Журналистларни қўрқитиш орқали ўзбек ҳуқумати уларга ҳақиқатни ёзишни таъқиқлаш ниятида

Журналистларни қўрқитиш орқали ўзбек ҳуқумати уларга ҳақиқатни ёзишни таъқиқлаш ниятида

Monday, 8 February, 2010
, кўринишидан, Ўзбекистон расмийларининг объектив ахборот олдидаги қўрқувини намойиш этмоқда.



14 январь куни Марказий Осиё янгиликларини ёритишга ихтисослашган Ferghana.ru ахборот агентлиги Тошкент шаҳар прокуратураси Ўзбекистонда фаолият юритаётган бир неча мустақил журналистларни чақиртириб сўроқ ўтказгани ҳақида хабар берди.



Олти нафар репортерлар Тошкент шаҳар прокурорининг ёрдамчиси Баҳром Нурматов томонидан суҳбатга чақиртирилди.



Бироқ уларнинг икки нафари чақирув қоғози тақдим этилмагани учун прокуратурага боришдан бош тортдилар.



“Прокуратурада журналистларнинг ҳар бирига уларнинг устидан тўпланган досье, улар ёзган мақолалар, репортажлар, шунингдек, уларнинг батафсил таржимаи ҳоллари ва бошқа ҳужжатлар солинган папка кўрсатилди, - дея ёзади нашр. – Тошкент шаҳар прокурорининг ёрдамчиси ушбу материаллар прокуратурага Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ва ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилганини маълум қилди”.



Журналистларга кўра, прокуратура ходими баъзи репортёрларга уларнинг таржимаи ҳолидан кам маълум бўлган фактларни ўқиб берди, улар чоп этаётган мақолалар остида имзо чекаётган тахаллусларини, репортёрлар қайси масс-медиа нашрлари билан ҳамкорлик қилаётганларини, халқаро конференцияларга чиққан-чиқмаганларини ҳамда кимлардан ва қанчалик тез-тез пул жўнатмалари олиб тураётганларини айтиб берди.



Мустақил журналист Сид Янишев прокурор ёрдамчисининг чет эллик веб-ресурслар билан ҳамкорлигига оид саволларига жавоб берди.



“Бу ердагилар сизнинг мақолаларингизни бир ёқлама, объектив эмас ҳамда мамлакат раҳбариятини ҳақорат қилувчи дея ҳисоблашмоқда”, - дейди прокурор ёрдамчиси Ferghana.ru агентлиги келтирган иқтибосда.



Эртасига, 8 январь куни яна бир тошкентлик мустақил репортёр Алексей Волосевич ҳам профилактик суҳбат ўтказиш учун прокуратурага чақиртирилди.



“Нурматов [Тошкент шаҳар прокурорининг ёрдамчиси] мен билан суҳбат давомида тахминан кечаги саволлар билан қизиқди, - деди у, - шунингдек, қандай тахаллуслар остида ёзишимни, чет элга чиққан-чиқмаганим ҳамда Uznews.net ва IWPR билан ҳамкорлик қилганманми ёки йўқлигини сўради. Кўринишидан, бу икки оммавий ахборот воситалари улар учун энг қўрқинчлига ўхшаяпти”.



Мамлакат ичкарисида ва ундан ташқаридаги сўралган NBCA шарҳловчиларининг тахмин қилишича, махсус хизмат идораларининг мустақил журналистларга қизиқиши онлайн-журналистиканинг роли кучайиб бораётгани ҳамда Интернет тармоғида цензура ғалвиридан ўтмаётган Ўзбекистон ҳақидаги кўп миқдорда таҳлилий мақолалар пайдо бўлаётгани билан боғламоқдалар. Ҳолбуки, мамлакат ичкарисидаги барча матбуот воситалари синчковлик билан ғоявий текширувдан ўтади.



