Ўзбекистон раҳбари ислоҳотлардан хавфсиз келажак учун фойдаланмоқда
Бир қарашда президент ваколатларини қисқартиргандек туюлувчи конституциявий тузатишлар аслида унинг узоқ муддатли сиёсий мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, ўзгаришлар бўйича озгина бўлса-да умид уйғотмайди.
Ўзбекистон раҳбари ислоҳотлардан хавфсиз келажак учун фойдаланмоқда
Бир қарашда президент ваколатларини қисқартиргандек туюлувчи конституциявий тузатишлар аслида унинг узоқ муддатли сиёсий мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, ўзгаришлар бўйича озгина бўлса-да умид уйғотмайди.
Таҳлилчилар парламентга кўпроқ ваколатлар бериш ва президент ҳокимияти топширилиши янги йўсинларини кўзда тутувчи Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгартишлар асосан мамлакатнинг амалдаги раҳбари Ислом Каримов мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган, деб ҳисоблайдилар.
Дастлабки тасаввур бўйича таклиф қилинган янгиликлар демократия сари қўйилган эҳтиёткорона қадамга ўхшаб кўринади. 12 ноябрь куни парламент олдидаги чиқишида ислоҳотларни тақдим қиларкан, прsезидент Каримов сайлов натижаларига кўра парламентда кўпроқ ўринни эгаллаган сиёсий партия ёки блок бош вазир номзодини кўрсатишини айтди. Ҳозир бу ҳуқуқ президентнинг ўзида. Шунингдек, парламент бош вазир истеъфосини талаб қилиш ваколатига ҳам эга бўлади. Ҳукумат эса ҳозирда фақат президент шуғулланаётган иқтисодиёт ва ижтимоий масалалар каби соҳаларга тўла жавобгар бўлади.
Бу ўзгаришлар, Каримовнинг сўзларига кўра, ҳокимиятнинг президентлик, қонун чиқариш ва ижроия бутоқлари ўртасида ваколатларни мувозанатлироқ тақсимлашни амалга ошириш учун жорий этилмоқда. Парламентга катта ваколатларни бериш “мамлакатни ислоҳ қилиш ва демократлаштиришда янги босқич”ни англатади, деди у.
Бошқа бир муҳим ўзгариш давлат раҳбари ўлими муносабати билан ёки у ўз вазифасини бажаришга қодир бўлмай қолганда янги давлат раҳбарини сайлаш тартибига дохилдир. Мавжуд қонунчиликка кўра, парламент аъзолари янги сайловлар ўтгунча ўзларининг ораларидан президент вазифасини вақтинча ўтовчи кишини сайлашлари лозим. Эндиликда Каримов бундай ҳолатда президентлик ваколатлари вақтинча Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси бўлмиш Сенат раисига ўтишини, шундан сўнг уч ой мобайнида сайлов ўтказишни таклиф қилмоқда.
Президентнинг бу борадаги асл нияти сирлигича қолди. IWPR томонидан сўралган қатор таҳлилчилар, гарчи шу тобда президентнинг кетиши ҳақида сўз кетмаётган бўлса-да, у ўша пайтга тайёргарлик кўраяпти, деб ҳисоблайдилар. Бошқа таҳлилчилар эса Каримовнинг атрофидаги кишилар ҳокимиятнинг ҳар қандай йўл билан топширилиши ортиқча талотумсиз ўтишига ишонч ҳосил қилиш учун ўз сиёсий келажаги кафолатланишини талаб қилаяпти, дея тахмин қиладилар.
Ўзбекистон парламентининг исми ошкор қилинишини истамаган аъзоси сиёсий элита, умуман олганда, Каримов ҳақиқатан ҳам лавозимдан кетган тақдирда қандай ҳаракат қилиш вариантларини кўриб чиқаётганини таъкидлайди. Янги ўзгаришлар узоқ муддатни кўзлаб режалаштирилаётгани аниқ.
Бир неча йил олдин, дея хотирлайди у, собиқ президентга Сенат ва Конституциявий судда бир умрлик ўрин беришни кўзда тутувчи қонун қабул қилинганди. Ўша пайтда бу Каримов лавозимидан кетишни ўйлаётганининг аломати ўлароқ нотўғри баҳоланганди.
“Агар бу силлиққина кетиш режаси бўлганида, у аллақачон амалга ошиши лозим эди, аммо ўшандан буён неча йил ўтса ҳамки, президентимиз ўзгаргани йўқ”, - деди у.
Бунинг ўрнига, дейди у, Каримов ҳатто президентлик лавозимидан истеъфо берган тақдирда ҳам ўзини сиёсий ҳокимият билан таъминлаш учун маневрлар ўтказмоқда.
“У келажакда сенаторга айланади ва парламентга оқсоқол сифатида ҳукм ўтказади ҳамда [бош вазирликка] қайси номзодни кўрсатишни ва қачон ишончсизлик вотумини эълон қилишни тавсия қилади”, - деди парламент аъзоси.
Исми махфий қолишини истаган тошкентлик сиёсатшунос ислоҳотлар Каримовнинг ўзидан чиқиши мумкинлигини, чунки президентда ўзи сиёсий саҳнадан кетганидан кейин кучли меросхўр келиши унинг фойдасига эмаслиги ҳақида ўй пайдо бўлганини айтади.
“Балки у бир шахсда тамсилланган тизим барқарор бўлолмай қолиши мумкинлигини англагандир”, - деди сиёсатшунос.
Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов бунга ўхшаш мисолдан бошқа бир хулоса чиқариш учун фойдаланди: аслини олганда, ҳеч нарса ўзгараётгани йўқ. У IWPRга аввалроқ берган интервьюсида президентнинг партияларга парламент мухолифатини ташкил этишга имкон берувчи ташаббусини эслатганди. Шунга қарамай, деди у, “парламентда мухолифат фракциялари ҳалигача йўқ”.
Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев ислоҳот ўлароқ тақдим этилган ғоялар аслида бор-йўғи президентга керак бўлган келажакни шакллантириш учун механизм бўлиб ҳисобланиши ҳақидаги фикрларга қўшилади.
“Каримов ўзи яратган сиёсий тизимни сақлаб қолиш ва ворисликни таъминлаш механизми ҳақида ҳозирданоқ ўйлаш зарурлигини жуда яхши англайди, - дейди Сатпаев. – Бу, биринчидан, бевосита унинг оиласи хавфсизлиги билан, иккинчидан, нафақат ўзи ва оиласи, балки Каримов атрофидаги яқин кишилари эга бўлган мол-мулк хавфсизлиги билан боғлиқ”.
Каримовнинг стратегияси, деди у, ўзи бошчилигидаги партия устиворлик қиладиган парламент ваколатларини мустаҳкамлаш орқали кейинги президент ваколатларини камайтиришда акс этади.
Ҳозир хорижда яшовчи ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев бу ислоҳотни сиёсий элита гуруҳларининг қатор талабларини қондириб, айни пайтда улардан бирортасининг ҳам олдинга чиқиб олишига йўл қўймасликка йўналтирилган “бўлиб ол ва бошқар” қабилидаги тадбир, деб ҳисоблайди.
“Каримов ҳар доим аймоқлар рақобати ва курашига асосланиб иш юритиб келган, уларни зарбаларга дучор қилган ҳамда муваққат яқинларининг қўли билан ишончсиз кишиларни жазолаган ва йўқ қилган”, - деди у.
Шу нисбатда Илгизар Собировдай унча таниқли бўлмаган шахс, гарчи 2006 йилдан буён Сенатга раислик қилаётган бўлса-да, ўтиш даври фигурасига ўхшайди. У Тошкент, Фарғона ва Самарқанд аймоқларидан кўра таъсири камроқ бўлган Хоразм сиёсий гуруҳи ёки “аймоғи” билан боғлиқ.
Каримов сиёсий саҳнани тарк этган тақдирда унинг ўрнини Собиров эгалланган бўларди, бироқ бу лавозимда собит қола олиш учун унга қўллов етишмасди, дейди Йўлдошев. Собировни сиёсий ўйинга киритиш, Каримов ўйича, ҳаддан зиёд таъсирли фигурага айланган бош вазир Шавкат Мирзиёевни четлаштириш йўли бўлиши мумкин.
“Хўжайин”нинг ишончига усталик билан кириб олган, унинг раҳбарлик услубига, ўзини тутишига тақлид қилган Мирзиёев авваллари ўз сиёсий амбицияларини ҳаммага намойиш қилиб ўтирмасди, бироқ давлат аппарати ва иқтисодий жабҳада ўз мавқеини босқичма-босқич мустаҳкамлаб олганидан сўнг у аста-секинлик билан ўз командасини йиға бошлади, бу эса, афтидан, рақиблар назаридан четда қолмаган ва улар буни доҳийга етказганлар”, - деди Йўлдошев.
Озарбайжондаги Халқаро алоқалар университетида кафедра мудири бўлиб ишловчи Ровшан Ибрагимов Каримовнинг истеъфоси ҳақидаги ҳар қанақанги гаплар “подадан олдин чанг чиқариш”га ўхшашини айтади.
“Бунда ўтиш даври, замин ҳозирлаш бўлаяпти, - деди у, - ҳозир постсовет ҳудудидаги барча лидерлар ана шу билан ҳалаклар”.
Ўзбекистон парламенти президент Каримов томонидан таклиф этилаётганларни маъқуллашига шак-шубҳа йўқ.
Йўлдошев сўзларига кўра, Каримов шунчалик қудратлики, то у тирик экан, ҳеч ким у билан рақобатлашишга журъат қилолмайди.
“Каримовнинг нима қилиши мумкинлигини олдиндан айтиб бўлмайди. У истаса, кадрларни бир неча марта алмаштириши, ўйин қоидаларини ўзгартириши, ўзи хоҳлаган пайтда янги талабларни қўйиши мумкин, - деди таҳлилчи. – Каримовнинг умри охиригача мамлакат ҳаётида, парламент ва ҳукумат ишида, оммавий ахборот воситалари, суд тизими фаолиятида, бош вазир тайинланиши ва унинг истеъфога чиқарилишида ҳеч қанақа реал ўзгариш кутиб бўлмайди”.
Инга Сикорская, IWPRнинг Туркманистон ва Ўзбекистон бўйича бош муҳаррири.
Мазкур мақола IWPRнинг Европа Комиссияси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиёда оммавий ахборот воситалари орқали инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва ҳуқуқий таълим” ҳамда Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан молиялаштириладиган “Ҳуқуқни ҳимоя қилиш масалалари, зиддиятларни ёритиш ва ишончни мустаҳкамлаш бўйича ахборот дастури” лойиҳалари доирасида тайёрланган.
IWPR Европа Иттифоқи мамлакатлари ёки Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги қарашларини мутлақо акс эттирмайдиган мазкур мақола мазмуни учун масъулиятни тўлалигича ўз зиммасига олади.