Ўзбекистонлик журналистлар оғиз очмасликка ўргатилган

Мамлакатда бир неча йилдан буён цензура ва оммавий давлат назорати мавжудлигига қарамай, расмийлар ҳозиргача журналистларни нозик мавзулар бўйича оғиз очмаслик ҳақида огоҳлантирмоқдалар.

Ўзбекистонлик журналистлар оғиз очмасликка ўргатилган

Мамлакатда бир неча йилдан буён цензура ва оммавий давлат назорати мавжудлигига қарамай, расмийлар ҳозиргача журналистларни нозик мавзулар бўйича оғиз очмаслик ҳақида огоҳлантирмоқдалар.

Newspaper kiosk in Uzbekistan. (Photo: IWPR)
Newspaper kiosk in Uzbekistan. (Photo: IWPR)

Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари доимо қаттиқ цензура остида бўлиб келган, аммо сўнгги ойларда улар устидан муҳаррир текшируви янада кучайтирилди, ваҳоланки расмийлар иқтисодий муаммолар ва сиёсий зиддиятлар тўғрисидаги баҳсларнинг олдини олишга уринмоқдалар.

Қишқи пайтда аҳолини табиий газ билан таъминлаш, жумладан, табиий газни Тошкент ташқарисига етказиб бериш таъқиқланган мавзу бўлиб қолмоқда. Бу, ўз навбатида, энергия етишмовчилигига олиб келди, чунки электр энергиясидан фойдаланиш ошиб бормоқда. Маҳаллий расмийлар кун давомида электр энергиясини бир неча соатга ўчириш орқали бу муаммони ечишга ҳаракат қилмоқдалар.


Мамлакат шарқида жойлашган Наманган шаҳридан бўлган журналист IWPRга муҳаррири унинг ушбу мавзуда мақола ёзиш режасини рад қилгани ҳақида айтиб берди. У шунчаки ўқувчилар ўз ҳаракатларини аввалдан режалаштиришлари учунгина электр энергияси ўчирилиши жадвали ҳақида ёзмоқчи бўлган. Аммо унга на у ва на унинг ҳамкасблари ҳукуматни танқид остига олишга ҳақли эмасликларини аниқ ва равшан қилиб тушунтириб ўтишди.

Унга: “Бу мавзуга тегманглар, бу ҳақда ёзиб бўлмайди”, дея айтишгани ҳам ажабланарли ҳол эмас.

Журналист ушбу мақола чоп қилинишига кўзи етмаслигини, чунки уни чоп қилиш учун аввал муҳаррир, сўнг эса маҳаллий идора расмийсининг рухсати кераклигини айтади.

2013 йил давомида оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги тўғрисида чоп қилган ўз ҳисоботида Париждаги “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Ўзбекистонга ўрганилган жами 180 та мамлакат орасида 164чи ўринни берган.

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти томонидан кўриб чиқилган ишлар орасида 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган “Эрк” газетасининг собиқ муҳаррири Муҳаммад Бекжон ва Орол денгизи атрофидаги экология муаммолари ҳақида репортажлар ёритиб боргани учун 2008 йилда қамалган мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновнинг ишлари бор.

Собиқ Совет иттифоқи давридаги оммавий ахборот воситасидан мерос бўлиб қолган Ўзбекистондаги давлатга қарашли матбуот “Правда Востока” ва “Халқ сўзи”, ҳамда минтақа ва туман маъмуриятлари томонидан молиялаштирилиб бориладиган нашрлардан ташкил топган.

Маҳаллий газеталар жамиятда кам ўқилгани учун нашр тиражини қўллаб-қувватлаш мақсадида кўпинча давлат ишчиларини ушбу газеталарга мажбурий равишда обуна қилишади.


Декабрь ойида Тошкентда давлат оммавий ахборот воситалари муҳаррирлари учун ўтказилган тренинг иштирокчиси IWPRга газеталарда қандай муаммолар ёритилиши кераклиги, улар ҳақида қандай қилиб репортажлар тайёрлаш ва нималарни четлаб ўтиш кераклиги ҳақида махсус топшириқлар берилиши ҳақида айтиб берди.

