Ўзбекистондаги ёш келин-куёвлар никоҳ шартномаларини тузишга шошилмаяптилар

Ўзбекистондаги ёш келин-куёвлар никоҳ шартномаларини тузишга шошилмаяптилар

Tuesday, 10 June, 2008
. Оила қураётган ёшлар кўпроқ миллий урф-одат ва анъаналарга риоя қилишни афзал кўриб, мулк муносабатларини нотариус қошида расмийлаштиришга рағбат кўрмаяптилар, дея қайд этмоқдалар NBCA шарҳловчилари.



Ўзбекистон давлат телевидениеси май ойининг охирида Адлия вазирлиги вакилларининг ўзбекистонликларни янги оила қураётган пайтда никоҳ шартномаларини тузишга чақирувчи кўрсатувини намойиш этди.



Давлат мулозимлари телетомошабинларга никоҳ шартномалари эр-хотинга оилавий харажатларни олиб боришдаги, тадбиркорлик ишларида ҳамкорликда иштирок этишларида уларнинг ҳар бирининг ҳуқуқ ва мажбуриятларни тартибга солишини ва бордию никоҳ бекор қилиниб, эр-хотин ажрашадиган бўлсалар ўртадаги мулкни адолатли равишда тақсимлашга имконият беришини айтиб, бундай шартномаларнинг афзалликларини тушунтирдилар.



Никоҳ шартномалари ёзма равишда тузилади, нотариус томонидан тасдиқланади ва эр-хотин давлат идораларидан (ЗАГС) рўйхатдан ўтганларидан кейингина ҳақиқий ҳисобланади.



Никоҳ шартномаларининг қонунга биноан тузилиш имконияти 1998 йилдан бери Ўзбекистон Оила кодексида белгиланганига қарамай, тузилган никоҳ шартномаларининг миқдори ҳақидаги расмий статистик маълумотлар йўқ, осиёликларга ҳос миллий анъаналар ва урф-одатларига мувофиқ тарбияланган ёш келин-куёвлар эса оила қураётганларида ушбу меъёрларни қўллашга ҳозирча шошилмаяптилар.



“Куёвидан ёзма равишда оиладаги [мулкий] муносабатларни тартибга солувчи никоҳ шартномаси тузилишини талаб қилувчи ўзбек келинини тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Чунки бундай қиз жамоатчилик назарида нохолис ниятли бўлиб кўриниши мумкин”, - дейди Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳар мамктабларидан бирида тарих фанидан дарс берувчи ўқитувчи Раъно Қодирова.



Қодирова Адлия вазирлигининг мамлакат аҳолисига замонавий оила муносабатлар услубларини кенгроқ қўллашга қаратилган чақириғини ижобий баҳоламоқда, аммо унинг фикрича, Ўзбекистонда никоҳ шартномаларини узоқ муддат ўтганидан кейин, ёшларнинг янги авлоди шаклланиб бўлганидан кейин ҳаётга татбиқ этилиши мумкин бўлади.



Тошкент шаҳар Бобур маҳалласининг оқсоқолларидан бири, 72 ёшли Абдураҳмон Орипов ҳам шу фикрга қўшилмоқда. Унга кўра, аслида ҳозирги кунда барча янги оилалар никоҳ шартномаларини маҳаллий анъаналарга мувофиқ оғзаки равишда тузмоқдалар.



Ўзбекларнинг одатига кўра, ёшларни никоҳ ришталари билан боғлашдан олдин ҳар икки томон вакиллари қайси тараф мебель сотиб олишини, ким тўй тантаналарини ўтказиш бўйича харажатларни кўтаришини, сарф қандай тақсимланиши кераклигини, ёшлар тўйдан кейин қаерда яшашларини, келин ишлайдими ёки йўқми, куёви уни қай даражада таъминлаши лозимлигини келишиб оладилар.



Ўзбек оилаларида никоҳ диний ақидаларга мувофиқ тарзда, мулла ва гувоҳларнинг иштирокида анъанавий никоҳ хутбасининг ўқилиши билан ўтказилади.



Шу пайтда ҳозир бўлган ҳар иккала тарафдан иштирок этувчи гувоҳлар икки томоннинг ҳам мажбуриятларини ва белгиланган маҳр миқдорини эшитадилар.



“Шунинг учун ҳам ўзбек оиласидаги келин-куёвларга ҳеч қандай ёзма равишда тузиладиган қандайдир шартномаларнинг имзоланиши кераги йўқ”, - дейди оқсоқол.



Аммо маҳаллий ҳуқуқшунослар бундай никоҳ ришталарининг камчиликларига эътибор қаратмоқдалар. Дунёвий йўлдан кетаётган Ўзбекистон қонунчилиги бўйича юридик нуқтаи назардан бундай никоҳлар давлат томонидан умуман тан олинмайди, эр-хотин ажрашадиган бўлса, эр-хотинга, аслида эса кўпроқ хотинга ўзининг мулкга бўлган ҳуқуқини исботлаш қийин бўлади.



Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, ўтган йили бутун мамлакат бўйича 250 минг никоҳ қайд этилган ва тахминан 18 минг оила ажрашган.



Андижонлик NBCA кузатувчисининг айтишича, оилаларда ажралишдан кейин адолатли тарзда мулкни тақсимлай олмаслик, болаларни тарбиялаш, уларни моддий тарафдан таъминлаш масаласини келишиб олмаслик ҳолатлари мавжуд, негаки, икки томоннинг ҳам бир-биридан ҳафа бўлиш ва тушунмаслик одатий ҳол бўлиб қолган.



Бу ерда анъанавий никоҳ ўқилаётган пайтда гувоҳ бўлган қариндошлар ҳам ҳеч қанақасига ёрдам бера олмайдилар.



“Агар давлат эр-хотиннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни истаса бу яхши, аммо анъанага мувофиқ тузилаётган никоҳда буни қандай қилиб амалга оширса бўлади?”, дея сўрайди Андижонда истиқомат қилувчи Саида исмли аёл.





У ўзига ўхшаган ўнлаб дугоналарига ўхшаб ўзбек одатларига биноан турмуш қурган, аммо ажралишдан кейин унинг эри ўз зиммасидаги мажбуриятларини бажаришдан бош тортган. Суд бу ишни кўриб чиқиш учун қабул қилмаяпти, негаки, улар никоҳни давлат идораларида қайд этмаганлар.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists