Тошпўлат Йўлдошев: АҚШ-Ўзбекистон музокаралари натижалари Каримов фойдасига бўлади
Тошпўлат Йўлдошев: АҚШ-Ўзбекистон музокаралари натижалари Каримов фойдасига бўлади
22 октябрь куни АҚШ Давлат котиби икки кунлик расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Тошкентда сармоялар, савдо-сотиқ, илм-фан каби икки томонлама ҳамкорлик масалалари, шунингдек, минтақа хавфсизлиги муаммолари муҳокама қилинади.
Ҳиллари Клинтон Ўзбекистонга ўтган йилнинг декабрь ойида ўзининг Марказий Осиё бўйлаб сафари доирасида ҳам келганди, бироқ АҚШ Давлат котиби даражасидаги расмий музокараларни Вашингтон ва Тошкент фақат 2000 йилда - Афғонистондаги аксилтеррорчилик амалиёти бошланмасидан аввал ўтказганди. Орадан бир муддат ўтгач, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида алоқаларнинг совиши кузатилган, бунга Андижон воқеалари таъсир этганди.
Ҳозирда АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик етакчи сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев NBCentralAsiaга берган интервьюсида бўлажак Ўзбекистон-Америка диалогини Ғарбнинг мажбурий ён бериши дея атади ва бундан ҳар икки тараф маълум даражада фойда топишини айтди.
NBCA: Сизнингча, музокаралардаги асосий масала қайси бўлади?
Тошпўлат Йўлдошев: Тошкент Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг расмий ташрифини анчадан бери кутаяпти, бунгача дастлабки музокаралар ўтказилган, иқтисодий ҳамкорлик соҳасида бир қанча ҳужжатлар тайёрланган, бизнес-учрашувлар ўтказилган, бироқ асосий стратегик масалалар ҳал қилинмай қолганди. Бу жараён оқсашига америкаликларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни яхшилашни талаб қилиши сабаб бўлганди. Бунақа босим Тошкентга ёқмасди ва Каримов сўнгги пайтларда ҳатто [изоҳ – Афғонистондаги коалиция кучларини таъминловчи] шимолий йўналишдаги транзит йўлини ёпиб қўйишга ҳам тайёр бўлиб қолганди. Вашингтон Тошкентнинг бунақа эҳтимолий кутилмаган қадами оқибатларини ўйлаб, боши қотганди. Каримовнинг бунақа инжиқлиги Ғарбга жуда қимматга тушиши мумкин эди. Уни ағдаришнинг имкони йўқлиги учун улар музокара йўлини топишди ва юқори даражада музокаралар ўтказишга аҳд қилишди.
Мен Каримов АҚШнинг иқтисодиётга сармоя ётқизиши ҳақидаги масалани ҳам қўяди, инфратузилма ва ҳарбий аэродромлар учун сармоя сўрайди, дея тахмин қиламан. Бироқ америкаликлар ўзлари учун 2014 йилгачагина [изоҳ – коалиция қўшинларининг Афғонистондан бутунлай чиқиб кетишигача] керак бўлган ҳарбий аэродромлар реанимацияси учун маблағ беришига унча ишонмайман. Ўзбекистон эса бу воқеа содир бўлгунича ўзбек-афғон чегарасини, иложи бўлса, АҚШ пулига мустаҳкамлай бошлашни истайди. Бироқ нафсиламрини айтганда, Ўзбекистон чегарасига ким ҳам таҳдид соламан, деб турибди? Афғонистонда асрларга чўзиладиган ички низолар тиқилиб ётибди, у жамиятнинг қадриятлари ва вазифалари мутлақо бошқа. Аммо Каримов ўз мамлакати диний экстремизм хатари остидагилигини, бу демократия ривожига хавф солишини таъкидлаб, жаҳон ҳамжамиятини қўрқита бошлайди ва Вашингтоннинг унга ишонишдан бошқа чораси қолмайди.
NBCA: Каримов бу музокаралар чоғида нималарга эришади? У дивидентлар ола биладими?
Йўлдошев: Мен иқтисодиёт, таълим, армияни мустаҳкамлаш, террорчилик ва экстремизм хавфига қарши кураш бўйича махсус техника ва воситаларни етказиб бериш соҳасида Ўзбекистон-АҚШ алоқаларига дохил ҳужжатларнинг катта пакети имзоланади, дея тахмин қиламан. Ғарб демократия, конституциявий янгиликлар ва бошқа соҳаларда гўё амалга оширилаётган олға силжишларни эътиборга олган ҳолда Тошкентга ён берди.
Тошкентнинг АҚШга яқинлашишига Россиянинг постсовет ҳудудида Божхона иттифоқи каби турли минтақавий тузилмаларни ихтиро қилиш ва у ёққа Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистонни ташвиқ қилиш орқали СССРнинг прообразини яратишга уриниши ортидан йўл қўйган хатолари таъсир кўрсатди. Бу Каримовга ёқмайди, шунинг учун ҳам унинг Вашингтон олдида сертакаллуфлиги тобора кучайиб бормоқда. Каримов бундан ҳам Вашингтонга: “Агар бизга ёрдам бермасангиз, Кремль томонга кўпроқ қарай бошлаймиз”, дея ўз фойдасига ишлатади. Тошкент доим бунақа нарсаларни чайқов қилиб келган ва шу орқали ўз сиёсатини юритган.
NBCA: Вашингтон билан ўтказилган музокаралардан кейин Тошкент қай кўламда ёрдам кутиши мумкин?
Йўлдошев: Гарчи Оқ уйда ҳам диктаторга ёрдам бераётганларини ва бу жамоатчилик томонидан ёмон қарши олинишини тушунган прагматик одамлар бўлса-да, Ўзбекистонга 100 миллион доллар чоғли пул келади, деб ўйлайман. Ҳозир Вашингтон билан Исломободнинг муносабати ёмонлашган бир пайтда Афғонистонга юк етказиб бериш хавф остида турибди. Қўшма Штатлар ўзбек диктатори билан ҳисоблашишга ва Каримовнинг баъзи шартларига риоя қилишга мажбур. Бунга жавобан Каримов, масалан, Мустақиллик куни арафасида эълон қилмаган амнистиясини энди эълон қилиб юбориши мумкин, Ғарб эса бунга ижобий муносабатда бўлади.
Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.