Каспий мамлакатлари увилдириқ учун янги квоталарни ишлаб чиқмоқдалар
Каспий мамлакатлари увилдириқ учун янги квоталарни ишлаб чиқмоқдалар
11 август куни Каспий сув-биологик заҳиралари бўйича комиссиясининг Ашхободда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида Туркманистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Россия ва Эрон вакиллари қимматбаҳо осетрсимон балиқларни овлаш учун квоталарни тақсимлашнинг янги методикасини ишлаб чиқишга қарор қилдилар. Мазкур методикага браконьерликка қарши кураш, денгиз муҳити ҳамда Каспий соҳиллари ҳудудининг ифлосланиши каби баҳолашнинг қўшимча мезонлари киритилмоқчи.
Ҳозирги пайтда Каспий квоталари илмий усул билан шакллантирилади ва Эрондан ташқари ҳар бир мамлакатнинг балиқларни сунъий йўл билан кўпайтиришга қўшган ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда тақсимланади.
Осетрсимонларнинг барча увилдириқларининг 90% гачаси жаҳон бозорига Каспийбўйи мамлакатлари томонидан етказиб берилади.
Осетрсимонларни овлашда Россия учун овлаш улуши 70 фоизни, Қозоғистон учун 17,6 фоизни, Туркманистон учун 6,3 фоизни ва Озарбайжон учун 6,1 фоизни ташкил этади.
Мавжуд квоталарга қарамай, осетрсимонларни йиллик овлашнинг 70 фоиздан зиёдроғи браконьерлар ҳиссасига тўғри келади, балиқларнинг жуда катта қисми, Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш бўйича халқаро конвенция комитети (CITES) маълумотларига кўра, нефть ишлаб чиқарувчи ҳудудларда нефтни денгизга чиқариб ташлаш туфайли ҳалок бўлади.
NBCA экспертлари Каспийбўйи мамлакатлари Браконьерликка қарши кураш бўйича давлатлараро дастур қабул қилишлари лозим, деб ҳисоблайдилар. Экспертларга кўра, бу дастурнинг самарали ишлаши Каспий мақомини ҳал этиш юзасидан музокараларга таянади.
Бокудаги “Гафгаз” университети Халқаро алоқалар кафедрасининг мудири Ровшан Ибрагимов браконьерларга нисбатан жазо чораларини кучайтирибгина қолмасдан, балки ушбу қимматбаҳо балиқларнинг гўшти ва увилдириғини сотувчи шахсларга нисбатан талабни кучайтиришни ҳам таклиф қилади.
Ибрагимовга кўра, Каспий квоталарини тақсимлашнинг янги тамойиллари осетрсимон балиқчаларни етиштириш бўйича миллий ҳукуматлар мажбуриятларини ўз ичига олиши ҳамда осетрсимонлар миқдори тикланмагунича бакрабалиқ овлашга мораторий жорий этиш имкониятини кўзда тутиши лозим.
“Аммо мазкур чора-тадбир фақат браконьерликка қарши аёвсиз кураш бошланганидагина самарали бўлади, акс ҳолда, таъқиқ ноқонуний балиқ овлаш ҳолатларини кўпайтириб юборади, холос”, - дея таъкидлайди эксперт.
Қозоғистоннинг “Табигат” экологик уюшмаси раиси Мэлс Елеусизов ҳам унинг фикрига қўшилади. М. Елеусизов Каспий квоталари осетрсимонларни қутқариб қолишга ёрдам беролмайдиган “чала тадбир” эканини ва биринчи навбатда бакрабалиқ увилдириқ сочадиган жойларни тикланиши учун “ўта қатъий чоралар” кўрилиши лозимлигини қайд этади.
NBCAнинг ашхободлик шарҳловчиси квоталарни тақсимлаш янги методикасини тайёрлашда Қозоғистон Боку-Тбилиси-Жайҳон қувурининг тўлдирилишига қўшилганидан кейин ўта кўпайиб кетган Каспий бўйлаб танкерларда нефть ташиш хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлайди.
“Каспий каби ёпиқ сув ҳавзаси шароитида ҳатто арзимаган ҳалокат ва нефтнинг денгизга тўкилиб кетиши осетрсимонлар ҳаёти учун жиддий фалокатга олиб келади”, - дейди шарҳловчи.
Бироқ “Мир Евразии” журналининг бош муҳаррири Эдуард Полетаев сиёсий характердаги мавжуд мураккабликлар ҳамда акваторияси халқаро ҳудуд бўлиб ҳисобланмиш Каспий денгизи мақоми юзасидан масаланинг тартибга солинмагани туфайли мамлакатлар бир битимга келишлари қийин бўлишини таъкидлайди.
“Каспий муаммолари бўйича зўр ваколатларга эга бўлган ягона давлатлараро ташкилот ва умумий жавобгарлик бўлмагунича, бошқа бир томоннинг у ёки бу келишув шартларини бажармаганлиги каби муаммоларга дуч келинаверади”, - дейди Полетаев.
(NBCA бутун минтақадан шарҳловчиларнинг кенг доирадаги фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этади)