Ўзбекистон: Этник русларнинг Россияга кўчишларида ҳозирча истиқбол йўқ

Ўзбекистон: Этник русларнинг Россияга кўчишларида ҳозирча истиқбол йўқ

Monday, 27 April, 2009
, дея қайд этадилар NBCA шарҳловчилари.



Апрель ойида Россия Давлат думаси (парламентнинг қуйи палатаси) биринчи ўқишда 2009 йилга мамлакат бюджетига тузатишларни қабул қилди. Унда муҳожирлик сиёсати соҳасидаги харажатлар учдан бирига қисқартиш кўзда тутилмоқда. Қисқартирилаётган молиялаштиришнинг асосий қисми ватандошларнинг ихтиёрий равишда кўчиб келишлари бўйича дастурга тааллуқли бўлиб қолмоқда.



Эндиликда дастурни амалга ошириш учун аввал режалаштирилган 235 миллион доллар ўрнига бор-йўғи 53 миллион доллар сарфланади, холос.



Ватандошларни ихтиёрий равишда кўчиб келишларига кўмак бериш бўйича давлат дастури собиқ шўро республикаларида яшаётган малакали этник русларни жалб этиш мақсадида ҳамда уларни тарихий ватанларида жамлаш ва Россия иқтисодиётини кўтариш учун 2006 йилнинг ёз мавсумида қабул қилинган эди.



Дастур Россия аҳолиси ўртасида туғилишни рағбатлантириш, ўлим даражасини пасайтириш ва “мамлакат аҳолисининг миқдорини барқарорлаштиишга” қаратилган муҳожирликни тартибга солиш каби чоралар тизими билан кучайтирилган эди.



Россия ҳукуматининг қарорига мувофиқ, барча кўчиб келувчиларга йўлкира ҳақини тўлаш, уларга янги жойда жойлашишлари учун ҳар бир оила аъзосига бир ярим мингдан икки минг АҚШ долларигача тенг бўлган миқдорда ёрдам пули бериш, шунингдек, ишга жойлашгунларига қадар моддий нафақа тўланиши керак эди.



Молиялаштириш қисқарганидан сўнг 2009 йилда кўчиб келувчиларга барча дотациялар уч баробарига қисқаради.



Совет Иттифоқи 1991 йилда тарқаб кетганидан кейин Россиядан ташқарида 25 миллион этник руслар қолиб кетдилар. Уларнинг асосий қисми шу вақтдан бошлаб тарихий ватанларига қараб йўл ола бошладилар. Тошкентда жойлашган Рус тили ва адабиёти ўқитувчилари бирлашмасининг маълумотига кўра, Ўзбекистондан русларнинг “ҳар учтадан биттаси” чиқиб кетган. Айни пайтда аҳолиси 27 миллиондан ошиқ бўлган Ўзбекистон аҳолисининг 5,5 фоизини руслар ташкил этади.



Ўзбекистондаги таҳлилчиларнинг айтишларича, ихтиёрий кўчиб ўтувчилар дастурини молиялаштиришнинг қисқариши тарихий ватанларига кўчиб кетмоқчи бўлган этник руслар учун тормоз омили бўлиб қолади.



“Агар дастур тўлиғича молиялаштирилмай қўйилса, рус миллатига мансуб одамларнинг ўз кучлари билан кўчиб ўтишлари амри маҳол бўлиб қолади”, - дея қайд этади иқтисодий шарҳловчи.



Тошкентда истиқомат қилувчи 25 ёшли Ольга исмли аёл маҳаллий радиостанциялардан бирида овоз режиссери бўлиб ишлайди. Унга кўра, агар у Россияга кўчиб кетган тақдирда у ерда ишга осон жойлаша олади, негаки, унинг етарли малакаси бор.



Аммо тегишли давлат дотацияларисиз тарихий ватанда битта ойликка яшаш қийин бўлиб қолади.



“Агар кўчиб кетадиган бўлсам тез орада ўзимга хусусий турар-жой олишга кўзим етмайди”, - дея тахмин қилади у.



Тошкентлик бошқа суҳбатдош аёлга кўра, ватандошларни кўчиб ўтишига кўмак берувчи дастурни молиялаштиришнинг қисқариши рус миллатидаги одамларнинг Россияга кўчиб кетишига рағбатловчи омил бўлиб қолмайди.



“Нафақат турар-жой, балки одамларга ўхшаб тузук-қуруқ яшашга ҳам имконият бўлмайди, ахир нархларнинг баландлигига ҳам эътибор бериш керак”, - дея суҳбатга қўшилади Юля исмли ёш аёл.



Аммо шарҳловчилар Ўзбекистондаги этник русларнинг мамлакатни тарк этиш борасидаги “хоҳишлари жиддий”лигига ишора қилмоқдалар. Бордию, агар улар Россияга кўчиб кетадиган бўлсалар, маҳаллий меҳнат бозорида “ҳаридоргир” бўладилар. Негаки, ўзбекистонлик русларнинг аксарияти яхшигина касб тайёргарчилигига ва юқори малакага эгалар.



Ўзбекистондаги этник русларнинг аксарияти мамлакат Совет Иттифоқи таркибига киргган пайтларда қурилган йирик саноат корхоналарида банд бўлиб келганлар. Кейинчалик, мазкур корхоналарнинг кўпи ёпилиши билан кўпчилик мутахассислар ишсиз қолдилар.



“Кетишни истовчилар етарлигидан ошиқ”, - дея таъкидлайди иқтисодий шарҳловчи.



Аммо рус жамоасининг вакилларидан бўлган бошқа суҳбатдошларга кўра, Россияга кўчиб кетишда истиқбол йўқ. Негаки, кўчиб кетувчилар молиявий кўмакдан ташқари руҳий ва маънавий шароитларга муҳтож, аммо буни тарихий ватанда ҳозирча орзу қилса бўлади, холос.



Ўзбекистонлик рус пенсионер аёл Мария Васильевна Россияга кўчиб ўтган одамларнинг қайғули аҳволга тушиб қолишлари ҳақида кўп эшитган. Улар пул етишмаслиги ва давлат томонидан кўмакнинг йўқлиги қабатида оғир маънавий ва руҳий қийинчиликларни бошидан кечирганлар.



“Кўп йиллар давомида [уларни] бегоналар қаторида санаганлар ва адаптация жараёни жуда ҳам чўзилиб кетган”, - дея хулоса қилади пенсионер аёл.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)







Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists