Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Тарихий ташриф ўзбек-тожик алоқаларининг юксалишига ёрдам беради

Президент ташрифи - минтақадаги алоқаларни яхшилашга қаратилган ҳал қилувчи уриниш.
By Timur Toktonaliev
  • President of Uzbekistan, Shavkat Mirziyoyev (left) with Emomali Rakhmon, Tajik President. (Photo: Press service of President of Republic of Tajikistan)
    President of Uzbekistan, Shavkat Mirziyoyev (left) with Emomali Rakhmon, Tajik President. (Photo: Press service of President of Republic of Tajikistan)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега амалга оширган ташрифи Тошкент ва Душанбе ўртасидаги алоқаларни яхшиланишига қаратилган муҳим қадам бўлди.

Икки мамлакат ўртасида яқин этник ва маданий алоқалар бўлишига қарамасдан, Совет Иттифоқи қулагач, ушбу давлатлар алоқалари танг ҳолатда эди. Бунга айниқса Ўзбекистоннинг олдинги етакчиси Ислом Каримовнинг адоватли муносабати сабаб бўлганди. Мирзиёев эса 18 йил ичида Душанбега ташриф буюрган илк ўзбек президенти бўлди.

Мирзиёев 2016 йил сентябрь ойида Каримов ўлимидан сўнг ҳокимиятга келгач, ташқи алоқаларни яхшилашни ўз сиёсатининг марказий нуқтаси қилиб белгилади.

Ўтган йил сентябрь ойида у Бишкек шаҳрига расмий ташриф билан борди ва  чегара масалалари бўйича келишувига эришди, шунингдек иқтисодий алоқалар янгилангани ҳақида эълон қилди.

Мирзиёевнинг 9 март куни Тожикистонга амалга оширган ташрифи чоғида унга ўзбек сиёсатчилари, тадбиркорлар ва ҳатто эстрада юлдузлари ҳамроҳ бўлишди. У ерда икки давлат президентлари бир қатор шов-шувли келишувларга эришди.

Жумладан туризм муаммоларини енгиллаштириш бўйича чора-тадбирлар, яъни икки томонлама визасиз режимни жорий қилиш  ва икки давлат чегарасидаги 16 та ўтказиш пунктларини аста-секин очиш масалалари муҳокама қилинди. Ўтган йилнинг апрел ойида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги авиа қатнов қайта тикланди.

Тантанали маросимда Тожикистоннинг Хатлон вилоятини Ўзбекистоннинг Сурхандарё вилояти билан боғловчи Ғалаба-Амузанг-Хушади темир йўл тармоғи қайта тикланди.

Тожик амалдорларининг айтишларича, ушбу темир йўл тармоғи бўйлаб йилига 5 миллион тоннагача бўлган юклар олиб ўтилади ва уч миллионга яқин аҳолиси бўлган вилоятни иқтисодий ҳолатини яхшилашга ёрдам беради.

Матбуот конференциясида Мирзиёев шундай деди: "Бугун эришилган тарихий келишувлар нафақат халқларимиз, балки бутун минтақа учун муҳим аҳамиятга эга".

Эмомали Раҳмон эса ташриф доирасида эришилган келишувлар ўзбек-тожик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам асос бўлишини таъкидлаб ўтди.

"Бугун биз охирги йигирма йилдан кўп муддат йиғилиб қолган деярли барча муаммоларнинг ечимини топдик", - деди у.

Душанбелик сиёсатшунос Парвиз Мулложоновнинг фикрига кўра, Мирзиёев ушбу ташрифни ўзининг ташқи алоқаларни ривожлантириш стратегияси доирасида амалга оширган.

"Каримов даврида Ўзбекистон геосиёсий ва иқтисодий изоляция ҳолатида қолиб кетди, ва бу ўзбек иқтисодиёти учун жуда зарарли эди. Ҳозир қўшнилар билан алоқаларни тиклаш жараёни кетаяпти, ва Тожикистонни алоҳида ажратиб кўрсатиш нотўғри", - дейди сиёсатшунос.

Икки томонлама иқтисодий алоқаларга ҳам ташриф чоғида алоҳида урғу берилди. Икки мамлакат ўртасида савдо ҳажми 2016 йилдан кейин тобора ўсиб борди ва бугунги кунга келиб, Тожикистон саноат вазирлиги маълумотига кўра, 120 миллион АҚШ долларига етди.

Ташриф чоғида Раҳмон икки томонлама савдо ҳажми йилига 500 миллион долларгача ўсишига умид билдирди.

Мирзиёев ташрифи чоғида Душанбеда савдо кўргазмаси ўтказилди. Унда қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва енгил саноат соҳаларида юзга яқин ўзбек корхоналари қатнашди.

