Ўзбекистон: Молия оқимлари устидан назорат кучаймоқда
Ўзбекистон: Молия оқимлари устидан назорат кучаймоқда
Жорий йилнинг 2 ноябрь куни республикада жиноий фаолият ортидан олинган даромадларни легаллаштиришга ва тижорат банкларида терроризмни молиялаштиришга қарши кураш бўйича Ички назорат қоидаси кучга кирди
Барча банкларда ички назорат хизматлари тузилмоқда. Улар пул операцияларининг мониторингини ўтказиш ваколатига эга. Молиявий маблағларнинг жиноий келиб чиқишига гумон пайдо бўлиши биланоқ, улар бу ҳақда Бош прокуратура қошидаги тегишли идораларга маълум қилишлари лозим.
Киритилаётган янгиликлар Ўзбекистон Республикасининг “Жиноий фаолият ортидан олинган даромадларни легаллаштиришга ва тижорат банкларида терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тўғрисида” Қонунини амалга ошириш бўйича қабул қилинган чоралар мажмуасидан келиб чиқади. Бу қонунга ўзгартишлар 2009 йилнинг апрель ойида киритилган эди.
Ўзбекистон кўп йиллардан бери исломий экстремизмига, ўз ҳудудида пайдо бўлаётган Ҳизбут-Таҳрир ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг радикал жангарилар гуруҳларига қарши кураш олиб бормоқда.
Жорий йилнинг 25 май куни бир гуруҳ қуролланган жангарилар Андижон вилоятидаги Қирғизистоннинг жанубий чегарасидан унча узоқ бўлмаган Хонобод шаҳрига кираверишда жойлашган чегараолди блокпостига ҳамда шаҳар ички ишлар бўлими ва Миллий хавфсизлик хизмати биносига қуролли ҳужум содир этганларидан кейин расмийларнинг хавотирлари янада кучайиб кетди.
Расмийлар молиявий оқимлар устидан назоратни кучайтириб, аксилтеррорчиликга қарши курашда сезиларли натижаларга эришишга умид қилмоқдалар.
Бироқ, пул маблағлари ҳаракатланиши тўғрисидаги мониторинг ва тегишли идораларга ахборот узатишнинг янги тартиби Ўзбекистон жамиятининг бошқа қисмида хавотир уйғота бошлади.
Мисол учун, нодавлат сектор ходимлари молия оқимлари устидан назоратнинг бундай кучайиши ортидан нодавлат ташкилотларига босимнинг янада кучайишига олиб келади, дея ҳисобламоқда.
“Улар [расмийлар] нодавлат ташкилотларининг фаолиятига сунъий тўсиқлар қўя бошлайдилар, - дея ҳаяжонланади “Эзулик” ҳуқуқ ҳимоя жамиятининг вакили Абдураҳмон Ташанов. Бу йирик ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг мамлакатдаги барча вилоятларида шохобчалари бор. – Кўп ҳолларда бизнинг лойиҳаларимиз чет элдан олинадиган грантлар кўмагида амалга оширилади. Энди мен бундан буён хотиржам ишлашимизга ишонмай қолдим”.
Айни пайтда Ўзбекистонда аёллар, экологик ва ҳуқуқ ҳимоя нодавлат ташкилотлари ишлаяпти. Улар чет эл ташкилотларининг грантлари асосида фаолият юритмоқда ва шунинг учун ҳам чет эллик ҳомийлар билан алоқада бўлган “ишончдан қолган” шахслар сифатида махсус хизматларининг доимий нишони остида қолмоқдалар.
“Ўзбекистон Бош прокуратураси қошидаги Молиявий мониторинг хизмати ҳеч қаерга йўқолгани йўқ ва ўз фаолиятини тўхтатмади, - дея таъкидлайди маҳаллий шарҳловчилардан бири. – Яна бир қўшимча назорат идорасини тузишнинг нима кераги бор экан?”
Ташанов “янги назоратчилар” ўзларининг диққат-эътиборларини кўпроқ баъзида чет элдан грант ёрдами ва гонорар олаётан мустақил журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва бошқа ўзгача фикрловчи фуқароларда жамлашларидан хавотирланмоқда.
“Улар [расмийлар] бизнинг ишимизга таъсир ўтказиш учун қўшимча босим воситасига эга бўлдилар ва бундан бизнинг фаолиятмизни кўпроқ назорат қилиш учун фойдаланиб борадилар”, - дея қўшиб қўйди ҳуқуқ ҳимоячи.
Эҳтиёт чоралар жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштиришнинг олдини олишга кўмак беради, дея мубоҳасани давом этадилар шарҳловчилар, бироқ, банкларга мижозлардан келадиган пул оқими қисқариши мумкин. Негаки, бундан кейин одамлар банк сири бузилишидан хавотирга тушадилар, ахир, тижорат банклари бундан буён ўз омонатчилари ҳақидаги барча маълумотларни тегишли идораларга етказишга мажбурлар.
“Кимга ҳам ёқарди, ўзининг ҳар бир сўмини расмийлар, айниқса ҳуқуқ-тартибот идораларининг назорати остига тушишини? – дейди фарғоналик эксперт Абдусалом Эргашев. – Янги қоида амал қила бошлаганидан кейин нафақат бизнесменлар, балки оддий фуқаролар ҳам банкларда ҳисоб рақамлари очмайдилар ва уларга катта пул қўймайдилар”.
Бироқ, сўралганларнинг ҳаммаси ҳам бу каби пессимистик кайфиятда эмаслар. Баъзилар бундан ортиқча хавфсирамаслик керак, негаки, пулдор ўзбекистонликлар ўз омонатларини маҳаллий банкларга топширмай қўйганларига анча бўлган, деган фикрдалар. Уларга кўра, кўпчилик давлатманд одамлар ўзбек банкларига ишонмай қўйганларидан ўз сармояларини аллақачон қўшни мамлакатларга олиб чиқиб кетганлар.
“Танишларимдан кўпчилиги ўз сармояларини ўзбек банкларида сақлаб бўлмаслигини тўрт-беш йил илгари тушуниб қолишган, - дейди суҳбатга қўшилган тошкентлик тадбиркор. – Улар аллақачон чет элда кўчмас мулк сотиб олганлар ва ўз сармояларини Россия, Қозоғистондаги бизнесга ётқизганлар. Ахир, Ўзбекистонда яшаб туриб эртага бошинга қандай кунлар тушишини билмайсан-ку!”
NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)