Қозоғистондаги кўргазма ўзбек меҳнат муҳожирларининг ҳаётини акс эттиради

Қозоғистондаги кўргазма ўзбек меҳнат муҳожирларининг ҳаётини акс эттиради

Узбекские хлопкоробы в Казахстане. (2010 г.) (Фото: Валерий Калиев)
Узбекские хлопкоробы в Казахстане. (2010 г.) (Фото: Валерий Калиев)
Бригада строителей из города Коканда. Их наняли строить дом в Южно-Казахстанской области. (2010 г.) (Фото: Валерий Калиев )
Бригада строителей из города Коканда. Их наняли строить дом в Южно-Казахстанской области. (2010 г.) (Фото: Валерий Калиев )

19 январь куни Олмаотада қозоғистонлик фотосуратчи ва журналист Валерий Калиев ўзбек меҳнат муҳожирларининг Қозоғистондаги оғир кунлари ҳақида ҳикоя қилувчи “Ўзимизникилар – бегоналар” дея номланган шахсий фотокўргазмасини тақдим этди. Маҳаллий миграция хизматига кўра, бу мамлакатда катта қисми ноқонуний ишлаётган ярим миллиондан зиёд ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор. Сўнгги икки йил мобайнида кўргазма муаллифи гастарбайтерлар ҳаётини кузатиб борган ва юзлаб фотосуратлар олган, улардан 29 тасини эса томошабинлар ҳукмига ҳавола этган.

Меҳнат муҳожирлари ҳаётида ёрқин бўёқлар йўқ ва шунинг учун ҳамма ишлар ёрқин услубда бажарилган, дейди муаллиф. Меҳнат муҳожирлари тимсолларини фотосуратларда акс эттириш ғояси Калиевда оиласини боқиш учун Фарғонадан Қозоғистонга келиб, беш йил давомида кам ҳақ эвазига оғир ишни бажараётган ўзбек гастарбайтери билан учрашувдан сўнг пайдо бўлган.

NBCA: Фотосуратларни тайёрлаш жараёнида сиз ўзбек мигрантлари Қозоғистонда дуч келаётган муаммоларни ўргана олдингизми?

Валерий Калиев: Кўп ҳолларда бу ҳақ тўланмайдиган машаққатли меҳнатда акс этади. Қўқонлик қаҳрамонларимдан бири ўзи ва унинг ватандошлари Жанубий Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида масжид қурганлари ҳақида гапириб берди. Уларга 150 минг танга (қарийб 1000 АҚШ доллари) тўлашни ваъда қилишган, аммо қурилиш тугагач, миграция полициясига топшириб юбориш билан қўрқитиб, уларга бир тийин ҳам тўлашмаган. Одамлар ҳақ-ҳуқуқсиз, улар бошқа давлат фуқаролари, уларни эксплуатация қилишаяпти.

Баъзилар эса меҳнат қуллигига тушиб қолишади, бунақа пайтда уларнинг тақдири янада мудҳишроқ кечади; уларни деярли овқатлантиришмайди, улар уйқусиз кунига 18-20 соатдан ишлашади. Шунингдек, мен Қозоғистонга келиб, жинсий қулликка тушиб қолган иккита қиз билан ҳам суҳбатлашдим.

Аммо Ўзбекистонда қолиб кетган фарзандларига пул жўнатиб туриш учун Олмаотадаги стрип-клублардаги ишларни ўзлари танлаганлар ҳам бўлган. Бу ерда меҳнат миграциясининг феминизациялашуви кўриниб турибди.

Қозоғистон жанубидаги пахта далаларида ўзбек аёллари ишлашади. Улар чегарани кесиб ўтиб, бу ерга пул топиш умидида келишади. Чунки Ўзбекистонда пахта терими учун қарийб 5 баробар кам пул тўлашади.

NBCA: Бу фотокўргазмани тайёрлаш жараёнида сиз ўзингиз учун қилган энг асосий хулоса нима бўлди?

Калиев: Мен ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақли эканини тушуниб етдим. Бу одамлар давр айниган пайтда туғилганлар. Уларни ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум этишган. Улар: “Бошқа давлатларда мени тушунишади” деган умид билан туғилиб ўсган мамлакатларидан қочмоқдалар, аммо бу ерда ҳам уларни қўрқув, нафрат ва умидсизлик кутмоқда. Ҳеч кимга керак бўлмасанг, бу жуда даҳшатли. Мен Қозоғистонда ўзбек меҳнат муҳожирларининг қисмати оғир эканини, аммо ҳар биримиз оддий инсоний муносабат ва тушуниш орқали уларнинг ҳаётини, оз бўлса-да, енгилроқ қилишимиз мумкинлигини англаб етдим. Чунки улар ҳам худди биз каби инсонлардир.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.
 

Frontline Updates
Support local journalists