Ўзбекистон: сиёсий маҳбуслар инсонпарварларча ҳаракатни кутишмоқда
Ўзбекистон: сиёсий маҳбуслар инсонпарварларча ҳаракатни кутишмоқда
Ўзбек ҳуқуқ фаоллари таниқли маҳбус, диссидент шоир Юсуф Жуманинг қамоқдан озод қилинишини жорий йилда расмийлар йўқ деганда бир неча сиёсий маҳбусни озод қилиши умиди билан қарши олдилар.
18 май куни Юсуф Жума 64/71 рақамли “Жаслиқ” колониясидан озод қилинди. Шоир Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги нишонланиши муносабати билан эълон қилинган амнистия актига мувофиқ равишда қамоқдан чиқарилди. Озодликка чиққач, у қизи Феруза ва набираси билан биргаликда оиласи қочқинликда яшаётган АҚШнинг Кентукки штатига учиб кетди.
Юсуф Жума 2008 йили Жиноий кодекснинг “Ҳақорат”, “Қасддан тан жароҳати етказиш”, “Фуқаролик бурчини бажараётган ҳокимият вакили ёки шахсга қаршилик кўрсатиш” каби уч моддаси бўйича беш йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Бироқ ўтган давр мобайнида ҳуқуқ фаоллари таниқли шоирнинг иши сиёсийлаштирилгани ҳамда у Ислом Каримовнинг 2007 йили навбатдаги муддатга президент этиб сайланишини конституцияга зид ҳаракат дея ўтказган пикетлари ва амалдаги режим сиёсатини танқид қилган шеърлари учун қамоққа олинганини такрорлаб келганлар.
Ўзбекистондаги шарҳловчилар Юсуф Жуманинг авф этилишини 2009 йил ноябрь ойида тўрт йиллик қамоқ жазосидан сўнг озод қилинган бошқа бир кўзга кўринган мухолифатчи, виждон тутқуни ва “Серқуёш Ўзбекистон” коалициясининг раҳбари Санжар Умаров озодликка чиққанидан сўнг ўзбек расмийларининг Ғарбга сезиларли ён бериши, дея атамоқдалар.
Ўша пайтда бўлгани каби бу сафар ҳам шоирнинг озод қилинишида АҚШ
маъмуриятининг Ўзбекистон раҳбариятига ўтказган босими сезиларли роль ўйнади.
Тошкентлик сиёсий таҳлилчи Юсуф Жуманинг озод қилиниши 30 май куни АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ўринбосари Сюзан Эллиоттнинг Ўзбекистонга ташриф буюриши ва Тошкентда Европа Иттифоқи ваколатхонаси иш бошлаши арафасида содир бўлганини қайд этади. Шунинг учун ҳам диссидент шоирнинг амнистияга чиқарилишини Ғарбга такаллуф сифатида баҳолаш мумкин.
Тошкентдаги “Эзгулик” ҳуқуқни ҳимоя қилиш жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов ҳозир расмийлар халқаро ҳамжамият олдида ялтоқилик қилаётганини айтади.
“Президент Каримовга нисбатан босим кучайиб бораяпти, боз устига, АҚШ Ўзбекистонга демократик қадриятларга содиқлигини намойиш қилган янги элчи Жорж Кролни юбормоқда”, - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозов эндиликда қамоқ дарвозалари ўзбек халқининг бошқа ватанпарвар маҳбуслари учун ҳам очилишига умид қилади.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ихтиёрларида расмийларнинг ўзгача фикрловчи маҳбусларга оид баъзи амнистия актларини ҳозирлаётгани тўғрисидаги маълумотлар борлигини айтмоқдалар.
Ҳуқуқ фаоллари маълумотларига кўра, жорий йилда Қашқадарё вилоятидаги қамоқда 12 йиллик жазо муддатини ўтаётган, оғир силга чалинган мухолифатчи Мурод Жўраев ҳамда 1994 йили судланган ва Зарафшондаги колонияда қамоқ жазосини ўтаётган мухолифатчи Муҳаммаджон Бекжонлар амнистияга тушиши мумкин.
Amnesty international халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти маълумотларига мувофиқ, ўзбек қамоқхоналарида сиёсий сабабга кўра қамалган 15 мингдан зиёд маҳбус қолмоқда. Улар орасида журналист Солижон Абдураҳмонов, ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саййид, Аъзам Турғунов, ОИТВ/ОИТСга қарши кураш бўйича фаол Максим Попов ва
бошқалар бор.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.