Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ўзбекистон: жойлардаги қийноқларга қарши кураш

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар қўрқиб қолган қурбонлар номидан иш кўрмоқда.
By IWPR Central Asia

Ўзбекистонда қийноқ қўллаш ноқонуний бўлишига қарамай, фақат баъзи қийноқ қурбонлари ва уларнинг қариндошларигина шикоят аризаларини топширмоқда. Аммо шикоят аризаларининг топширилганига қарамай, уларнинг ҳуқуқлари судда ҳимоя қилинишига умид жуда кам.

Одатда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари инсонни айбига иқрор қилдириш учун унга нисбатан қийноқ қўллайди, сўнгра ушбу иқрорномалардан судда жиноий жавобгарликка тортиш учун имкон туғдириб берадиган ютқизиқсиз айблов асосида фойдаланадилар.

Сайёра Ҳокимова тизимга чақириқ ташлаган кам сонли инсонлардан бири. Аёлга кўра, унинг ўғли бўлган Сайфиддин Қурбонов содир этмаган жинояти, яъни одам зўрлаганлик айблови билан 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган. У сўнгги тўрт йил умрини ўғлини иқрорномага қийноқ остида қўл қўйдирганларини исботлаш учун сарфлади.

“Милиция ва прокуратура менга тўсқинлик қилмоқда, улар менинг шикоят аризаларимга эътибор қаратмаяпти”, - деди аёл IWPR га.

Ҳокимованинг Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига ёзган хатлари беҳуда кетди. Кунлардан бир кун у ушбу органларга БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасига шикоят аризасини тайёрлаётганини маълум қилди.

“Аммо мен халқаро ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлишимни айтганимда, қамоқдаги офицер менга, агар шикоят қиладиган бўлсам ўғлимни ўлдиришлари, мен эса давлат душманига айланишимни айтди”, - дейди у.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаева бундай ишлар билан тез-тез шуғулланиб туради.

У олиб бораётган ишларнинг бирида эса паркентлик 24 яшар Зоҳид Уматалиев уни аввал Парткентдаги милиция бўлимида, сўнг эса Тошкент вилоятидаги тергов изоляторида қийноққа тутганлари таъкидлаган.

Уни ўғирлик содир этганликни бўйнига олиши учун оёқлар билан тепишган ва бошига милиция дубинкаси билан уришган, электрошокер билан қийноққа солишган ва тирноқлари остига игна тиқишган, охир-оқибат йигит бу айбловларни бўйнига олишга мажбур бўлган.

Уматалиев турли тузилмаларга расмий шикоят аризасини топширган, аммо улардан жавоб ололмаган. Сўнг у ёрдам сўраб Урлаева гуруҳига мурожаат қилган ва улар ўз навбатида, зўравонликнинг жисмоний исботини рўйхатлаштириш учун шифокорни чақиртиришган.

“Аммо мен тез тиббий ёрдам ходимларига йигитнинг баданидаги барча қийноқ изларини суратга олиб, уларни Интернетга жойлаштиришимни айтиб, пўписа қилмагунимча, улар йигитга тиббий ёрдам кўрсатишдан бош тортиб тургандилар”, - дейди Урлаева.

Одатда адвокатларнинг бундай ҳолатларда ҳаракат қилишни истамасликлари бу ишдаги яна бир тўсиқ бўлиб ҳисобланади. Урлаева гумонланувчи шаҳсни ҳимоя қилиш учун тайинланган адвокат “ҳимояси остидаги шаҳснинг танасида қийноқ изларини кўриб, прокуратурага шикоят аризасини топширмагани” ҳақидаги ҳолатни айтиб берди.

Ҳуқуқ фаоли, Ўзбекистон Женевадаги БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасининг даврий текширув объектига айлангач, ноябрь ойида Ички ишлар вазирлигининг муносабатида ўзгариш сезганини айтиб берди.

Октябрь ойида бўлиб ўтган текширув давомида ўзбекистонлик вакиллар бутун эътиборларини, уларнинг айтишларича, институционал маданиятни ўзгартирган қонунчиликдаги ўзгаришларга қаратганлар. Аммо БМТнинг қўмитаси ўзининг якуний ҳисоботида “кўп, давомли ва доимий тусга эга бўлган қийноқ ва ёмон муносабат ҳуқуқ-тартибот органлари, тергов ва қамоқдаги мансабдорлар томонидан доимий равишда қўлланиши, ёки булардан уларнинг ташаббуси, ёки уларнинг рухсати билан кейинчалик жиноий жараёнда ишлатиладиган иқрорнома ёки маълумот олишда фойдаланилиши” айтиб ўтилган.

Қўмита ўзбек делегатларининг текширув давомида батафсил тавсифлаб ўтилган қатор ишларни эътиборсиз қолдиргани юзасидан ташвиш билдирди ва бу ўзбек расмийларини “қийноқ қўлланиши ва ёмон муносабат кўрсатилиши бўйича келиб тушган барча айбловлар юзасидан зудлик билан, объектив ва самарали текширув ўтказишга ва бунинг учун жавобгар бўлган барча, шу жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва қамоқхона ходимларини текширувдан ўтказиб, уларни жавобгарликка тортишга” ҳамда “ошкора ва тўғридан-тўғри, ҳусусан, милиция ва қамоқхона ходимларига мурожаат қилиш орқали қийноқнинг турли кўринишларини қоралашга мажбур қилди”.