Ўзбекистоннинг иқтисодий дилеммаси

Расмийлар иқтисодиётни экспорт-хом ашё қарамлигини сусайтириш учун хусусий сектор улушини кўпайтиришга ҳаракат қилмоқдалар, бироқ бунақа стратегия не чоғли яшовчан?

Ўзбекистоннинг иқтисодий дилеммаси

Расмийлар иқтисодиётни экспорт-хом ашё қарамлигини сусайтириш учун хусусий сектор улушини кўпайтиришга ҳаракат қилмоқдалар, бироқ бунақа стратегия не чоғли яшовчан?

Хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича янги дастур Ўзбекистонни хом ашё қарамлиги даражасини пасайтириш мақсад қилган кўринади, бироқ таҳлилчилар эътиборли доираларнинг тижорий манфаатлари иқтисодий тизим шамойилини ўзгартиришда асосий тўсиқ бўлиб қолишини айтмоқдалар.

Ўтган ойда президент Ислом Каримов бизнес муҳитга кўмаклашиш бўйича дастурни маъқуллади – 2011 йил Хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес йили деб эълон қилинди.

Бу режа тадбиркорлар янги бизнесни бошлашда дуч келадиган бюрократик тўсиқларни йўқ қилиш ҳамда кредит олиш имконияти, қатор солиқ имтиёзлари ва бошқа енгилликларни кўзда тутган.

Кўринишдан, расмийлар нафақат ички бозорда сотиш, балки экспорт қилиш учун анча юқори сифатли молларни ишлаб чиқарадиган кичик ва ўрта тадбиркорларни рағбатлантиришдан ўта манфаатдорлар. Бундан ташқари, бу янги иш ўринларини яратиш ва шу тариқа аҳолининг турмуш даражасини кўтариш имконини берган бўларди.

Лондоннинг Economist Intelligence Unit (EIU) марказидаги Ўзбекистон бўйича таҳлилчи Жон Эндрю (John Andrew) IWPRга берган интервьюсида “ҳали бу стратегия ҳақиқатан амалга ошириладими ёки қуруқ сўзлигича қолиб кетадими – буни ҳали кўриш керак”, дейди.

Пахта, табиий газ ва олтин сотишдан тушган даромадга анчагина қарам бўлган Ўзбекистон бошқа кўплаб хом ашё экспортчилари каби сўнгги бир неча йил давомида бутун дунёда кузатилган молиявий бўҳрон чоғида талаб ва баҳоларнинг пасайишидан зарар кўрди.

“Асосий хом ашё товарлари экспорти даромадига қарамлик Ўзбекистони жаҳон нархлари ва талаби флуктуациясига анча қарам қилиб қўяди, - дея тушунтириш киритади Эндрю. – Давлат сектори зарур миқдорда иш ўринлари яратолмаслиги ёки етарлича турмуш даражасини таъминлай олмаслигини ҳисобга олсак, режимнинг ағдарилиш хавфи мавжуд. Агар режим у ёки бу шаклда лаёқатсизлик намойиш этса, назорат остидан чиқиб кетиши мумкин бўлган ишсизлар ва қашшоқлик ёқасига олиб келиб қўйилган фуқаролар ўртасида халқ норозиликлари кучайиши эҳтимолдан ҳоли эмас”.

Айрим хом ашё моллари бозори кейинги пайтда ўзини ўнглаб олди, бироқ Ўзбекистон иқтисодиёти аввалгидек ўзгараётган ташқи шарт-шароитга ўта таъсирчанлигича қолмоқда.

“Ўзбекистон, айниқса, 2010 йилда жаҳон бозорида пахта ва олтин нархлари юқорилигидан, шунингдек, кейинги йилларда ўз асосий бозорлари билан мувофиқлаштириб олган газ учун экспорт нархларининг тез кўтарилишидан фойда олди. Бироқ 2009-2010 йилларда Россияга газ экспортини амалга ошириш муаммолироқ бўлиб қолди, чунки етказиб берилувчи газ ҳажми Россияга ўз экспорт бозорлари учун қанча газ зарурлигига боғлиқ”, - деди Эндрю.

Ҳукумат товар қазиб олиш ва экспорт қилишга ружуъ қўйиш хавфлилиги ҳамда ҳатто иқтисодий жиҳатдан устун бўлган давлат сектори ҳам тобора ўсиб бораётган аҳоли учун етарли иш ўринлари ярата олмаслигини назарда тутган ҳолда, мамлакатда хусусий сектор ишлаб чиқаришини кенгайтириш зарурлигини тушуниб етиши мумкин эди.

Бироқ йўналишни бу қадар тубдан ўзгартириш унчалик осон иш эмас, бунга чапараста субсидиялаш ёрдамида сунъий равишда эришиш хавфи мавжуд.

Тошкентлик иқтисодчи Дилмурод Холматов безнес-муҳит хорижий сармояларга мойил бўлмаган шароитда маҳаллий ишлаб чиқаришни кўтариш учун ягона манба табиий бойликлар бўлиб қолишидан огоҳлантиради. Бунда якуний натижа молия жамғармаларини иқтисодиётнинг бир жабҳасидан бошқа жабҳасига ўтказиш бўлиб қолиши мумкин.

Холматов фикрича, “бизнес-муҳитни либераллаштириш, давлат назоратини сусайтириш ва инвестицион имижни кўтариш” Ўзбекистондаги иқтисодий номавзунлик муаммосини ҳақиқатан ҳал қилган бўларди.

Бироқ бу ерда бошқа бир тўсиқ мавжуд, у ҳам бўлса, ўзининг кўп йиллик монополизмидан фойда кўриб келган ва рақобатчилар пайдо бўлишидан хурсанд бўлмайдиган ҳукуматга яқин қудратли доираларнинг тижорий манфаатларининг борлигидир.

“Хусусий секторни изчил қўллаб-қувватлаш ҳеч қачон Ўзбекистон режими иқтисодий сиёсатининг мақсади бўлмаган, - деди Эндрю. – Мавжуд режимга хос давлатга орқа қилинган модель унга иқтидорда қолишга ёрдам берувчи иқтисодий протекцион тармоқларни сақлаб қолишга имкон беради. Эркин тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш томон қилинган ҳар қандай кескин ва самимий ҳаракат, шу тариқа, унинг яшовчанлигига хавф солади”.

Эркин ва ҳаққоний рақобат учун бизнес-муҳит яратиш, Эндрюнинг сўзларига кўра, “коррупцияга қарши курашда ҳозиргача қўлланилганидан кўра самаралироқ чоралар кўрилиши”ни талаб қилади.

“Коррупция ва протекцион тармоқлар бир-бири билан шу қадар чатишиб кетганки, пировардида бундай шароитда ишлаш жуда қийин бўлиб қолган”, - дея қўшимча қилади у.

Президент Каримов ўзининг январь ойидаги мурожаатида Ўзбекистон иқтисодиёти оқилона тадбирлар шарофати билан унумли ишлаётгани, бу ўз мамлакатининг бошқа кўплаб мамлакатлар дуч келган муаммолардан иҳоталанишига имкон берганини билдирди.

Эндрю Каримов тақдим этган некбинона рақамлар юзасидан мулоҳазакорлик билан фикр билдирди. Унинг айтишича, EIU ҳисоб-китобларига мувофиқ, ўтган йили иқтисодий ўсиш Каримов томонидан айтилган 8,5 фоизнинг ярмига тенг бўлди, айни пайтда инфляция даражаси расман эълон қилинган 7,4 фоиздан икки баробар кўпроқ бўлгани эҳтимолдан ҳоли эмас.

Гарчи автомобилсозлик саноати, афтидан, самарали ишлаётган бўлса-да, экспорт даромадлари ошишини ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайгани эмас, балки ўсиб бораётган жаҳон нархлари белгилаб бермоқда, деди эксперт.

“Ҳукуматнинг жадал иқтисодий ўсиш ва иш ўринлари яратиш дастурига (бу дастур шарофати билан, расмийларга кўра, 2010 йилда қарийб миллион иш ўрни яратилган – бемаъни даъво) қарамай, ўзбекистонликлар иш ва мўмайроқ маош илинжида тўп-тўп бўлиб Россия ва бошқа мамлакатларга кетишда давом этмоқдалар”, - деди Эндрю.

Дмитрий Аляев, Россияда яшовчи ўзбекистонлик журналист.

Мазкур мақола IWPRнинг икки лойиҳаси – Европа Комиссияси кўмагида амалга оширилаётган “Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва ҳуқуқ ҳимояси таълими” ҳамда Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги молиялаштираётган “Ҳуқуқ муҳофазаси масалалари, зиддиятларни ёритиш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш бўйича ахборот дастури” лойиҳалари доирасида тайёрланди.

IWPR Европа Иттифоқи мамлакатлари ёки Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги қарашларини мутлақо акс эттирмайдиган мазкур мақола учун жавобгарликни тўлалигича ўз зиммасига олади.


 

Uzbekistan
Economy
Frontline Updates
Support local journalists