Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ўзбекистондаги кучайтирилган хавфсизлик чоралари саёҳат пакетининг бир қисми сифатида

Сайёҳларнинг расмийлар назоратидан қочиб қутилишлари қийин.
By Nargiza Ryskulova
  • Ўзбекистон шимолий-ғарбида жойлашган Хива яхши сақланган шаҳар-қалъадир. (Наргиза Рисқулова фотосурати)
    Ўзбекистон шимолий-ғарбида жойлашган Хива яхши сақланган шаҳар-қалъадир. (Наргиза Рисқулова фотосурати)
  • Хиванинг юқоридан кўриниши. (Наргиза Рисқулова фотосурати)
    Хиванинг юқоридан кўриниши. (Наргиза Рисқулова фотосурати)

Ўзбекистон Қирғизистон билан қўшни мамлакат ҳисобланади, аммо чегаранинг икки томонида яшовчи одамларнинг аксарияти қўшнилари ҳаёти ҳақида кўп нарса билмаслиги кўпчилик учун ажабланарли туюлиши мумкин.

Август ойи охирида ўзимнинг Ўзбекистонга қилган илк сафарим олдидан мен у ерда текширув қаттиқ экани ҳақидаги огоҳлантиришдан бошқа нимани кутишни билмасдим. Аммо у ерда нечоғли қаттиқ текширишларини ўрганиш ҳали олдинда эди.

Қирғизистон жанубида этник қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида содир бўлган, камида 400 одамнинг ўлимига олиб келган 2010 йилги тўқнашувлардан буён Ўзбекистонга етиб олишнинг ягона дуруст йўли бу самолёт эди, чунки йўл транспорти билан ҳаракатланишга рухсат йўқ. Шунинг учун авиачипта сотиб олишимга тўғри келди.

Мен у ерга сайёҳ сифатида ўн кунга кетаётгандим, шунинг учун ҳам мамлакатда юриш муддати икки ойдан ошмайдиганлар каби виза олишимга ҳожат йўқ эди. Аммо, иқрор бўлишим керакки, мени паспорт назорати вақтида нималар кутаётгани ва мажбурий божхона декларациясини тўлдираётган пайтимда ҳаммаси яхши бўлиш-бўлмаслиги ҳақидаги ўйлар тарк этмасди.

Уйига меҳмонга бормоқчи бўлган ўзбекистонлик дугонам декларацияда ўзим билан олиб келаётган пулимнинг аниқ миқдорини ҳамда компьютер ва ўзим билан олиб келаётган бошқа жиҳозларни кўрсатиб ўтишим кераклиги ҳақида огоҳлантириб қўйди. У мени божхона ходимлари жуда қаттиқ текширишлари ва кимдир қандайдир нарсасини декларацияда кўрсатмаган бўлса, ундан ўша нарсаларни шунчаки мусодара қилиб, олиб қўйишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Хавфсизлик бўйича қаттиқ чоралар йўловчиларни аэропортнинг учиш ҳудудидан олиб кетиш учун келган ҳайдовчиларга ҳам дахлдор. Автомашиналар тўхташ жойига кетаверишда автомобилда портловчи мосламалар бор-йўқлигини текширишади. Терминал биносига фақат қўлида авиачиптаси бўлган кишиларгина киритилади.

Мен мамлакатга 1 сентябрь куни нишонланадиган давлат байрами - Мустақиллик куни арафасида учиб келдим.

Оммавий байрам ҳақида унутинг. Ўзбек ҳукумати учун одамлар оломони фақат бир нарсани – потенциал муаммоларни англатади, холос. Шунинг учун Мустақиллик байрами турли шаҳарларда турли саналарда нишонланади. Менга байрам тадбирларини кўриш барибир насиб этмади.

Ўзбекистондан олганим унчалик ижобий бўлмаган илк таассуротлар менинг қадимий шаҳарлар бўлмиш Хива ва Бухорони кўриш, шахсий веб-сайтим учун суратлар олиш ва ўз сафарим ҳақида дўстларимга айтиб бериш иштиёқидан қайтаргани йўқ.

Бу орада нима қилиш мумкину нима қилиш мумкин эмаслиги тўғрисидаги йўриқнома рўйхати узайиб борди. Ҳатто осори атиқаларни кўздан кечиришда бизга кўрсатмалар бериб турдилар. Бизга давлат биноларини суратга олиш таъқиқланганини айтилди. Узун рўйхатга Ўзбекистон парламенти, солиқ хизмати бинолари, полиция участкалари ва ҳатто йўл белгилари ҳам киради.

