Ўзбекистоннинг биринчи оиласи ичидаги низолар
Мамлакатда президент сайлови яқинлашгани сайин можаро ҳокимият учун яширин курашни очиққа чиқармоқда
Ўзбекистоннинг биринчи оиласи ичидаги низолар
Мамлакатда президент сайлови яқинлашгани сайин можаро ҳокимият учун яширин курашни очиққа чиқармоқда
Таҳлилчиларга кўра, президент Ислом Каримов оиласидаги зиддият ойлари одатда бегона кўзлардан пана тутилган ворислик учун курашни очиб ташлади.
Президентнинг қизи Гулнора Каримова атрофида кўпроқ Twitter тармоғида бўлиб ўтаётган ғалва-жанжаллар махсус хизмат раҳбари Рустам Иноятов теграсида яралган таъсирли гуруҳнинг ҳокимият учун курашда аста-секинлик билан олдинга силжиётганини кўрсатмоқда.
Гулнора Каримова бир муддат банк ҳисоб рақамлари ва тижорий фаолият бўйича халқаро текширувларда номи чиқиб юрди, бироқ бу воқеа унинг синглиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси Лола Каримова-Тиллаева ВВСнинг ўзбек хизматига интервью берганидан кейин оммалашиб кетди. Бу интервью одатда ёпиқ бўлган бошқарув элитаси учун ошкора интервью эди. Гулноранинг исми отасига ворис бўлиш имконияти туфайли тез-тез тилга олиниб турарди, бироқ, Лолага кўра, бунинг учун имконият чекланган.
Опа декабр ойида Туркиянинг Hürriyet рўзномасига берган интервьюсида Лола эри Тимур Тиллаев билан биргаликда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ташаббусига кўра ўзига қарши кампания бошлаганини айтиб, синглисига жавоб зарбасини берди.
Twitter тармоғининг фаол фойдаланувчи бўлган Гулнора Каримова синглиси, онаси Иноятов ва МХХнинг бошқа ходимларини айблаб чиқди. Одатда дахлсиз бўлган хавфсизлик хизмати президент Каримовнинг ўз қизига нисбатан ишончини емирувчи бўҳтонона ҳисоботлардан фойдаланганликда айбланганини англади. Гулнора, унинг сўзларига кўра, МХХ томонидан ўзбошимчалик билан ҳибсга олинган ўз фирмаларидаги ходимлар ҳақида ҳам янги-янги маълумотларни бериб борди.
Ўзбекистонда Каримованинг бизнеси, ТВ ва радиостанциялари, хайрия жамғармаси гўё солиқ текширувларидан кейин ёпилган.
Кўплаб таҳлилчилар фикрича, Каримовага қарши кампания отасининг рухсатисиз амалга ошиши мумкин эмасди. Медиа-уруш Ўзбекистоннинг ҳукмрон элитаси Европа Иттифоқи амалдорлари томонидан ўтказилаётган текширувлар қизиганини ҳис қилган пайтда бошланди. Бу текширувлардан бири Швейцарияда муҳтамал пул ювиш билан, бошқаси эса TeliaSonera Швеция-Финляндия телекоммуникацион фирмаси Ўзбекистон мобиль алоқа бозорига чиқиш учун оффшор ҳисоб рақамига пул чиқаргани ҳақидаги баёнот билан боғлиқ эди.
Гулнора бу олди-бердиларга аралашган фирмаларга алоқадорлиги бўйича тахминларни рад этади, бироқ унинг номи текширув чоғида унинг юзага чиққани президентнинг оиласини ёмонотлиқ бўлишига олиб келиши мумкин эди, айни пайтда бунинг учун у жавобгар бўларди. Ҳозир АҚШда яшайдиган ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев сўзларига кўра, МХХ ҳам президентга Гулноранинг Twitter тармоғида президентлик амбициялари борлигига ишора қилгани ҳақида маълумот етказган бўлиши мумкин.
«Аввал МХХ Каримовнинг йўл-йўриғи билан унинг империясини ёпишни бошлади, кейин эса улар президентга қизининг сиёсий амбициялари ва тахтга даъвоси ҳақида айтишди. Шу тариқа Иноятов вазиятни таранглаштириб, оловга мой қуйиб турди», - дейди Йўлдошев.
У шов-шувли жанжал Гулноранинг президентликка ўз номзодини қўйиш бўйича ҳар қанақа режаларига нуқта қўйганини таъкидлади.
«Каримовнинг характери шундайки, [у билан] ҳеч ким ворис ҳақида гаплашолмайди», - дея қўшимча қилди у.
Декабрь ойида Hürriyet газетасига берган интервьюсида Гулнора давлат раҳбари бўлиш истагини рад этган.
Йўлдошев фикрича, «таъсир учун кураш»да иштирок этаётган элита гуруҳлари ўртасидаги рақобат янада умумийроқ манзарани намоён қилган.
Исми сир қолишини истаган тошкентлик сиёсатшунос бу нуқтаи назарга қўшилишини айтаркан, Иноятов гуруҳи Гулноранинг босим остида кечириб бўлмас хатога йўл қўйишига, бу эса уни рақиблар сафидан чиқариб қўйишига умид қилаётганини таъкидлайди.
«Улар Гулнорани ютишди ва эндиликда ҳаммаси Каримовнинг курсиси учун бўлажак курашда улар ичидан ким даъвогар бўлишига боғлиқ», - дея қўшимча қилди у.
Ташқаридан қараганда постсовет Ўзбекистони Каримов бошчилигидаги яхлит авторитар тизимдан кўринади. Янада аниқроқ манзарани эътибор ва ҳокимият учун курашаётган ва гоҳ марҳаматга ноил бўлаётган, гоҳ ғазабга дучор бўлаётган турли сиёсий гуруҳлар беради. Бу орада президент бир гуруҳни иккинчи гуруҳга моҳирлик билан қарши қўйиб, ўз вазифасини бажаришда давом этмоқда.
Умумий ном билан «кланлар» деб аталувчи (аслида бу нотўғри) бу гуруҳлар Ўзбекистоннинг битта минтақасидан келиб чиққан.
Иноятов ва унинг иттифоқчилари Тошкентдан, ваҳоланки, мазкур мақола учун интервью берган аноним таҳлилчи бунинг бир эмас, икки фракция эканини таъкидлайди. Иноятов атрофида хавфсизлик хизмати фракцияси пайдо бўлган, шунингдек, бош вазир Шавкат Мирзиёев ва унинг ўринбосари Рустам Азимовни ўз ичига олган технократик гуруҳ ҳам бор.
«Уларда [технократларда] маъмурий ресурслар оз эмас, бироқ МХХ гуруҳи билан куч синашга қурблари етмайди-ёв», - дейди у.
Иноятов гуруҳи якка-якка ёки биргаликда ўзларининг улкан таъсиридан усталик билан фойдаланади, чунки МХХ ҳам ўз салафи бўлган совет Давлат хавфсизлик қўмитаси (ДХҚ) каби мақом ва қўрқитувчи эътиборга эга.
Мазкур гуруҳ МХХ рақиби бўлган ва ҳуқуқ-тартибот идораларини назорат қиладиган Ички ишлар вазирлиги устидан назорат ўрнатиб, эпчиллик қилди. Йўлдошевга кўра, Адҳам Аҳмадбоевнинг вазир этиб тайинланиши Иноятов таъсирининг кучайиб бораётганидан далолат беради.
Аҳмадбоев - тошкентлик, унинг расман истеъфога чиқарилган салафи Баҳодир Матлюбов эса «Самарқанд гуруҳи»га алоқадор эди. Матлюбов Самарқанд гуруҳига дохил Зокиржон Алматовга ворис бўлиб келганди.
Йўлдошев октябрь ойида президент хавфсизлик хизмати раҳбари Ахат Носировнинг ишдан бўшатилганини ҳам қайд этиб ўтди. Бу бўлинма МХХга эмас, балки бевосита президентга бўйсунади. Бироқ хизматнинг янги раҳбари этиб Иноятовдан кейин иккинчи одам бўлган Ровшанбек Шамшиев тайинланган.
Uzmetronom.com онлайн ахборот агентлиги бош муҳаррири, тошкентлик Сергей Ежков ўзаро рақобатлашаётган фракциялар аҳамияти ҳақида бошқача фикрда. У низолашаётган гуруҳлар ҳақидаги гапни эътиборсиз қолдириб, аслида биттагина ҳокимият маркази – президент Каримовнинг ўзи борлигини айтади.