“Ўзбекистонда ҳеч нарсага қарамай, ўз ҳаётларини хавф остида қолдириб интернет-сайтлар учун мақолалар ёзаётган бир-неча журналистлар бор, - дейди RFE/RL ўзбек тили хизмати Ozodlik Радиоси мухбири. – Бугунги кунда расмийлар ҳар томонлама назоратни кучайтирганларига қарамай, Ўзбекистондан мустақил ахборот келишда тўхтамаяпти. Етти миллионга яқин ўзбекистонлик муҳожирлар мунтазам равишда Интернетдаги материалларни ўқиб борадилар, форумларда фаол иштирок этадилар, ўзларининг танқидий фикрларини ёзиб қолдирадилар. Расмийлар Ўзбекистондан ташқаридаги одамлар воқеликдан яхши хабардор бўлиб қолаётганларидан хавотирдалар... шунинг учун ҳам ушбу ахборотни етказиб бераётган ўша журналистларга босим ўтказилмоқда”.



Волосевич шунингдек,расмийлар электрон оммавий ахборот воситаларининг “роли борган сари ўсиб бораётганидан” хавотирда эканлиги борасида тахмин қилди. Шунинг учун ҳам унинг қайд этишича, махсус хизмат идоралари журналистлар сафида “тозалов” олиб бораяпти.



“Ўзбекистонда журналистларнинг бу каби оммавий равишда сўроққа тутилишини мен эслай олмайман”, - деди у.



Тошкентда истиқомат қилаётан медиа-шарҳловчи ҳам сўроққа чақирилган репортёрларнинг кўпчилиги айнан интернет журналистикага ихтисолашганини қайд этди.



“Интернет жадал суратларда ёйилиб бораётани важидан, уларнинг етказиб бораётган ахборотларига талаб борган сари кучайиб бораяпти, - дейди суҳбатдош. – Интернет журналистини ишдан бўшатиш ёки унинг иш берувчисига босим ўтказиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам расмийлар уни номақбул санаган фаолиятдан воз кечдириш учун таҳдид қилишдан бошқа чоралари қолмайди”.



Муҳожирликга чиқиб кетган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, журналистлар билан прокуратурадаги суҳбат “ўзига ҳос огоҳлантириш” бўлиб қолган.



“Ҳукуматга кўра, ҳозир Интернетда Ўзбекистон тўғрисида чоп этилаётган ишончли ҳақиқат расмийлар нима деяётган бўлса, барчасини обрўсизлантираяпти. Ушбу ахборот урушида улар ҳозирча ушбу ҳақиқатга қарши бас кела олмаяптилар. Энди шу ҳақиқатни ёзаётганларга нисбатан куч ишлатишларни кутиш қолаяпти, холос”, - деди у.



Мамлакатнинг шимолий вилоятида истиқомат қиладиган журналист расмийлар томонидан мустақил муаллифларни таъқиб қилиниши жаҳон ҳамжамияти томонидан беътибор қолишидан ташвиш билдирмоқда.



“Журналистларнинг фаоллигини бостириш кампаниясини ўтказиш учун расмийлар қулай вақт танладилар, - дея қайд этади Сергей Наумов. –Турли сабабларга кўра, айни пайтда Ғарб ва Шарқ расмий Тошкентга нисбатан ўз хайрихоҳлиги намойиш этмоқда”.



Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирликлари раҳбарларининг 27 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисида Ўзбекистонга қарши сўнгги санкцияларини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.



“Ўзбекистон расмийларини ҳуқуқ устиворлигини мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқлари атрофида аҳволни яхшилашга қаратилган сезиларли қадамларни қўйишга рағбатлантириш учун, шунингдек, уларнинг ўз зиммасига олган мажбурятларини эътиборга олиб, [Европа Иттифоқи вакиллари] кенгаши қолган чекловларни қайта янгиламаслик тўғрисида қарор қабул қилди”, - дея қайд этилади Европа Иттифоқи Кенгаши матбуот хизматининг хабарномасида.



Ўшанда NBCA шарҳловчилари Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан санкцияларни тўла ҳолда бекор қилиниши мамлакатда ҳуқуқ ҳимоя атрофида юзага келган вазиятни яхшиланишига олиб келмайди, дея қайд этгандилар.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists