Ўзбекистон ҳозирча чет эллик инвесторларнинг ишончини қозона олгани йўқ
Ўзбекистон ҳозирча чет эллик инвесторларнинг ишончини қозона олгани йўқ
Давлат мулкини бошқариш бўйича Давлат қўмитаси январь ойининг охирида Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳридаги иккита меҳмонхона мажмуасининг активларини сотиш бўйича навбатдаги тендерни эълон қилди.
Инвесторларга Grand Mir ва Dedeman Silk Road Tashkent меҳмонхоналарининг акция пакетларини сотиб олиш таклиф этилди. Уларнинг бошланғич баҳоси 7,8 ва 11,3 миллион АҚШ долларидан иборат.
Активларнинг сотилиши президент Ислом Каримов томонидан тасдиқланган 2010 йилгача Хусусийлаштириш дастури ҳамда 2009 йилга Инвестиция дастури доирасида амалга оширилмоқда. Бу дастурлар «саноат соҳаларини модернизациясини амалга ошириш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш, энг янги технологиялардан фойдаланиш, янги ишчи ўринларини яратишга қаратилган чет эл инвестицияларини жалб этиш» мақсадида қабул қилинган.
Мамлакатнинг заифлашиб қолган иқтисодиётини сезиларли даражада яхшилаш учун расмийлар чет эл молиявий ресурсларига йўл очилишини истар эдилар. Негаки, инвестициявий изоляция даври мобайнида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг барча соҳалари таназзулга юз тутган эди.
Иқтисодий аҳволнинг мустақил баҳоланишига кўра, мамлакатда фаолият юритаётган ишлаб чиқариш корхоналарининг ярмидан кўпи реконструкция қилинишга ва капитал сармоя ётқизишга муҳтож. Буни эса фақат катта моливий сармояларни олиб келиш йўли билан амалга ошириш мумкин.
Мамлакат шимоли-шарқида жойлашган Андижон шаҳрида 2005 йил 13 май куни ҳукумат қўшинлари тинч намойишни ўққа тутгани ва оқибатда юзлаб одамларнинг ўлдирилгани ва яраланишига олиб келган қонли фожеадан сўнг Ўзбекистонга нисбатан санкциялар киритилиши натижасида кўпчилик ғарбий инвесторлар мамлакатдаги ўзларининг бизнесларини йиғиштириб қўйдилар. Ғарб мамлакатлари мустақил текширув ўтказилишини талаб қилган ўша пайтда ҳукумат чет эл ширкатларига нисбатан босимни кучайтирди, уларни Ўзбекистондан сиқиб чиқарди, баъзи фирмаларнинг молиявий маблағлари эса ҳатто миллийлаштирилди ҳам.
Мисол учун, олтин қазиб чиқариш билан шуғулланувчи Newmont («Зарафшон-Ньюмонт» қўшма корхонаси) компанияси ҳам ҳудди шундай аҳволни бошидан кечирди. Бу қўшма корхонанинг бизнеси давлат томонидан назорат қилинаётган Навоий тоғ-металлургия комбинатининг тасарруфига ўтди.
Айни пайтда, ташқи дунёдан ажралган ҳолда қолган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини энергия воситалари, пахта толаси ва олтиннинг сотилиши ташкил этмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, 2008 йилда расмийлар иншоотоларнинг хусусийлаштиришни кенгайтиришни ҳамда бир ярим миллиард АҚШ долларига тенг бўлган чет эл инвестицияларини жалб этишни режалаштиргандилар. Аммо, вазиятга баҳо берган мустақил иқтисодий шарҳловчилар расмийлар ўзларининг ўйлаган ниятларига эришмаганларига ишора қилмоқдалар.
Экспертлар битта иншоотнинг ўзини сотиш учун бир неча бора тендер эълон қилингани ҳам кўрсатмоқдалар.
Таҳлилчиларнинг тахмин қилишича, инвесторлар либерал шароитларнинг йўқлиги ҳамда Ўзбекистон банкларига кириб келаётган барча молиявий оқимлар устидан қатъий назорат ўрнатилгани важидан мамлакатдаги активларни сотиб олишдан хавфсирамоқдалар. Чет эллик инвесторларга нисбатан маблағ ва капиталларнинг эркин ҳаракат қилишига имконият берувчи қонуний йўл билан белгиланган кафолат ва ҳуқуқларга қарамай, Ўзбекистон расмийлари истаган пайтда инвесторларга нисбатан маъмурий чоралар кўришлари мумкин, дея қайд этадилар шарҳловчилар. Мисол учун, расмийлар чет эллик инвесторларнинг банк ҳисоб рақамларини музлатиши ёки миллий валютанинг конвертациясини тўхтатиб қўйишлари мумкин.
«Миллий валютанинг конвертациясини инвесторлардан кимга рухсат беришни ва кимга бермасликни Марказий банкнинг шахсан ўзи ҳал қилади, - дейди иқтисодий таҳлилчилардан бири. – Ўзбекистонда конвертациянинг ҳеч қандай бошқача амалиёти кўзда тутилмаган».
Шунингдек, Марказий банк чет эл банкларининг филиалларида жорий ҳисоб рақамларидаги маблағларнинг ҳаракати устидан ҳам қатъий назорат ўрнатган. Мавжуд тартибга кўра, Ўзбекистон бош банкининг кўрсатмаларини бажариш улар учун мажбурий саналади.
«Мисол учун, Ўзбекистон тамаки бозоридаги монополист саналган British American Tobacco компанияси ўз маблағларини Голландиянинг «АБН АМРО банк» филиалидаги ҳисоб рақамларида сақлайди, аммо бу ҳолат ҳам инвесторни конвертация билан боғлиқ муаммолардан халос этмаган», - дейди таҳлилчи.
Тошкентда истиқомат қилувчи экспертнинг тахмин қилишича, мавжуд чекловлар туфайли инвесторлар катта зарар кўрмоқдалар. Бу эса кўнгил қолишларга ва Ўзбекистонда бизнес юритишни истамасликка олиб келмоқда.
«Чет эллик инвесторлар Ўзбекистонга сармоя ётқизса бўладиган мамлакат эмас дея хулоса чиқариб, бу мамлакатга ўз қизиқишларини йўқотиб бўлдилар», - дея хулоса қилади эксперт.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)