Туркманистонлик фаоллар инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятдан ташвишдалар

Туркманистонлик фаоллар инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятдан ташвишдалар

Ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро жамиятни Туркманистон ҳукуматидан инсон ҳуқуқлари соҳасида ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бажаришни талаб қилишда давом этишга чақирадилар.

Улар расмийлардан фуқаролик жамияти фаолларини таъқиб қилиш амалиётини тўхтатишни, уларга эркин ҳаракатланиш имкониятини беришни ва улар билан тенг ҳуқуқли мулоқот бошлашни талаб қилмоқдалар. Улар талаблари орасида ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар ва маҳбусларга нисбатан аёвсиз муомалага чек қўйиш чақириқлари ҳам бор.

Туркманистонда тобора ёмонлашиб бораётган инсон ҳуқуқлари вазияти айни пайтда Европада яшаётган туркманистонлик ва ўзбекистонлик лидерлар гуруҳининг БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши махсус маърузачиси билан 8 мартдан 11 мартгача бўлиб ўтган учрашуви диққат марказида бўлди.

Бу тадбир 28 февралдан 25 мартгача Женевада ўтаётган БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 16-сессияси доирасида бўлиб ўтди.

Нидерландияда яшовчи Туркманистон Фуқаровий Демократик уюшмаси раҳбари Вячеслав Мамедов сўзларига кўра, мамлакат ичкарисидаги фаоллар ўта қийин аҳволда юрибдилар.

У фуқаролик жамияти барбод қилинганига қарамай, мамлакатда жонини хатарга қўйиб, ҳали ҳам бир неча ташаббускор гуруҳ ҳаракатланаётганини, уларнинг фаолияти ўта аёвсиз назорат ва қўрқитиш шароитида кечаётганини маълум қилди.

“БМТ сўнгги 15 йил ичида расмий Ашхободга 35 та мактуб юборганига қарамасдан, туркман расмийлари бу ташкилот махсус маърузачиларини мамлакатга қўймаяптилар, шунинг учун биз имкон борича максимал ахборот тақдим этишга ҳаракат қилдик”, - деди Мамедов.
Унинг фикрича, расмийлар томонидан тобора кучайиб бораётган босимни ўз танасида ҳис қилаётган фуқаролик жамияти фаоллари учун ҳалқаро ҳамжамият қўллови зарур.\

2010 йил ноябрь ойи сўнгида бир гуруҳ фуқаролик жамияти фаоллари Остона ўтказилиши режаланмиш ЕХҲТ саммити арафасида бўлиб ўтган нодавлат ташкилотларининг параллел саммитида иштирок этиш учун Қозоғистонга чиқа олмадилар.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Наталья Шабунц ўшанда уй қамоғига олинган ва шундан бери унинг уйи йўлагида кечаю кундуз Миллий хавфсизлик вазирлиги ходимлари навбатчилик қилмоқда. Туркманистонлик қолган уч фаол билан ҳам махсус хизматлар кескин охангда суҳбат ўтказиб, ҳибсга олиш таҳдиди билан улардан бу сафардан воз кечишни талаб қилдилар, шунингдек, уларга ЕХҲТнинг Ашхободдаги идорасига келишни маън қилиб қўйдилар.

Туркманистон собиқ Совет Иттифоқи республикалари ичида ўзгача фикрлилик ва эркинликлар аёвсиз бостирилувчи энг ёпиқ мамлакатлардан бири бўлиб қолмоқда.

2006 йилдан бошлаб бу ерда бирорта ҳам чинакамига мустақил бўлган ташкилот рўйхатга олинмади, аёллар, ёшлар, фахрийлар ва спорт масалалари билан шуғулланувчи ҳамда расмийлар томонидан нодавлат ташкилоти ўлароқ тақдим этилувчи мавжуд жамоатчилик тузилмалари эса ҳукумат назорати остида ва давлатнинг пулига фаолият юритмоқдалар.

Мустақил адвокатлар ассоциацияси раҳбари, Нидерландияда яшовчи Тимур Мисрихонов Туркманистон қамоқхоналаридаги маҳбусларга нисбатан полиция томонидан аёвсиз муносабат ва асоссиз ҳибсга олишлар ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтди.

Шунингдек, у вақтинча сақлаш ҳибсхоналаридаги ўлим ҳолатлари тўғрисидаги хабарлар юзасидан хавотир билдирди.

Ҳибсхоналарда сақланаётган шахслар ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларининг оммавий тарзда бузилиши ҳақида гапираркан, Мисрихонов ўз манбаларига ишорат билан “полициячиларнинг махсус отрядлари камераларга бостириб кириб, резина таёқ ва кишанларни ишга солган ҳолда маҳбусларни уришида акс этмиш мунтазам профилактик тадбирлар” ҳақида сўзлаб берди.

Гумонланувчи сифатида вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида бўлган шахслар орасида Мустақил адвокатлар ассоциацияси томонидан ўтказилган сўров уларнинг ҳар иккисидан бири иқрорнома олиш мақсадида турли шаклдаги аёвсиз муомалага дучор қилинганини аниқлади.

“Улардан айримларигина адвокатлар ҳузурида ўзларига нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик қилган полиция ходимлари устидан шикоят қиладилар, холос, - деди Мисрихонов, - бошқалари эса қўрққанларидан расман шикоятнома беришдан бош тортмоқдалар”.

Туркманистонлик фаоллар БМТ махсус маърузачисига ўзбошимчалик билан ҳисбга олишлар ва маҳбусларга нисбатан аёвсиз муносабат юзасидан туркман расмийларига тезкор қўшма сўровнома юбориш таклифи билан мурожаат қилдилар.

Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланган.
 

Turkmenistan
Frontline Updates
Support local journalists