Ўзбекистонлик қочоқлар ташвишга тушиб қолдилар

Ўзбекистонлик қочоқлар ташвишга тушиб қолдилар

, дея қайд этадилар NBCA кузатувчилари.



Бир гуруҳ ўзбекистонлик қочоқлар 14 август куни Қирғизистон Республикаси Муҳожирлик ва аҳолининг бандлиги бўйича давлат қўмитаси уларга бошпана изловчи шахс гувоҳномаларини чўзиб беришдан бош тортганларини маълум қилдилар. Ушбу гувоҳномалар билан улар токи БМТнинг Қочоқлар иши бўйича Олий комиссари бошқармаси (БМТ ҚОКБ) томонидан уларнинг талаблари кўриб чиқилгунигача Қирғизистон ҳудудида машруъ ҳолда юришлари мумкин эди.



Мавжуд тартибга кўра, Муҳожирлик ва аҳолининг бандлиги бўйича давлат қўмитасига тегишли ариза билан мурожаат қилган ва зарур ҳужжатларни тақдим этган ҳар бир кишига бошпана қидирувчи шахс гувоҳномаси берилади. Қочоқлар гувоҳнома олганларидан кейин учинчи мамлакатда қочоқ мақомини олиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар иши бўйича Олий комиссари бошқармасига мурожаат этадилар.



Бир неча ойга чўзилиши мумкин бўлган ҳар бир шахснинг иши кўриб чиқилаётган давр мобайнида муҳожирлик бўйича давлат қўмитаси рўйхатни бир йил муддатгача чўзиб бериши мумкин.



Аммо, алоҳида маълумотларга кўра, қирғизистонлик расмийлар мамлакат ҳудудида машруъ юришлари учун рўйхатдан ўтиш муддатини чўзиб бериш учун мурожаат қилган ўзбекистонлик қочоқларга кутилмаганда рад эта бошладилар.



“Улар қўлимга расмий ҳужжатни қайтариб бермай, менинг рўйхатимни бошқа чўзиб бермасликлари ҳақида оғзаки равишда рад жавобини бердилар. Улар БМТ нинг Қочоқлар иши бўйича Олий комиссари бошқармасини бундан бери бошпана қидираётган шахсларнинг рўйхатини чўзиб бермасликлари ҳақида хабардор қилганларини маълум қилдилар”, - дейди андижонлик қочоқ Сарвар Қўчқоров. У рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани шу йилнинг февраль ойида олганди.



Муддати тугаган гувоҳнома қочоқларни ноқулай аҳволга солиб қўйиши, шу жумладан, улар билан расмийлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида турли муаммоларнинг туғилишига олиб келиши мумкин.



Сарвар Қўчқоров бошқа қочоқлардан Муҳожирлик бўйича давлат қўмитаси 13-14 август кунлари яна етти нафар ўзбекистонликка рўйхатни чўзиб беришдан бош тортганини билиб олди.



Қирғизистонда ўзбекистонлик қочоқларнинг бўлиши қийинлашаётганига қарамай, расмий идоралар ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай баёнот бераётганлари йўқ.



Муҳожирлик идорасининг мутасаддилари телефон орқали юзага келган вазиятни шарҳлаб беришдан бош тортдилар.



БМТ нинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг миллий маслаҳатчиси Анна Ни NBCA га маълум қилишича, улар ҳам бу муаммо бўйича муҳожирлик қўмитаси мутасаддиларидан “қониқтирувчи жавоб” олмаганлар.



“Аммо биз ҳам [қирғизистонлик расмийлар билан] музокара ўтказиш йўли билан ҳамма нарсанинг меъёрдаги оқимга қайтишига умид қиламиз, ҳар ҳолда ҳозир вазият анча мураккаб”.



Москвадаги “Мемориал” Жамоат жамғармаси Марказий Осиё лойиҳасининг раҳбари Виталий Понамарёв қирғизистонлик расмийларнинг ўзбекистонлк қочоқларга рўйхатни чўзиб беришдан бош тортаётганларида ҳеч қандай “ажабланарли ҳолатни” кўрмаётганини айтмоқда. Унга кўра, расмий Бишкек ҳудди ўтган йилнинг охирида шундай позицияга ўтиб олган Россия Федерал муҳожирлик хизматининг тажрибасига суянмоқда.



Бу ўзбекистонлик қочоқларнинг яқинлашиб келаётган депортация хавфидан хавотирланишга сабаб бўлмайди.



“Улар [қирғизистонлик расмийлар] шу йўл билан БМТ нинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармасини қочоқлар ишлари бўйича тезроқ қарор қабул қилишга ундамоқдалар. Бу қарор мантиқан тўғри, негаки, шунча йиллар давомида Қирғизистонда аризалар қабул қилинган, рўйхатга олинган ва улар бўйича ҳеч қандай қарорлар чиқарилмаган, бу эса жуда бемаъни кўринишга эга бўлган”, - дея қайд этади Понамарев.



Ўзбекистон ҳукуматига қарашли қўшинлар 2005 йил май ойи воқеалари давомида мамлакат шарқида жойлашган Андижон шаҳрида тинч намойиш иштирокчиларини ўққа тутганларидан кейин Қирғизистонга қочоқлар оқими кела бошлади.



Уларнинг баъзилари расмий мақом олишга муваффақ бўлдилар ва тўрт юзга яқин киши Европага, АҚШ ва Канадага чиқиб кетди. Аммо кўпчилик ҳали-ҳамон Қирғизистонда қолиб кетган ва ўз тақдирлари бўйича тегишли қарор қабул қилинишини кутиб турмоқдалар.



Айни пайтда Бишкекда истиқомат қилаётган, қочоқлар учун “Ҳижрат сарбони” газетасининг ношири Алишер Сарбон тақдим этган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Қирғизистонда юзтагача ўзбекистонлик қочоқлар бор. Улар ватанига қайтишга хавфсирайдилар ва географик нуқтаи назардан хавфсиз бўлган давлатлар томонидан бошпана берилишини кутмоқдалар.



Аммо ҳозир улар учун хавотирли кунлар етиб келди.



“Эндилкда қочоқларнинг аксарияти қўлларида муҳожирлик ҳужжатлари йўқлиги боис Қирғизистон кўчалари бўйлаб юришдан қўрқадилар. Боз устига, Қирғизистон мустақиллиги байрами арафасида [31 август куни] кўчаларда паспорт текшируви кучаяди. Энди биз уйда ўтирмамиз ва ҳеч қаерга чиқмаймиз”, - дейди у.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда).

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists