Виталий Пономарев: “Ўзбекистондаги қатағон кўлами ЎИҲдан кўра кўпроқ хавф туғдирмоқда”
Виталий Пономарев: “Ўзбекистондаги қатағон кўлами ЎИҲдан кўра кўпроқ хавф туғдирмоқда”
16 март куни Москва шаҳридаги “Мемориал” ҳуқуқни муҳофаза қилиш маркази “2009-2010 йилларда Ўзбекистондаги сиёсий қатағонлар” («Политические репрессии в Узбекистане в 2009-2010 годах») ҳисоботини эълон қилди. 150 саҳифадан иборат бу ҳужжатдан ҳуқуқ ҳимоячиларининг кузатувлари, баҳолари ва хулосалари, қатағон динамикаси, кўпчилиги террорчилик, исломий экстремизм ва ноқонуний диний фаолият тўғрисидаги шубҳали ишлар бўйича судланган маҳбуслар сони ҳақидаги маълумотлар ўрин олган.
“Мемориал”нинг Марказий Осиё дастури директори Виталий Пономарев NBCAга берган интервьюсида бу ҳужжат устида иш қандай олиб бораётгани ҳақида сўзлайди, сиёсий қатағон динамикаси, сиёсий маҳбуслар таркибига баҳо беради, Ўзбекистон судлари айблов ҳукмлари чиқараётган ҳуқуқий базани таҳлил қилади.
NBCA: Сиздаги маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистондаги сиёсий қатағонлар қурбонлари сони қанча? Улар қайси моддалар бўйича айбланганлар?
Виталий Пономарев:Ўзбекистонлик сиёсий маҳбуслар сони бир неча минг кишини ташкил қилади, бу бутун постсовет мамлакатларидаги сиёсий маҳбуслар йиғиндисидан ҳам кўпроқдир. Ҳисоботга илова қилинган ҳужжатда беш юздан зиёд одамнинг – 2009-2010 йилларда сиёсий сабабларга кўра жиноий таъқибга учраган кишиларнинг рўйхати келтирилган.
Бизда бу давр мобайнида яна уч юздан зиёд кишининг ҳибсга олингани ёки судлангани ҳақида маълумот бор, аммо уларнинг исмлари бизга маълум эмас. Аввалги йиллар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда айтишим мумкинки, биз одатда бунақа ишларнинг ярмидан камроғи тўғрисида маълумот олишга эришамиз, холос.
Бу сиёсий маҳбусларнинг қарийб ҳаммаси таъқиқланган ташкилотга аъзолик, жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тарқатганлик, конституциявий тузумга тажовуз қилганлик, ноқонуний диний ташкилот тузганликда айбланганлар.
Ҳисоботда қатағонларнинг ҳуқуқий базаси таҳлил қилинади, бунда гап Ўзбекистон Жиноят кодексидаги тегишли моддалар ҳозирги ҳолатида халқаро стандартлар, мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига жавоб бермаслиги ҳақида боради. Кенг қўлланиладиган бир неча моддада “фундаментализм”, “эсктремизм” каби атамалар зикр қилинади, бироқ Ўзбекистоннинг жиноятчиликка оид қонунчилигида бу атамаларга таъриф берилмаган.
Таҳлилнинг яна бир жиҳати террорчиликда айблаш амалиётига дохил бўлди. Маҳаллий қонунларда террорчилик хуружларини тайёрлаш ёки амалга оширишда бевосита иштирок этганлар билан жиноятга шунчаки билвосита алоқадорликда айбланганлар ёки дейлик, айбланувчиларга шунчаки қанақадир ёрдам берганлар ўртасида фарқ чизиғи тортилмаган. Бу террорчиликда айбланиб, судланаётган шахслар доирасининг асоссиз равишда кенгайиб кетишига олиб келади.
NBCA: Сиздаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда танилган террорчилик гуруҳлари борми?
Пономарев: 2009 йилдан буён жиноий ишларда “жиҳодчилар” деган атамадан фаол фойдаланила бошлади, бу Ўзбекистонда “ваҳҳобийлар” атамаси ўрнини эгаллаган янги сиёсий ёрлиққа айланди. Қизиғи шундаки, 2009-2010 йилларда ЎИҲ [Ўзбекистон Исломий ҳаракати] аъзолари устидан, Украина топширган бир гумонланувчидан ташқари, қарийб маҳкама жараёни ўтказилгани йўқ, ваҳоланки, экспертларнинг кўплаб мақолаларида бу ташкилотнинг Ўзбекистон ҳудудидаги зўравонликларга алоқадорлигига ишоратлар бор. Бироқ жиноий ишлар материаллари бу баҳоларни тасдиқламаяпти.
Умуман олганда, 2009 йилнинг май ойида Андижон вилоятида бўлиб ўтган нохуш ҳодисалардан ташқари, сўнгги икки йил ичида мамлакат ичида содир этилган зўравонликларга ЎИҲ ёки Исломий жиҳод иттифоқи каби таниқли хорижий жиҳодчилик ташкилотлари алоқадорлиги ҳақида ишончга сазовор ҳеч қанақа далил йўқ.