Бу хавфсизлик чоралари радикал исломий гуруҳлар олдидаги қўрқув туфайли юзага келган ва 1990-йиллар бошида президент Ислом Каримов ўз ҳокимиятига таҳдид кўрган диний етакчиларни босим кўрсатишга тушган пайтлардан бошланган.

Қатағонлар Ўзбекистон Ислом ҳаракати номини олган, 1999 ва 2000 йилларда Қирғизистон орқали Ўзбекистон ҳудудига ўтишга уринган жангарилар гуруҳининг пайдо бўлишига олиб келган.

Бироқ, айтишим керакки, кучайтирилган чоралар ва қаттиқ текширувлар бехатарлик ҳиссини пайдо қилгани йўқ. Аксинча, худди бирор ёмон нарса содир бўлиши керакдек, танглик кайфиятини ҳис қиласан ўзингда.

“Ҳушёрлик – хавфсизлик кафолати” дея ёзилган белгилар метронинг ҳар бир бекатидаги деворлар ҳамда поезд вагонларининг ичига ёпиштириб ташланган.

Мен жамоат жойларида кучайтирилган хавфсизлик чоралари мавзусини кўтарганимда дўстларим аввал ҳадик билан чор-атрофга қараб олиб, сўнг саволимга жавоб берганларини сездим. Бу ҳақда гап кетганида улар жуда ўнғайсизланганларини кўрдим. Ўз сафарим ҳақида ёзмоқчи эканимни айтганимда эса улар мендан исмларини келтирмаслигимни сўрашди.

“Бу паранойянинг енгил шакли – сен ўзингни ким тинглаётганини ҳеч қачон билолмайсан, ҳатто қаҳвахонада ўтирганингда ҳам, - дейди халқаро нодавлат ташкилотининг Ўзбекистонда яшайдиган ходими. – Маҳаллий разведка тезкор ходимларининг “қулоқ”лари ҳар ерда бор, деган миш-мишлар юради. Деярли ҳар бир эмигрант ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлар синдирилаётгани ва текширилаётгани ҳақида гапиради”.

Ўқитувчи бўлиб ишлайдиган бошқа бир хорижлик аёл менинг бу каби қаттиқ хавфсизлик чоралари шароитида қандай яшаши ҳақидаги саволимга елкасини қисиб қўйди, холос. Унинг сўзларига кўра, дўстларидан бирортасининг бу мавзуда мен билан гаплашиш эҳтимоли кам. Унинг айтишича, ҳеч кимнинг олов билан ўйнашгиси йўқ.

Унга кўра, агар сен панада туриб, одатий ҳаёт кечиришда давом этсанг, Ўзбекистонда чет эллик сифатида яшаш унчалик ҳам ёмон эмас.

“Биз маҳаллий аҳолига нисбатан кўпроқ маош оламиз, нархлар арзон, озиқ-овқат арзон, жойлари чиройли”, - деди у.

Маҳаллий фуқаролар ҳам одам ўзини тинч тутса ва расмийлар учун кўнгилсизлик келтирмаса, сени тинч қўйишларини айтишади.

“Биз авторитар мамлакатда яшаётганимизни унутмаслигимиз керак, - деди менга бир ёш тадбиркор йигит. – Бизнес монополиялаштирилган ва муваффақиятга эришиш учун уларнинг қоидаларига мувофиқ ўйнаш керак – бор-йўғи шу”.

“Бу ерга яна келмоқчи бўлсанг, бу қадар кўп савол бермаганинг яхшироқ”, - дея ҳазил аралаш қўшимча қилди у.

Менинг Ўзбекистон хавфсизлик хизмати билан сўнгги тўқнашувим сафарим тугаб, уйга қайтаётганимда – уч марта паспорт назоратидан ўтиб, ички кийимим, косметичкам ва сумкамни обдон текширган ходиманинг қаттиқ шахсий текширувидан ўтган пайтимда бўлиб ўтди.

Менга Мустақиллик байрамини кўриш насиб этмади, парламент биносини суратга олишим ҳам таъқиқлаб қўйилди. Аммо мендан: “У ерга яна боришни истайсанми?” деб сўрашса, жавоб беришда иккиланиб ҳам ўтирмайман. Оддий ўзбекларнинг меҳмондўстлиги, миллий ошхонанинг бойлиги ва архитектуранинг ажойиблиги Ўзбекистонга сафарнинг барча салбий томонларини қоплаб кетади.

Наргиза Рисқулова – IWPRнинг Қирғизистондаги контрибьютери.