Тошкент ўзбек-тожик қўшма корхоналарига 100 миллион доллар ажратишга ваъда берди. Душанбелик эксперт Парвиз Муллажоновнинг фикрига кўра, тожик тадбиркорлари бундан жиддий фойда кўришлари қийин бўлади, чунки иқтисод арзон импорт олдида жуда заиф.

Тожикистон иқтисоди ўзбек иқтисодига қараганда етарлича диверсификациялашмаган, ва экспорт асосан ишланмаган оғир саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан ташкил топган. Ўзбекистон эса Тожикистонга товарлар, жумладан автомобиллар, маиший ва саноат техникаси, ва шунингдек озиқ-овқат саноати маҳсулотлари сотувини йўлга қўйиб улгурди.

"Озиқ-овқат саноати, егил саноат ва индустриализация даврида ишлаши керак бўлган хўжаликларни қандай қилиб ҳимоя қилиш ва қўллаб қувватлаш масаласи илгари сурилиши керак, - дейди Муллажонов. - Ўзбекистон бошида маҳаллий конкурентларни сиқиб чиқариш учун ўз маҳсулотларини паст нархда баҳолаши мумкин. Тожикистон иқтисоди учун бу катта хавф туғдириши мумкин".

Сув муаммосига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Марказий Осиёда асосий сув ресурсларига эга бўлган Қирғизистон ва Тожикистон гидроэнергетик иншоотларини тараққий эттиришни хоҳлар эди. Бу масала оқим бўйлаб пастда жойлашган давлатларни хавотирга соларди. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ўзларининг муҳим ирригацион ресурсларини йўқотишдан қўрқарди.

Пахтани қайта ишлаш саноатига боғлиқ бўлган Ўзбекистон ушбу лойиҳага қарши чиққанди. 2014 йил Каримов ҳатто Марказий Осиёда сув учун уруш бошланиб кетиши ҳақида огоҳлантирганди.

Мирзиёев бошқача йўл тутди. Бишкекка ташрифи чоғида Мирзиёев икки давлат Қумробот ГЭС лойиҳаси бўйича ҳамкорлик қилиши мумкинлигини таъкидлади. Қирғизистон ушбу гидроэлектростанцияни Норин дарёсида қурмоқчи. Тошкент бу лойиҳа қишлоқ хўжалиги учун муҳим бўлган сув таъминотини издан чиқаришини таъкидлаб, қурилишга қарши чиққанди.

Ўтган ой Душанбеда матбуот анжуманида Раҳмон Ўзбекистоннинг Тожикистонда гидроэнергетик иншоотларни ривожлантириш масаласи бўйича кўрсатаётган ёрдамини олқишлаши ҳақида хабар берган эди.

Ушбу иншоотлар орасида Роғун ГЭСи ҳам бор. Бу улкан лойиҳа Тожикистоннинг энергетика билан боғлиқ муаммоларини бир зумда ечиши керак, лекин бунинг учун улкан сув заҳираларидан фойдаланилади ва бу Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларини ирригацион сувдан маҳрум қилиши мумкин.

"Мавжуд бўлган ва қурилиши режалаштирилаётган гидроэнергетик иншоотлар минтақадаги сув-энергетика муаммоларининг ечилишига ёрдам беради. Мен энг баланд минбарларда, жумладан ООНда, ва шунингдек мамлакат Парламентига қилган мурожаатларимда Тожикистон сувдан фойдаланиш борасида қўшниларига муаммо туғдирмагани ва бундан кейин ҳам туғдирмаслиги ҳақида бир неча бор баён қилганман. Биз ҳеч қачон қўшниларимизни сувсиз қолдирмаймиз", - деди Раҳмон.

Тошкентлик сиёсатшунос Фарход Толиповнинг фикрича, Тожикистон Роғун ГЭСини қуришни 2016 йилнинг сентябридан, Ўзбекистон билан бемаслаҳат, қайтадан бошлаган.

"Ўзбекистон ушбу вазиятни кескинлаштирмади. Ўзбекистон томонидан муносабат билдирилмагани муаммо ечимини топди, дегани эмас. Бу ҳали қийин масала", - деди Толипов.

Сиёсатшуноснинг таъкидлашича, Ўзбекистон кам сув талаб қиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва ўз ирригацион тизимини модернизация қилиш ҳақида стратегик қарорга келган.

"Мирзиёев келганидан сўнг Ўзбекистон пахта етиштириш сиёсатини модификация қилди. Каримов даврида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти пахтага боғлиқ эди. Пахта плантацияларини кескин камайтириш ва бўшаган майдонга мева ва сабзавотлар экишга қарор қилинди. Бу дегани, суғориш учун камроқ сув ишлатилади", - деди Толипов.

Лекин сиёсатшунос келажакда ҳамкорлик ривожланиши, ва агар алоқалар яхшиланиб борса, сув объектини икки давлат биргаликда қуриш эҳтимоли борлигини ҳам таъкидлайди.