Ҳисоботда биз бу муаммога янгича ёндошувни таклиф қилганмиз, жумладан, террорчилик гуруҳларидан бўлган хавфга расмийларнинг жавоб ҳаракатлари нақадар мутаносиблигини баҳолашга уринганмиз. Асосий хулосалардан бири – расмийларнинг ҳатти-ҳаракатлари асоссиз ва номутаносибдир, қатағон кўлами эса шундайки, ҳатто қатағоннинг ўзи муҳим беқарорлаштирувчи омил бўлиб ҳисобланади ва у ЎИҲ каби ташкилотлардан ҳам кўра минтақадаги ижтимоий хавфсизлик учун катта хатар туғдиради.
NBCA:Сизнингча, 2009-2010 йилларда сиёсий сабабларга кўра жиноий иш қўзғатиш ва олиб бориш тактикаси ўтган йилларга нисбатан ўзгарганми?
Пономарев:Ҳа, ўзгаришлар бор. Ҳатто айбловни малакалаш соҳасида ҳам.
NBCA: Ҳисоботни ёзиш чоғида суд қарорларини олиш сизда имконияти бўлдими? Қайси манбалардан олинган маълумотларга таяндингиз?
Пономарев: Биз суд қарорлари нусхаларини олишга ҳаракат қилдик ва қатор маҳкама жараёнлари бўйича бунга эришдик. Дарвоқе, ҳисоботда таҳлил қилинган айрим расмий материаллар, масалан, 2009 йилнинг май ойида Андижон вилоятида содир бўлган воқеаларга алоқадор иш бўйича материаллар аввал оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган эмас. Шу важдан бу ҳақда ўқиш фақат мутахассисларгагина эмас, бошқаларга ҳам қизиқ бўлади, деб ўйлайман. Ҳужжатли материаллар билан бир қаторда биз расмий ва мустақил оммавий ахборот воситалари мақолаларини, маҳаллий ҳуқуқ фаоллари маълумотларини ҳам таҳлил қилганмиз. Бу материалларнинг айримлари юзасидан аниқлик киритадиган саволлар билан мурожаат қилиш учун муаллифлар билан боғландик. Кўпинча бунақа мулоқот чоғида биз қўшимча маълумотлар олардик.
Ниҳоят, биз ҳозир бошқа мамлакатлар ҳудудида юрган ўзбекистонлик қочқинлар, меҳнат муҳожирлари ўртасида ҳам сўров ўтказдик. Улар ҳам ўзлари яшаган ҳудудлардаги ҳибсга олишлар ва судлар ҳақида муҳим маълумот манбаси бўлиб ҳисобланадилар. Бироқ барибир бу борадаги маълумот тўла эмас. Айтиш мумкинки, сўнгги икки йил мобайнида Ўзбекистон ҳудудлари ярмидан ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамжамияти ва журналистларга сиёсий сабабларга кўра олиб борилаётган маҳкама жараёнлари ҳақида ҳеч қанақа ахборот келмаган. Баъзан у ёки бу маҳкама жараёни бўлиб ўтгани ҳақида ягона ахборот манбаи расмий оммавий ахборот воситаларидаги хабарлар бўлиб қолмоқда.
NBCA:Сизнинг икки йиллик мониторингизга кўра қатағон динамикаси қандай бўлди?
Пономарев:Сиёсий сабабга кўра очилган жиноий ишлар кўпайиш тенденцияси сезилаётганини биз 2008 йил ўрталаридаёқ қайд этгандик. Катта тўлқин 2009 йили Андижон вилоятида содир бўлган воқеалардан кейин юзага келди. Кейин 2009 йил ёзида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги зўравонлик ҳаракатлари бўлди. Қатағон даражаси ҳозир 2004-2006 йиллардаги авж палладан ҳам кўра юқорироқ. Ҳозир ўнлаб одам устидан ўта жиддий айбловлар билан сунъий равишда гуруҳий жиноий ишлар барпо қилаётган жазо машинаси шаклланди, деб ўйлайман. Ҳолбуки, бу айблов асосида кўп ҳолларда норасмий диний таълим олганлик, диний мавзулардаги муҳокамада қатнашганлик ёки танишлар билан суҳбатлашганликдан бошқа ҳеч нарса бўлмайди.
NBCA: Ўзбекистондаги кенг кўламли сиёсий қатағон қанақа оқибатларга олиб келиши мумкин?
Пономарев: Сўнгги ўн йилдан кўпроқ вақт мобайнида кенг кўламли қатағонлар узлуксиз давлат амалиёти сифатида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун асосий беқарорлик манбаси бўлиб ҳисобланади. Буларнинг ҳаммаси минтақа хавфсизлиги ва барқарорлиги учун анча жиддий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.
Мен муайян шарт-шароитда минтақада Яқин Шарқ сценарийси такрорланиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайман. Бунда Ўзбекистон учун Мисрдагидай сценарий эмас, Ливиядагидек зўравонлик варианти эҳтимоли каттароқ. Ўзбекистоннинг Ғарбдаги ҳамкорлари ҳам, МДҲ ичидаги ҳамкорлари ҳам бу вазиятни ўзгартириш учун муайян чоралар кўришлари ва расмий Тошкентга босим ўтказишлари лозим.
Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланган.