ЕИ санкцияларни ўз кучида қолдиряпти
ЕИ санкцияларни ўз кучида қолдиряпти
14 май куни Брюсселдаги ЕИ ички ишлар вазирлиги Кенгаши Тошкент 2005 йил май воқеалари юзасидан халқаро тафтиш ўтказилишига йўл бермаганидан кейин Ўзбекистонга қарши қўлланган санкциялар муддатини яна бир йилга чўзишга қарор қилди.
Муддати бир йилга узайтирилган санкциялар мамлакатга қурол олиб кирилишини, шунингдек, мамлакатдаги саккиз нафар биринчи даражали шахсларга олти ой мобайнида виза берилишини тақиқлайди. ЕИ санкцияларни қайсидир даражада юмшатди. Олдинги рўйхатдаги Европага бориши тақиқланган 12 нафар шахсдан тўрттасини ўчирди.
Расмий Тошкент ЕИнинг санкцияларни узайтириш юзасидан чиқарган қарорини ҳозирча шарҳлагани йўқ.
Кузатувчиларнинг фикрига кўра, ЕИ томонидан қўйилган санкцияларнинг ўз кучида қолиши мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланишига қайсидир даражада таъсир ўтказади, лекин ижтимоий-сиёсий вазият борасида жиддий ўзгариш ясай олмайди.
«Ўзбекистон қандайдир арзимас қадамлар ташлаган бўлиши мумкин, лекин сиёсий режимнинг энг асосий қисми, яъни, аксилдемократик бошқарув ўзгармасдан қоляпти», - дейди NBCA рўйхатдан ўтмаган «Эрк» мухолифат партияси вакили Отаназар Орипов.
«Сиёсий ташаббуслар маркази» директори Искандар Худойберганов, санкцияларнинг узайтирилгани адолатдан, лекин бу чора натижа берадими, йўқми, буниси ҳали номаълум, дейди.
«Қўйилган кескин шартлар ҳақиқатан одамни қувонтиради. Лекин бу ЕИ тутган позициянинг мустаҳкамлиги жиҳатидангина қувонтиради, - деб ҳисоблайди Худойберганов. – Бироқ бу нарса қандайдир ўзгаришларни кутаётганларнинг хурсанд бўлишларига асло баҳона бўлмаслиги керак. Ўзгаришлар бўладими, йўқми, ҳали номаълум».
Аммо айрим шарҳловчилар, жумладан Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг Ўзбекистон бўйича директори Андреа Берг санкцияларда ижобий натижалар бўлган ва уларнинг узайтирилганлиги вазиятнинг яхшиланишига олиб боришига умид бор, деб ҳисоблайди.
Жумладан, 8 майдаги ҳуқуқ ҳимоячиси Умида Ниёзовага нисбатан қўлланган 7 йилга озодликдан маҳрум этилиш ҳақидаги ҳукмнинг шартли муддат билан алмаштирилишини айрим шарҳловчилар ҳукуматнинг ЕИ қарорига таъсир ўтказиш истаги билан боғламоқдалар.
Ниёзова чегарани ноқонуний босиб ўтиш ва конституцияга қарши босилган материалларни тарқатишда айбланганди.
«Human Rights Watch санкциялар ЕИ билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларда жуда керакли қурол вазифасини ўтайди», деб ҳисоблайди.