«Бу ерда сиёсий кучлар йўқ, - дейди Ежков, - Битта одамнинг истакларини бажарадиган одамлар бор, холос. Улар бундан кейин ҳам унинг истакларини бажаришда давом этадилар».
Тошкентлик бошқа сиёсатшунос Фарҳод Толипов эса ҳозир вазият қандай бўлишини олдиндан айтиб бериш қийинлигини айтади. Аммо президентлик сайловлари 2015 йилга режалангани, ундан аввалроқ ўтадиган парламент сайловлари бутун вазиятни кўрсатиши мумкин бўлгани учун ҳокимият алмашинуви 2014 йилдаёқ бошланиши мумкин.
«Албатта, бу режимнинг демократик йўл билан алмашиши бўлмайди, бироқ қандайдир трансформация содир бўлади ва бу иш, афтидан, ёзга яқин амалга ошади», - деди Толипов.
Кейинги президентлик сайловигача Каримов 77 ёшга тўлган бўлади ва унинг сайловда иштирок этиш эҳтимоли атрофида кўплаб тахминлар бор. Бу мавзу давлат оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилинмагани каби Каримовнинг ўзи ҳам бу масала бўйича изоҳ бермай келади. У совет давридан бери Ўзбекистонни бошқариб келади ва конституцияни ўзгартириш йўли билан қўшимча шартларни ишлаб чиқиш орқали бир неча бор қайта сайланган.
Гарчи Ўзбекистон парламенти Каримов қарорларини механик равишда тасдиқлаш учунгина мавжуд бўлса-да 2014 йилги сайловлар Сенат раиси лавозими туфайли диққатга сазовордир.
Бу лавозимни ким эгалламасин, конституция бўйича у президент вафот этса ёки ишга яроқсиз бўлиб қолса, унинг ўрнини эгаллаш ҳуқуқига эга бўлади. Бу сайловларни ўтказиш давридагина бажариб туриш мумкин бўлган муваққат лавозимдир, бироқ президент лавозимини эгаллаш ва қийинчиликларни бартараф этиш бўйича жиддий даъвога эга ҳар қандай фракция, масалан, Сенат раҳбари каби лавозимда ўз одамларига эга бўлиши керак бўлади.
Йўлдошев бу борада очиқ рақобат бўлишини башорат қилмайди, бироқ Иноятов гуруҳи Каримовнинг омон қолишига уриниши мумкинлигини тахмин қилади.
Ўзбекистон иқтисодиёти ҳозир абгор аҳволга тушган ва ижтимоий муаммоларни яшириш борган сари қийинлашиб бормоқда.
«Ўзбекистон кейинги қишдан омон чиқиши қийин бўлади, чунки иқтисодиёт тамомила барбод бўлган, буни ҳамма тушуниб турибди, Каримов ҳам тушунаяпти ва шунинг учун ҳам юзсизларча ёлғон гапираяпти», - дейди Йўлдошев президентнинг январь ойида сўзлаган ва 2013 йил иқтисодий кўрсаткичлари ўтган йилги кўрсаткичлар билан эмас, балки 2000 йил кўрсаткичлари билан солиштирилган нутқини эсларкан.
Сиёсатшунос мамлакатда сўнгги икки ой ичида бўлиб ўтган қатор норозилик чиқишларини ҳам кўрсатиб ўтди. Булар Ўзбекистонда кам ўтказиладиган кичикроқ норозилик чиқишлари эди. Бундан ҳам ажабланарлиси, митингчилар қўлга олинмаган ва қамоққа тиқилмаган, аммо уларнинг талаби бажарилган – уларга яна газ ва электр етказиб берила бошлаган. Йўлдошев бундай моҳирона ёндошувни аҳамиятли, деб ҳисоблайди.
«Ҳозирда хавфсизлик хизмати ва ИИМ бу норозилик намойиши бўйича текширув ҳам ўтказмаяпти, - дейди у. – Афтидан, улар халқ кўтарилишини кутаётган бўлсалар керак».
Инга Сикорская – IWPRнинг Ўзбекистон бўйича муҳаррири.