Ўзбек имоми жонига қасд қилганликда гумонланган шахс Россияда қўлга олинди
Ўзбек имоми жонига қасд қилганликда гумонланган шахс Россияда қўлга олинди
12 октябрь куни оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон амалдаги расмийларининг мухолифларидан бири, таниқли дин олими ва диссидент, 54 ёшли Обидхон қори Назаров жонига қасд қилганликда гумонланаётган асосий шахс – 34 ёшли Юрий Жуковский Россияда ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатди.
У Швеция полицияси рўйхатида бўлган мобил телефондан фойдаланган пайтда Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.
Ҳозирги пайтда Жуковскийни Швеция экстрадиция қилишга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Швеция полицияси маълумотларига кўра, Юрий Жуковский иккита паспортга – Ўзбекистон ва Россия паспортига эга.
“Швед хавфсизлик хизматлари бу одам Швецияда ўз миссиясини бажараётган пайтда ишлатган мобил телефонларидан Россияда ҳам фойдаланганини аниқладилар”, деб ёзади Швециянинг Expressen нашри.
Обидхон қори Назаровга суиқасд шу йилнинг 22 февраль куни амалга оширилганди. Ўшанда номаълум шахс Назаров яшаган уй йўлаги ёнида имомнинг боши қарата бир неча маротаба ўқ узиб, воқеа жойида ғойиб бўлганди. Швециялик терговчилар маълумотига кўра, эҳтимолий қотил изи Россияда йўқолган. (Бу ҳақда “Қувғиндаги ўзбек уламосига суиқасд уюштирилди” мақоласида ўқинг.)
Май ойида Швеция жанубида бу мамлакатда талабалик визаси билан юрган бухоролик эр-хотин – Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова жиноятга шерикликда гумонланиб қўлга олинганди. Июль ойида Швеция суди ўзбек имомига ҳужум сиёсий сабабга кўра амалга оширилган, дея қарор чиқарди, бироқ судланувчиларнинг жиноятга алоқадорлиги юзасидан далиллар етарли бўлмагани туфайли ўзбекистонлик эр-хотинни оқлади.
Назаров ўзбек махсус хизматлари томонидан таъқибга учраганидан кейин 1998 йилда оиласи билан бирга Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган. У ва унинг оиласи 2006 йилдан буён Швецияда қочқин мақомида яшаб келади.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.
Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.