Ўзбекистонда қишки газ тақчиллиги

Газга бой мамлакат аҳолиси қиш мавсумида газ таъминотида узилиш бўлган пайтларда ўтин ёқиладиган қўлбола печлар қурмоқдалар.

Ўзбекистонда қишки газ тақчиллиги

Газга бой мамлакат аҳолиси қиш мавсумида газ таъминотида узилиш бўлган пайтларда ўтин ёқиладиган қўлбола печлар қурмоқдалар.

Thursday, 3 February, 2011

Табиий газ заҳираларига бой бўлишига қарамай, Ўзбекистон оддий истеъмолчиларни газ билан базўр таъминлаётгани сабабли аҳоли эсон-омон қишни ўтказиб олиш мақсадида уйларни иситиш ва овқат қилиш учун мосламалар қуришга мажбур бўлмоқда. 

Экспертларнинг сўзларига кўра, расмийлар учун устивор вазифа оддий истеъмолчиларни ёнилғи билан таъминлаш эмас, балки газни экспорт қилиш бўлиб ҳисобланади, натижада мамлакатнинг қишда ҳарорат нолдан анча паст бўлган жойларида газ узилишлар билан узатилмоқда.

Қийинчиликларга кўникиб кетган ўзбекистонликлар бунақа шароитда кун кечиришнинг турли йўлларини ўйлаб топмоқдалар.

“Бу қаҳратонли кунларда тунда ҳарорат 15 даражагача совийди ва кучли шамол бўлади, - дейди хоразмлик фермер. – Одамлар совуқда қўлбола печкаларига ғўзапоя ёқадилар. Яна кули кўпу иссиғи кам бўлган паст сифатли кўмир сотиб олишга тўғри келаяпти”.

Тўрт фарзанднинг отаси, Фарғона водийсининг Марғилон шаҳридан бўлган 40 ёшли Салим совуқдан сақланишнинг бошқа йўлини топди. У қўшнилар маслаҳати билан уйидаги тахта полни ғиштин полга алмаштирди, полнинг ўртасида ўтин ёқиладиган тешикча қолдирди, натижада бутун ғиштин пол исийдиган бўлди. Овқатни эса Салимнинг оиласи баллонли газ ёрдамида тайёрлаяпти.

Ўзини Наргиза деб таништирган марғилонлик аёл уйида ўтин қаланадиган печка борлигини, бу ҳолат кунига бир неча соатгина газ бериладиган кўп қаватли уйлар учун табиийлигини айтади.

“Биз уни бир неча йил олдин қурганмиз ва эндиликда ҳаммамиз битта хонага йиғилволиб, исиниб ўтирибмиз”, - деди Наргиза.

Кўп қаватли уйларда турувчи аксар хонадон эгалари каби Наргиза ҳам овқатни ҳовлидаги ўчоқда тайёрлайди.

Ўзбекистон анчагина табиий газ заҳирасига эга бўлиб, ҳар йили 60 миллиард куб метрдан кўпроқ газ қазиб олади. Газнинг бир қисми Россия ҳамда қўшни Тожикистон ва Қирғизистонга экспорт қилинади, бироқ унинг асосий қисми, расмий статистикага мувофиқ, Ўзбекистонда қолади.

Газ таъминотида бўлаётган мунтазам узилишлар сабаблари сифатида қатор омилларни айтадилар, уларнинг айримлари интратузилмаган тааллуқлидир.

Газ таъминоти тизими етарли даражада маблағ сарфланмагани туфайли аста-секинлик билан яроқсиз аҳволга келиб бормоқда, бу эса кўплаб йўқотишларга олиб келади. Бундан ташқари, мамлакатда қишда газга талаб ошган пайтда олиб ишлатиш мумкин бўлган газ омборлари етарли эмас.

“Мамлакатда табиий газ етарли, бироқ муаммо шундаки, жиҳозлар эскирган, газ етказиб берадиган тизимда етарли даражада замонавий технология ва техникадан фойдаланилмайди”, - дер экан тошкентлик таҳлилчи йилнинг совуқ мавсумида қувурлардан газ ўтиш тезлиги пасайгани учун янги технологиялар ва компрессор станцияларидан фойдаланиш зарурлигини қўшимча қилади.

Тизимни молиялаштиришдаги муаммолар истеъмолчилар газ учун пул тўламаётгани туфайли янада чигаллашмоқда.

Экспертларнинг айтишларича, муаммонинг илдизи мамлакат расмийлари ички истеъмолчиларни мунтазам газ билан таъминлашдан кўра газ экспорт қилинадиган истеъмолчилар олдидаги мажбуриятларини бажаришни афзал билишидадир.

Ҳукуматда даромади камайиб кетганда, у газ сотиш ва бошқа асосий экспорт маҳсулоти бўлмиш пахта сотишдан тушадиган даромадга ўта эҳтиёж сеза бошлайди.

Тошкентдаги коммунал хизматлар кўрсатиш бўйича муниципал агентлик раҳбари омбордаги газ қиш мавсумида фойдаланиш ўрнига Тожикистон ёки Қирғизистонга сотиб юборилганини маълум қилди. Бу Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан “табиийки, ҳокимиятнинг юқори тузилмалари билан келишган ҳолда” амалга оширилган, - деди у.

Газ таъминотидаги узилишлар сабабли юзага келган қийинчиликларга қарамай, бунга қарши норозилик намойишлари камдан-кам ўтказилади, чунки аҳоли тазйиқ ва ҳибсга олишлардан чўчийди.

Ўзини Аҳмад деб таништирган 60 ёшли хоразмлик киши маҳаллий аҳоли вилоят ҳокимига шикоятнома ёзиб, стихияли митинг уюштирганларини эслайди.

“Дарров милиция ходимлари келиб, тарқалишни талаб қилишди”, - деди Аҳмад шундан кейин норозилар МХХда сўроққа тутилганларини қўшимча қиларкан. “Одамлар тунд ва индамас бўлиб қайтиб келишди. Ўшандан буён биз норозилик билдириб чиқмайдиган бўлдик, жазодан қўрқиб, баҳорни кутиб ўтирамиз”, - деди Аҳмад.

Мазкур мақола Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг (IWPR) икки лойиҳаси - Европа Комиссияси кўмагида томонидан амалга оширилаётган “Марказий Осиё мамлакатларида оммавий ахборот воситалари орқали инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва ҳуқуқ ҳимояси таълими” ҳамда Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги молиялаштираётган “Ҳуқуқ муҳофазаси масалалари, зиддиятларни ёритиш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш бўйича ахборот дастури” лойиҳалари доирасида тайёрланди.

IWPR Европа Иттифоқи мамлакатлари ёки Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги қарашларини мутлақо акс эттирмайдиган мазкур мақола мазмуни учун жавобгарликни тўла зиммасига олади.

 

Uzbekistan
Economy
Frontline Updates
Support local journalists