҳаддан зиёд чекланиши ҳамда фуқаролик жамиятининг мустақил вакиллари учун меъёрий база характерининг чеклангани” кабилар бор.

Европа Иттифоқи Хорижий ишлар бўйича Олий вакили Кэтрин Эштоннинг вакили бўлган Имонн Прендергаст IWPRга йўллаган электрон мактубида қуйидагиларни маълум қилган: “Алоҳида олинган воқеалар (шу жумладан, журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари билан боғлиқ воқеалар) рўйхати учрашув тугаганидан кейин Ўзбекистон делегациясига топширилди. Улар бу воқеаларни текшириб, бу борада бизга жавоб беришга рози бўлишди”.

У: “Европа Иттифоқи Ўзбекистонни сўз ва йиғилиш эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқ муҳофазасига оид муаммоларни кўриб чиқишга астойдил даъват қилишда ва алоҳида олинган воқеалар бўйича масалаларни кўтаришда давом этади”, дея қўшимча қилди.

Инга Сикорская – IWPRнинг Ўзбекистон ва Туркманистон бўйича Бишкекда туриб ишлайдиган катта муҳаррири.