Ўзбекистон: Тошкентнинг займ олишда тобора прагматик бўлиб бораяпти
Ўзбекистон: Тошкентнинг займ олишда тобора прагматик бўлиб бораяпти
Ўзбекистонда Хитой капитали жорий этилишининг тобора фаоллашуви Россияни маҳаллий энергетика бозоридан сиқиб чиқариши мумкин, дея ҳисоблаяптилар NBCA экспертлари.
Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари июль ойи охирида Хитойнинг Alcatel-Lucent Shanghai Bell компанияси 2012 йилгача умумий узунлиги ўн тўрт минг километрни ташкил этувчи Ўзбекистон газ тақсимлаш тизимини модернизация қилиши ҳақида хабар тарқатган эдилар.
Хитойнинг Эксимбанки шу мақсадда йиллик устама икки фоиз эвазига етмиш тўрт миллион долларга яқин миқдорда кредит ажратмоқчи, қўшимча етти ярим миллион доллар пул эса Ўзтрансгаз компанияси томонидан молиялаштирилади.
Бу маблағларга газ қувурларининг электркимёвий химояси ҳамда радио алоқани қайта тиклаш, толали-оптик алоқа линияларин орқали сигнал ўтказувчи магистрал тизимларни ўрнатиш билан телекоммуникацияларни ётқизиш режаланмоқда. Механизм ва хом ашёларнинг каттароқ қисмини Хитой компаниялари етказиб берадилар.
NBCA томонидан сўралган иқтисодчи ва сиёсатшуносларнинг аксарияти Хитой истиқболли ҳамкорликка қарата маблағ ётқизиб, шу йўл билан Ўзбекистоннинг энергетик майдонини жадал суратларда эгаллаб бораётганига эътибор қаратмоқдалар.
“[Хитой] узоқ муддатли инфртузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш учун рамзий фоизлар эвазига кредитлар бераяпти”, - дейди олма-оталилик сиёсатшунос Дўсим Сатбаев. Хитойнинг пули кўп, шунинг учун ҳам унинг Марказий Осиё ресурслари учун Россия билан курашда унинг қўли баланд келаяпти.
Экспертга кўра, Хитойнинг асосий вазифаси – минтақадан олиш мумкин бўлган салмоқли газ ва нефть оқимларини “ўзига қаратиб олиш” бўлиб қолмоқда.
Ҳозирча Россия энергетика соҳасида Ўзбекистоннинг энг фаол шериги бўлиб қолаяпти. Расмий Тошкент бу мамлакат билан табиий газ қазиб чиқариш ва сотиш соҳасида узоқ муддатли келишувлар билан боғланиб қолган.
Ўзбекистонда ҳар йили 60 миллиард куб метрдан кўпроқ табиий газ ёқилғиси ҳамда саккиз миллион тоннага яқин нефть қазиб чиқарилади. Хитойга бевосита яқинлиги боис, Ўзбекистон давлатлараро коридорлардан энергия воситаларини етказиб беришда фойдаланиши мумкин, дейдилар шарҳловчилар.
Мисол учун, айни пайтда қурилаётган Туркманистон-Хитой қувури Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтади, шунингдек, Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли қурилади ва бу икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга имконият яратиб беради.
Хитой Миллий нефетегаз компанияси ва Ўзбекнефтегаз Миллий холдинг компанияси ўртасида 2004 йилда ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланганидан кейин, Хитойнинг Ўзбекистон нефт ва газ соҳасига қизиқиши кучайиб кетди. Ўшанда расмий Тошкент Пекинга Фарғона водийсининг Ўзбекистон қисмида, Бухоро-Хива ҳудудларида, Устюрт платосида, Орол денгизи ҳудудида нефть разведкаси бўйича изланишлар олиб боришига рухсат берган эди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълумотига кўра, Хитой 1995 йилдан 2004 йилгача бўлган давр мобайнида Ўзбекистонга 35 миллион долларга тенг бўлган кредит ажратиб берган. Газ транспорти тизимини модернизациялаш бўйича сўнгги қўшма лойиҳа барча олдинги лойиҳаларга қараганда икки баробар кўпроқ қийматга тенг.
“Хитойнинг энергетика соҳасидаги иштироки кўлами борган сари ўсиб бормоқда, - дея қайд этади тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов. – Келиб чиқадиган оқибатлар ҳақида бир нарса дейиш учун, диверсификациянинг кўлами нақадар катта бўлиши ўта муҳим”.
Тошкентлик иқтисодчи Равшан Назаровнинг айтишича, Хитой билан алоқаларни кенгайтира туриб, Ўзбекистон расмийлари геосиёсий ўйинчилар томонидан “қудратли рақобат”га асосланган мантиқий танловни амалга оширмоқдалар.
Бироқ News Briefing Central Asia суҳбатдоши бунинг оқибатлари борасида огоҳлантирмоқда: “Хитой капиталининг фаол равишда жорий этилиши ортидан энергия ресурслари бозорида Россияни бироз сиқиб қўйишга тўғри келади”.
Тошкентлик бошқа мустақил иқтисодчи Виктор Ивонин эса аксинча, Тошкент мажбур бўлгани туфайли хитой кредитларини олмоқда, негаки, Ўзбекистон газ тақсимлаш тизимини модернизациясидан манфаатдор бўлган Кремлнинг бунга ортиқча пули йўқ. Аммо ҳозир, Москва ҳар ҳолда газ соҳасида етакчилик қилмоқда.
“Газпром” Ўзбекистон қазиб чиқараётган газнинг ортиқчасини улгуржисига сотиб олаяпти, - дея қайд этади Виктор Ивонин.
Ушбу мақола National Endowment for Democracy фонди томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланган.