Андрей Грозин: “Россиянинг Марказий Осиёдаги сиёсати борган сари кўп муваффақиятсизликка учрамоқда”

Андрей Грозин: “Россиянинг Марказий Осиёдаги сиёсати борган сари кўп муваффақиятсизликка учрамоқда”

Andrei Grozin. (Photo: IWPR)
Andrei Grozin. (Photo: IWPR)

13 апрел куни Давлат Думасида Россиянинг барча куч ишлатар тузилмалари вакиллари иштирокида ўтган “Марказий Осиё минтақаси: стратегик ҳамкорлик ва хавфсизлик муаммолари” номли ёпиқ тингловларда сиёсатчилар ва экспертлар Москванинг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясини тез орада ишлаб чиқиш заруратини муҳокама қилдилар. Унда турли вариантлар – иқтисодий лойиҳалардан бу мамлакатлар билан виза тартибини кучайтиришгача бўлган йўллар таклиф қилинди.

Мазкур мунозараларда иштирок этган россиялик етакчи эксперт, МДҲ мамлакатлари институтининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин NBCAга берган интервьюсида Россия сиёсатининг минтақага замонавий ёндошувлари ҳақида гапириб берди ҳамда бугунги кунда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон Кремлнинг энг кўп хавотирига сабаб бўлаётганини қайд этди.

Андрей Грозин: [Парламент тингловларида] сўзга чиққанларнинг кўпчилиги бу уч мамлакат, назокатлироқ қилиб айтганда, қандайдир кўнгилсизликлар юз бериши мумкин бўлган асосий номзод давлатлар бўлиб ҳисобланишини якдиллик билан таъкидладилар.

NBCA: Яъни Россия бу мамлакатларга таъсирини йўқотиб қўйиши мумкинлигини аниқ ҳис қилиб турибдими?

Грозин: Масалан, менда Россия томонидан [Марказий Осиёга нисбатан] ягона сиёсат йўқ, деган таассурот пайдо бўлди. Чункиҳамма, биринчи навбатда, бу мамлакатлардаги Россия манфаатлари ҳақида гапирди, улар Россия таъсири айниқса сўнгги 4 йил мобайнида жуда ўтириб қолганини, мингйиллик бўсағасида Россия таъсирининг мустаҳкамланиши бўйича мўлжалланган муҳтамал тенденциялар самара бермаганини эътироф этдилар.

Бундан ташқари, Россия элитаси орасида бу борада ихтилофлар бор. Ҳозирда Марказий Осиёга нисбатан уч ёндошув юзага келган. Кимдир темир парда билан ўзимизни ўраб олишимиз, бу минтақанинг Қозоғистондан ташқари ва агар Божхона иттифоқига ҳақиқатан киргудек бўлса, эҳтимол Қирғизистондан ҳам ташқари бошқа барча давлатлари билан қатъий виза тартибини жорий қилишимиз лозимлигини айтмоқда. Улар бошқа мамлакатлар билан чегараларни мустаҳкамлаб, шу йўл билан ноқонуний миграция ва банг моддалари транзити оқимини тўсишни таклиф қилдилар.

Иқтисодий блок ва қисман куч ишлатар тизимлар вакиллари (мен Мудофаа вазирлигини назарда тутаяпман) бошқачароқ ёндошувни таклиф қилдилар. Улар Россия таъсирини мустаҳкамлаш бўйича босқичма-босқич ишлаш зарур, деб ҳисоблайдилар. Яъни, улар фикрича, ўзни ҳар ёққа урмасдан, мавжуд ташкилотлар доирасида ишлаш лозим. Бу КХШТ, ЕврОсИҲ ва Божхона иттифоқи каби ташкилотлардир. Бундай ёндошув ғарбча ёндошувлардан андоза олиб, енгил кучдан фойдаланган ҳолда ноҳукумат ташкилотлари орқали ишлашни кўзда тутади.

Яна учинчи вариант ҳам бор: бу иҳоталаниш ва ҳаракатни кучайтиришдир. Бу, таъбир жоиз бўлса, Хитой методикасига асосланиш, пировард натижада Россия таъсири сақланишига имкон берувчи конкрет иқтисодий лойиҳаларни ривожлантиришни кўзлаган ҳолда иш олиб боришда акс этади. Бу ортиқча зарурат туғилмаган пайтда ички сиёсий вазиятга арашалашмасдан, углеводородлар, коммуникация, транзит, транспорт масалалари билан шуғулланишдир.

NBCA: Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг қандай устивор йўналишлари ҳақида айтилди?

Грозин: Расмий Тошкент Москва тимсолида хавф-хатар ва рақиб кўриши, интеграцион бирлашмаларда иштирок этишга мойил эмаслиги, иқтисодиёт ва хавфсизлик бўйича алоқаларни кўп томонлама эмас, балки икки томонлама асосга қураётгани ҳақида кўп ва очиқ-ошкор гапирилди.

Кўпчилик депутатлар учун бу кутилмаган янгиликдек бўлди. Афсуски, Марказий Осиё биз учун ҳар доим унча муҳим бўлмаган минтақалардан бўлиб келган, чунки бизникилар у ёққа кўп борадилар, у ерда бизникиларни яхши кутиб оладилар, бироқ ички вазиятга камдан-кам одам назар сола билади.

Буларнинг ҳаммаси қандай натижага олиб боришини айтиш қийин. Ҳозирда Марказий Осиё билан ҳамкорлик муаммолари билан шуғулланадиган норасмий депутатлик гуруҳи тузилаяпти. Гарчи Ўзбекистон ҳақида унча кўп гапирилмаган бўлса-да, дейлик, Тожикистон ва Қирғизистон ҳақида кўп гапирилди. Туркманистон ҳақида, анъанага кўра, энг кам гапирилди.

Қозоғистон ҳақида кўпроқ фақат ижобий гапларни гапирдилар, бошқа республикаларга нисбатан ўз сиёсатимизни қандай қуриш лозимлиги ҳақида гапира туриб, бу мамлакатни намуна сифатида кўрсатдилар.

Бугунги кунда, менимча, ҳамма соҳаларда [Москванинг] Марказий Осиёдаги унча ижобий бўлмаган сиёсатининг камчиликлари кўриниб қолди, бу сиёсатни мутлақо ўзгартириш керак, чунки муваффақиятсизлик кўлами тобора кенгаймоқда.

NBCA: Йиғилганлар фикрича, мамлакатларнинг қайси бири бугунги кунда энг аянчли аҳволда?

Грозин: Нотиқлар энг аввал қаерда портлаш бўлиши мумкинлиги ҳақида турли сценарийларни айтиб ўтдилар. Бироқ гап айнан шу мамлакат [Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон] атрофида айланаверди.

NBCA: Лекин, агар Қирғизистон билан Тожикистонни босиб ўтилган босқич, деб аташ мумкин бўлса, Ўзбекистон ҳақидаги гап янгилик бўлибди; бунга бирор тахмин, асос борми?

Грозин: Нега энди янгилик бўлсин? Бу очиқдан-очиқ айтилди – бунга ички асослар бор. Масалан, мамлакатдаги биринчи шахс исталган пайтда ўз вазифасини бажаролмай қолиши мумкин бўлган бир шароитда Ўзбекистонда ҳокимиятни легитим йўл билан топшириш механизмларининг йўқлигини олишимиз мумкин.

Агар Ўзбекистонда портлаш бўлса, Россия Тожикистондаги фуқаролик уруши авж палласида бўлганидан ҳам каттароқ муаммоларга дуч келади. Қочқинлар, ноқонуний миграция шулар жумласидан бўлиб, бу ҳолат Ўзбекистонни ўраб турган барча мамлакатлар барқарорлиги учун ҳам жиддий таҳдид туғдиради.

Интервьюни NBCAнинг Бишкекдаги муҳаррири Юлия Горяйнова олган.

Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланган.
  

Frontline Updates
Support local journalists