Бутун мамлакат бўйлаб муҳаррирлар ЕҲХТ, Тошкентдаги журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази ва “Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш учун” жамоатчилик жамғармаси томонидан ташкил қилинган икки кунлик семинарга таклиф қилиндилар.

Биринчи кундаги ўқув машғулотларини чет эллик медиа-тренерлар олиб бордилар, аммо келаси кунги ўқув машғулотларини олиб борган маҳаллий инструкторлар семинар иштирокчиларидан “замонавий чақириқларни ҳисобга олган ҳолда янада кўпроқ ҳушёр бўлмоқликни талаб қилдилар”.

“Ҳамма нимани қаерда кучайтириш кераклигини тушуниб етди”, - дейди ушбу семинарда иштирок этган муҳаррир.

Журналистлардан ёритмаслик сўралган нозик мавзулардан бири, бу 76 ёшли президент Ислом Каримов оиласида бўлиб ўтаётган зиддият бўлди.

Сўнгги ойларда президентнинг қизи Гулнора Каримова оиласининг ғазабига учради. Унинг йирик бизнеси, медиа ва нодавлат ташкилотлари мусодара қилинди, ушбу тузилмаларда ишлаган ходимлар эса ҳибсга олинди. У ўзини “Твиттерда” ҳимоя қилиб келди, жумладан, Каримова Миллий ҳавсизлик хизматининг нуфузли раҳбари Рустам Иноятовни унга қарши фитна уюштирганликда айблади. 

Ушбу зиддият 2015 йилда бўлиб ўтадиган президент сайлови арафасида олиб борилаётган саҳна орқасидаги ворислик учун курашни очиб ташлади.

Жорий йилда бўлиб ўтиши режалаштирилган парламент сайловлари бошқа ҳолатда шубҳасиз натижага эга бўларди, аммо ҳокимият ўтиш жараёни олиб борилиши мумкин бўлган аҳамиятли ориентир бўлиб қолиши ҳам мумкин эди.

“Биз, улар айтгандек, вазминрок, баҳо беришда одоблироқ бўлиб, ҳукуматни одамларга қарши қўймай, ҳамма нарсага тушуниш билан ёндашиб, ўз-ўзини цензура қилишга эътибор беришимиз керак экан”, - дея ўртоқлашди муҳаррир ва ўзи ҳамда ҳамкасбларига сайловлар тўғрисидаги ҳар қандай мавзуни четлаб ўтиш кераклигини айтишганини қўшимча қилиб ўтди.

Уларга ўз репортажларида давлатга қарашли ахборот агентлиги бўлмиш Uza.uz матбуот варақчаларидан фойдаланиш тавсия қилинди.

Аммо, муҳаррирнинг қайд этишича, репрессия йиллари давомида журналистлар режимни бузиб бўлмаслигини яхши ёдлаб олишган.

“Ҳеч ким қамоқда ўтиришни истамайди, шунинг учун ҳамма газета ва телевиденияда ушбу қоидаларга риоя қилади. Янги таъқиқланган мавзуларни эса биз ўзимиз ҳам яхши биламиз – агар мамлакатда бирор нарса ёмонлашган бўлса, демак бу ҳақда сукут сақлаш керак”, - дейди у.

Декабрь ойида тренинг ўтказган нодавлат ташкилотлари бирининг медиа-эксперти IWPRга тренингнинг бир қисми журналистиканинг халқаро меёрларига, бошқа бир қисми эса давлат топшириқларига риоя қилиш бўйича буйруқларга бағишланган қарама-қаршиликлар ҳақида билишини айтиб берди.

Шунга қарамай, у ўзбек мухбирларига узоқ муддатли изоляциядан сўнг чет эллик ҳамкасблари билан алоқа қилиш фойдалироқ эканини ҳис қилади.

Оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича кўпгина халқаро ташкилотлар ва жамоатчилик ташкилотлари халқаро ҳамжамият ўзбек ҳукумати қўшинлари юзлаб намойишчиларни ўлдирган 2005 йилдаги Андижондаги зўравонликларни танқид остига олганидан сўнг Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганлар.

