Жанубий Қирғизистон ўзбеклари провокациялардан чўчиган

Жанубий Қирғизистон ўзбеклари провокациялардан чўчиган

Январь ойи боши жанубий Қирғизистоннинг пойтахти бўлмиш Ўш шаҳрида яшовчи кўплаб ўзбек оилаларига қўрқув ва хавотир олиб келди. Шаҳар марказидаги фаввора майдонида, Навоий номли маданият ва истироҳат боғидан узоқ бўлмаган жойга ўрнатилган самолётда “Сарттарга олум” (Сартларга ўлим) деган каттагина ёзув пайдо бўлди.

Бу каби провакацион ёзувлар жанубий пойтахтда жойлашган Ўзбек академик театри деворида, асосан ўзбеклар истиқомат қиладиган Черёмушки мавзеида ҳамда айрим маҳаллалардаги бой ўзбекларнинг ҳовлилари деворида топилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ва милиция бу провокацияларни “безорилар қилмиши” деб атаб, улар бўйича жиноий ишлар қўзғатди, маҳаллий ўзбек фаоллари эса аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб борди. Бироқ бу уринишлар одамларни унчалик ҳам хотиржам қилолгани йўқ.

“Одамлар ваҳимада қолган, - дейди NBCAга маҳаллий ўзбеклардан бири Солижон хавотир билан. – Тушдан кейин биз кўчага чиқишга чўчиймиз, болаларни ҳам чиқармаймиз. Ўз маҳалламиздан олисламасликка ҳаракат қиламиз”.

Ўшдаги инсон ҳуқуқлари бўйича Эдвокаси-марказида ишловчи ҳуқуқ ҳимоячилари сўнгги бир неча ой мобайнида этник ўзбеклар зич яшайдиган жойларда уларни сиқувга олиш ҳолатлари кузатилганини гапириб бердилар. Кўпчилик кишилар зўравонлик алангаланиб кетишидан қўрқиб турибдилар, шунинг учун ҳам провокацион ёзувлар “оловга мой қуйгандек” бўлди.

Ўзбекистон билан умумий чегарага эга бўлган беш миллионли Қирғизистонда қадимдан ўзбекларнинг катта жамоати истиқомат қилади, улар 800 мингга яқин кишини ёки мамлакат аҳолисининг 15 фоизини ташкил этадилар.

Ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги муносабатнинг дарз кетишига 2010 йил июнь ойида содир бўлган фожеавий воқеалар сабаб бўлди. Ўша пайтда Қирғизистон жанубидаги этник зўравонлик натижасида, расмий маълумотларга кўра, 400 зиёд киши ҳалок бўлди, бундан-да кўпроқ одам тан жароҳати олди ва мол-мулкини йўқотишдан жабр тортди. Ўшанда Ўш шаҳри, шаҳарнинг ён-атрофи ва Жалолободда қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида содир бўлган бир неча кунлик тўқнашувлар чоғида тажовузкор оломон томонидан муайян миллатга мансуб кишиларга тегишли юзлаб уйлар, дўконлар, ресторанлар ва тадбиркорлик нуқталари яксон қилинди.

Бир ярим йил мобайнида миллатлараро мулоқотни тиклашга қаратилган чора-тадбирлар ишга солинди, давлат миқёсида Этник сиёсат ва жамиятни жипслаштириш концепцияси қабул қилинди, бироқ NBCAнинг жанубий Қирғизистон бўйича шарҳловчилари иш ҳали-ҳамон қоғоздан амалга кўчмаганини эътироф этаяптилар.

“[Миллатлараро муносабатни] мустаҳкамлаш бўйича жиддий чора-тадбирлар кўрилмади”, - деди NBCAга Ўшдаги Ўзбек миллий маданий маркази президенти Рашид Хўжаев.
Қирғизистондаги этник ўзбеклар зич яшайдиган бошқа бир жанубий вилоят – Боткендан бўлган фаол Абдураззоқ Эшонов миллатлараро муносабатга оид вазиятнинг ташвишланарли эканини ва миллатлар бир-биридан узоқлашишда давом этаётганини айтади.

“Ўзбек ёшлари қирғиз ёшлари билан алоқа қилмаяпти ва аксинча ҳам шундай, - дея қўшимча қилади. – Агар авваллари ўзбек тўйлари ёки дафн маросимларида ўзбеклар ҳам, қирғизлар ҳам иштирок этган бўлса, ҳозирги пайтда бунақа нарса йўқ”.

Эшонов буларнинг барчасига, унинг сўзларига кўра, “этник озчиликларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муаммолари билан қизиқишни йиғиштириб қўйган” расмийлар айбдор, деб билади, бу эса янада жиддийроқ оқибатларга олиб келиши мумкин.

Расмийлар, ўз навбатида, содир бўлаётган воқеаларга фактларни қайд этиш билангина муносабат билдиришга уринмоқдалар. 16 январь куни Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Шамиль Атаханов парламентнинг Мудофаа ва хавфсизлик бўйича қўмитаси мажлисида Қирғизистонда 29 та эҳтимолий миллатлараро тўқнашув ўчоғи мавжудлигини билдирди. У маҳаллий расмийлар суст ишлаётганини ҳамда бу каби зиддиятларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режасига эга эмаслигини эътироф этди.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.
 

Frontline Updates
Support local journalists