Ўзбекистон президенти расмий ташриф билан Қозоғистонга боради

Ўзбекистон президенти расмий ташриф билан Қозоғистонга боради

6-7 сентябрь кунлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримов расмий ташриф билан Қозоғистонга боради, дея хабар қилади Қазинформ ахборот агентлиги.

Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчиси Бўрибай Жексембин сўзларига кўра, бўлажак ташриф “икки давлат лидерлари доимий учрашувларининг мантиқий давоми бўлиб, у минтақадаги долзарб масалалар ечимини топиш имконини беради”.

Бўлажак ташриф кун тартибига оид бошқа тафсилотлар маълум қилинмаяпти.

NBCentralAsia экспертлари Марказий Осиёдаги икки йирик мамлакат лидерлари музокаралари диққат марказида Тошкент ва Остонани қаттиқ безовта қилаётган ички хавф-хатарлар ҳамда иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш бўлади, деб ҳисоблайдилар.

“Бугунги кунда ҳал қилиш лозим бўлган глобал вазифалар бор”, - деди NBCAга Олмаотадаги “Аналитические ресурси” студияси директори Павел Грудницкий.

Ҳал қилиш талаб қилинаётган асосий муаммолар қаторида сиёсатшунослар сўнгги пайтларда Қозоғистонда ўзини кўрсата бошлаган ҳамда Ўзбекистон анчадан буён курашаётган радикал гуруҳларнинг фаоллашувини; июль-август ойларида митингчилар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида содир бўлган ва қурбонсиз бўлмаган қуролли тўқнашувлар юз бермиш Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги воқеаларни санамоқдалар.

Назарбоев ва Каримов Афғонистондан аксилтеррорчилик коалицияси қўшинларининг олиб чиқилиши билан боғлиқ ҳолда истиқболдаги икки йил ичида Марказий Осиёнинг ўзгараётган ролини ҳам эътиборсиз қолдирмайдилар.

Бошқа шарҳловчилар эса Тошкент ва Остона кўпроқ қўшма энергетик лойиҳаларни амалга оширишга қизиқаётганини айтдилар. 2012 йил охиридан Тошкент ҳозирда фақат туркман гази транзит қилинаётган Туркманистон-Ўзбекистон-Қозоғистон-Хитой қувури бўйлаб ўзининг 4 миллиард куб метр табиий газини ҳайдай бошлаш ниятида.

Сўнгги бор Ўзбекистон ва Қозоғистон лидерлари иккитомонлама мулоқот даражасида 2010 йили Нурсултон Назарбоевнинг Тошкентга расмий ташрифи чоғида учрашгандилар.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.


 

Conflict
Frontline Updates
Support local journalists