Медиа-экспертнинг сўзларига кўра, чет эл ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказиладиган семинарлар фақат 2012 йилга келиб, яъни прагматик ёндашувни афзал кўрган қатор расмийлар туфайли қайта тикланди.

Бироқ IWPR суҳбатдоши семинар иштирокчилари халқаро меёрлардан ўзларининг кундалик ишларида қанчалик фойдалана олишларини ўлчаш қийин масала эканлигини ҳам тан олди, у Ўзбекистоннинг изоляцияланганлигини пасайтирувчи ҳар қандай нарса ижобий эканлигини таъкидлади.

Оммавий ахборот воситаларидаги цензура муҳаррирларни ҳаддан ташқари эҳтиёткор қилиб қўйди, дея давом этди у ва бир нашрнинг муҳаррири газетани ҳавф остига қўювчи воқеалар тўғрисидаги репортажларнинг олдини олиш кераклигини ҳис қилгани учун журналистга сил касаллиги ҳақида ёзган мақоласи учун гонорар тўлашдан бош тортгани билан боғлиқ воқеани айтиб берди.

“Оммавий ахборот воситаларининг раҳбарлари ташқи ва ички сиёсат нюансларини аниқроқ англаб етиш мақсадида, ўзларини ишдаги протоколлардан хавфсизлантиришга ҳаракат қилаяптилар”, - деди медиа-эксперт. Ўзбекистоннинг Россия ва АҚШ билан нозик муносабатлари яна бир таъқиқланган мавзуга айланди, дея қўшимча қилди у.

Журналистлар ҳукуматнинг жарчилари сифатида чиқишга мажбур қилинганлари сабабли, жамиятнинг оммавий ахборот воситаларига нисбатан ишончи ҳам чекланган.

Бош журналист ва муҳаррир Сергей Ежков сўнгги ўн йил давомида бундан аввал ҳам чекланиб келинган сўз эркинлиги янада инқирозга юз тутганлиги ҳақида гапиради.

“Правда Востока” газетасида ишлаб келган Ежков саккиз йил аввал “Узметроном” номли ахборот агентлигини таъсис қилди ва ҳозирги кунда унга бош муҳаррирлик қилиб келмоқда.

У замонавий ўзбек журналистикасини “бутунлай таназзулга учраган касб” сифатида таърифлайди.

“Агар улар солиқ қўмитаси ҳақида мақола ёзсалар, фактларни ҳам уларга солиқ қўмитаси беради, улар [солиқ қўмитаси] журналист ёзган матнни ўқиб чиқишади, унга виза қўйишади, шундан сўнг бу матн “Правда Востока” ёки “Халқ сўзи” газеталарида чоп қилинади, - дейди Ежков ва аччиқланади, - Бундай ҳолатда қандай қилиб журналистик ёндашув, журналистикани бир кўриниш, уни бир касб сифатида таърифлаб ўтиш мумкин?”.

У расмийлар маҳаллий журналистлар чет эллик вакиллар билан учрашмасликлари учун матбуот анжуманлари ўтказмай қўйганини таъкидлайди. Бунинг эвазига журналистлар ўз мақолаларини расмий матбуот варақчалари асосида ёзишга мажбур қилинмоқдалар.

Ўзининг “Правда Востока” газетасидаги иш фаолиятини эслаган Ежков, ҳуқуқ-тартибот органлари, куч ишлатар тузилмалари ва прокуратура ходимларининг фаолиятини танқид қилувчи репортажларни чоп қила олганлигини айтади.

“Ўша пайтда мана шу мавзуда ёзишга журъат этган журналистлар бўлган”, - деди у.

Ҳозир эса оммавий ахборот воситалари жамоатчилик учун қизиқ бўлган ахборотни чоп қилмай қўйди. “Аввал одамлар журналистни ҳурмат қилишарди”, - дея қўшимча қилди Ежков.

Uzbekistan
Media
Frontline Updates
Support local journalists