Президент сайловларга тайёргарлик кўрмоқдами?

Президент сайловларга тайёргарлик кўрмоқдами?

Friday, 29 June, 2007
, Каримов яқинда вилоятларга қилган сафарини кузатувчилар сайловолди кампаниясига тайёрланиш, дея баҳоламоқдалар.



Ўзбекистонда кейинги сайловлар атрофидаги аҳвол ҳанузгача мавҳумлигича қолмоқда. Конституцияга мувофиқ сайловлар амалдаги президентнинг етти йиллик ваколати битганида ўтказилади.



1991-йилдан бери ҳукмронлик қилаётган президент Каримовнинг охири инаугурацияси 2000-йилнинг январида бўлган эди. Яъни, келаси президентлик сайловлари 2007-йилнинг декабрида ўтказилаётганида президент Каримов ўз курсисини саккиз йил эгаллаётган бўлади.



Ўз ваколатлари шу йилнинг декабр ойида битишига қарамасдан Ислом Каримов сайловлар қай тарзда ўтиши ҳақида бирон нарса эълон қилмади. Жорий қонунларда бир шахснинг президентлик ўрнини икки мартадан ортиқ эгаллаши кўзда тутилмаган бўлсада, NBCA кузатувчилари Каримов кейинги сайловларда ҳам қатнашиши мумкинлиги эҳтимолдан ҳоли эмаслигини айтадилар.



Ўтган ҳафтада президент Ислом Каримов мамлакатнинг жанубий-шарқидаги Наманган ва Андижон вилоятларига сафар қилди ва маҳаллий аҳоли билан учрашди. Ушбу ташриф президент май ойида бошлаган сафарларининг давоми бўлди. Олдинроқ Ислом Каримов Қорақалпоғистон автоном республикасига, Бухоро, Хоразм ва Навои вилоятларига сафар қилган эди.



Сафари чоғида деҳқонлар билан суҳбат давомида 2005-йилнинг Андижон воқеаларига тўхталар экан, Каримов “андижонликлар шундай бир имтиҳон пайтида турфа ёлғонларга, қўпорувчилик ҳаракатларига қарши руҳларининг мустаҳкамлигини кўрсатдилар ва бўлиб ўтаётган воқеаларга нисбатан ўз фикрлари бор эканини исботладилар”, дея иқтибос келтиради ЎзА агентлиги.



2005-йилнинг 13-май куни ҳукумат аскарлари намойишга чиққан Андижон аҳолисини ўққа тутган. Расмийларнинг таъкидлашларича, намойишга чиққанларнинг аксарияти террорчилик гуруҳларига алоқали жангарилар бўлган ва жорий конституцион тизимни қўпоришни режалаштирганлар.



Бошқа хабарларга кўра, Андижон аҳолиси маҳаллий бир неча ишбилармонга нисбатан одил суд бўлишини талаб қилиб чиқишган ва намойишнинг шафқатсизларча бартараф қилиниши юзлаган бегуноҳ одамларнинг вафотига олиб келди.



Охирги сафарлар чоғида президент фақатгина оддий фуқаро, яъни фермерлар, деҳқонлар ва завод ишчилари билангина учрашиш билан чекланган. Кузатувчиларнинг таъкидлашларича, бундай ҳаракат сайловолди кампаниясига тайёргарликни эслатади.



“Бу шунчаки режадаги бир сафар эмас, балки аҳолининг келаси сайловларга нисбатан фикрини ўрганишга қаратилган бир тадбир», - дея таъкид қилади NBCAнинг Ўзбекистон Миллий Нажот Қўмитасидаги манбаси.



NBCAнинг Тошкентдаги таҳлилчисининг айтишича, регионларда сайловолди кампанияга ўхшаш учрашувлар Каримовнинг декабр сайловларида қатнашиш эҳтимоли катта эканидан далолат.



“Президентнинг сафарлари расман оддий танишиш сафарлари эканлиги айтилаётган бўлсада, аслида регионларга бир-бир ташрифлар президентлик сайловолди кампаниясининг бошланишидир”, - деб фикр билдиради таҳлилчи.



(NBCA ҳудуддан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади)

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists