Ўзбекистондаги виртуал нореаллик
Шарҳловчилар президентлик сайловлари арафасида Интернет тармоғига киришни қаттиқ чеклаш шунингсиз ҳам аҳолининг ахборот билан кам таъминланганига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлайдилар.
Ўзбекистондаги виртуал нореаллик
Шарҳловчилар президентлик сайловлари арафасида Интернет тармоғига киришни қаттиқ чеклаш шунингсиз ҳам аҳолининг ахборот билан кам таъминланганига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлайдилар.
Шарҳловчилар бу каби ахборот чеклови 23 декабрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари арафасида электоратнинг ахборот билан янада камроқ таъминланишини англатажагини айтадилар.
Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари давлатга қарашли бўлиб, қаттиқ назорат остида тутиладилар. Цензура Конституцияда маън қилинганига қарамай, бирор-бир ахборот диққат билан текширилмасдан туриб чоп этилмайди. Мамлакатда мустақил оммавий ахборот воситаларининг йўқлиги туфайли объектив ахборотнинг ягона манбаи Интернет бўлиб ҳисобланади.
Гарчи, Би-Би-Си агентлиги томонидан иқтибос ўлароқ келтирилган расмий маълумотларга кўра, 2007 йилда 28 миллионлик аҳолидан фақат 1,7 миллион киши Интернет тармоғи хизматидан фойдаланса-да, мамлакат ичида аҳолининг жуда кам фоизи Интернет тармоғига кириш имкониятига эга. Одамларнинг кўпчилиги тармоқ хизматларидан ишхонада, таълим муассасаларида ва интернет-кафеларда фойдаланадилар.
21 ноябрь куни Марказий сайлов комиссияси номзодларни рўйхатга олишни якунлаган ва сайловда иштирок этиш учун тўртта даъвогарга рухсат берган: булар Либерал-демократик партия томонидан кўрсатилган амалдаги президент Ислом Каримов, “Адолат” партиясидан кўрсатилган Дилором Тошмуҳаммедова, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, мустақил номзод Акмал Саидов ҳамда Халқ-демократик партиясидан кўрсатилган Аслиддин Рустамовдир.
Сайлов кампанияси рўйхатга олиш якунланган куннинг эртасидан бошланган. Президентликка даъвогарларнинг нутқлари миллий телевидение, радио ва газета орқали ёйинланади.
Таҳлилчиларга кўра, амалдаги президентнинг ҳар уччала рақиби ҳам уни қўллаб-қувватламоқдалар ва сайловларда фақат плюрализм мавжудлиги манзарасини ҳосил қилиш учунгина иштирок этмоқдалар. Марказий Осиёдаги энг мустабид раҳбарлардан бири бўлган Каримов мамлакатдаги ҳар қандай мухолифатни йўқ қилган.
2005 йилнинг май ойида содир бўлган Андижон воқеаларидан кейин (ўшанда чет эл ахборот агентликлари мамлакат шарқида расмийлар томонидан тинч намойиш аёвсиз бостирилгани ҳақида ёзгандилар) Ўзбекистон ҳукумати хорижий оммавий ахборот воситаларига қарши аёвсиз чоралар кўргандилар. Би-Би-Си, Интерньюс ҳамда Уруш ва тинчликни ёритиш институти ўзларининг Ўзбекистондаги ваколатхоналарини ёпишга мажбур бўлгандилар, “Немис тўлқини” радиостанцияси мухбирига эса 2006 йил бошида аккредитация беришдан бош тортилганди.
“Чегарасиз мухбирлар” (“Reporters Without Borders”) матбуот эркинлиги бўйича ташкилоти маълумотларига кўра, 2005 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Интернет хизматини кўрсатадиган барча маҳаллий провайдерлар “Ўзбектелеком” давлат телекоммуникация оператори билан билан ишлашга мажбур бўлиб қолгандилар, бу нарса режимга кўламли назорат ўрнатиш имкониятини берди.
2005 йилдан буён блокировка қилинаётган веб-ресурслар орасида “Эрк” ва “Бирлик” мухолифатчи партияларининг сайтлари, шунингдек, Uznews.net, Arena, Tribuna.uz, Fergana.ru ва Centrasia.ru каби Марказий Осиё ҳамда Ўзбекистондаги воқеаларни ёритиш билан шуғулланадиган ахборот агентликлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотларининг сайтлари бор.
Аноним мухбирлардан бири IWPRга сўнгги пайтларда блокировка қилинаётган сайтлар миқдори анча ошганини айтди.
“Вазият максимал даражада кўнгилсиз”, - дейди у.
Мухбир Ўзбекистон эндиликда кириш мумкин бўлмаган сайтларни санаб ўтди: “Коммерсант” газетаси (Россия) сайти, “Деловая неделя” (Қозоғистон) ва Марказий Осиёдаги сиёсат масалаларига жиддий дахл этадиган сайтлар. Қўшни Қирғизистондаги янгилик ресурсларининг кўпчилиги, халқаро ахборот агентликлари, халқаро нодавлат ташкилотлари ҳамда Марказий Осиё халқлари тарихига оид тематик архивлар ҳам блокировка қилинмоқда”.
Яқин-яқингача кўплаб фойдаланувчилар прокси-серверлар орқали таъқиқланган сайтларга киришлари мумкин эди.
Прокси-серверлар ва анонимайзерлар Интернет хизматидан фойдаланувчи ҳақидаги маълумотни яшириш учун ҳам ишлатилади. Агар фойдаланувчи сўровлари прокси-сервер орқали ўтса, кирилаётган сервер учун битта прокси-сервердан фойдаланаётган Интернетдан фойдаланувчиларнинг ҳаммаси бир хил IP-манзилга эга бўладилар, бу эса бир қадар ахборот хавфсизлигини таъминлайди.
Бироқ, ўзбекистонлик Интернетдан фойдаланувчиларнинг ихтирочилигига қарамай, давлат назорати тобора кўламлироқ бўлиб ва такомиллашиб бормоқда. 2002 йилда ҳукумат расман ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази бўлиб ҳисобланган, аммо норасмий равишда Интернет устидан назорат қилиш технологияларини ишлаб чиқиш билан машғул бўлган “UzInfoCom”ни барпо қилди.
Таҳлилчилар ҳукумат IT-мутахассислари 2005 йилдан бери прокси-серверларни кенг кўламда блокировка қилаётганларини тахмин қиладилар.
Ноябрь ойи бошидан буён кўплаб интернет-кафеларда маън қилинган сайтларга кирганлик учун жавобгарлик билан таҳдид қилувчи эълонлар осилиб турган, бу сайтларга мухолифат сайтлари ва Марказий Осиё минтақаси ҳақида материаллар чоп қилувчи чет эл сайтлари киритилган.
Қашқадарёлик журналист интернет-кафе ходимлари ўз ташрифчиларини қаттиқ назорат қилишларини айтди.
“Яқинда мен интернет-кафеда Ўзбекистондаги сайловолди кампанияси тўғрисидаги сўнгги янгиликларни ўқиш учун прокси-сервер орқали Fergana.ru сайтига кирмоқчи бўлганимда, дарров олдимга маъмур келиб, нима учун бундай қилаётганим, нима ўқиётганим ва кимлигим билан қизиқди? Мен маъмурлар ҳамма нарсани назора қилиб турганларини тушундим”, - деди журналист.
Бухородаги интернет-кафенинг доимий мижозларидан бири маъмурлар уни кузатиб турганларини аниқлаганидан кейин Интернетдан жамоа бўлиб фойдаланадиган жойларга боришни бас қилганини айтди.
“Маъмур аёл менинг у ердалигимни эсидан чиқариб, электрон почта орқали ёзган мактубимни дугонасига овоз чиқариб ўқиб бера бошлади. Мен маъмурлар мунтазам равишда [расмийлар назарида] ишончсиз бўлган мижозларни кузатиш бўйича йўриқномалар олишларини биламан”, - дейди у.
Интернет-кафе ташрифчилари ёзма равишда ўзлари кирган веб-сайтларнинг рўйхатини беришлари зарурлигини ҳамда маъмурлар ташрифчи ўз флеш-картасига ёзиб олишни истаган материални кўрсатишни талаб қилишини айтадилар.
Бошқа ташрифчиларга кўра эса флеш-карталар учун USB-портлар ва бошқа ахборот ташувчилар учун мосламалар компьютерлардан олиб ташланган, шунингдек, компьютерларда ўрнатилмиш Word матнни таҳрир қилиш дастури корректировка қилинган: эндиликда файлдан нусха кўчириш, уни сақлаб қўйиш ёки жўнатишга имкон берувчи операцион тугмачалар ишламайдиган қилиб қўйилган.
Бухородаги интернет-кафелардан бирида ишловчи маъмур блокировка қилинаётган сайтларнинг аксарияти порнографик характерга эга эканини таъкидлайди.
“Биз блокировка қиламиз, аммо ахборот сайтларини эмас, - дея изоҳ беради у. – Бу, асосан, порнографик характерга эга бўлган сайтлардир. Агар биз [оммабоп] ахборот сайтларини блокировка қилиб қўйсак, мизожларимиздан айриламиз. Бундан бизга фойда йўқ”.
Интернет-кафеларнинг бошқа маъмурлари эса компьютер вируслари тарқалишининг олдини олиш учун Интернетдан фойдаланувчилар устидан назоратни кучайтиришни тавсия қилган ҳукуматнинг бу борада гўё мавжуд бўлган буйруғини баҳона қиладилар.
Навоий шаҳрида яшовчи кишига кўра, агар ташрифчилар электрон мактубга файл бириктирмоқчи бўлсалар, улар флеш-картани маъмурга бериши лозим, маъмур файлни асосий компьютерга кўчиради, у ердан эса ташрифчилар файлни мактубга бириктириб юборишлари мумкин.
“Биз уларнинг [ташрифчиларнинг] нима юбормоқчи бўлганларини билмаймиз, - деди у. – Шунинг учун ҳам, ҳар эҳтимолга қарши, ўзимизда файл нусхасини қолдирамиз”.
Бироқ Тошкентдаги интернет-кафелардан бирининг маъмури муассаса ходимларига муайян сайтларга киришни чеклаш буюрилганини тасдиқлади. Расмийлар электрон почта орқали барча провайдерларга таъқиқланган сайтларнинг рўйхатини юборадилар, маъмурлар эса лицензиядан маҳрум бўлиб қолишдан қўрқишиб, уларнинг буйруқларини бажаришга мажбур бўладилар.
“Ўзбекистондаги интернет-кафеларда блокировка қилишнинг энг кенг тарқалган усули провайдер серверидаги “қора рўйхат”га сайт адресини киритиб қўйишдир. Шу тариқа унга фойдаланувчилар киролмай қоладилар. URL-манзилни ҳам алмаштириб қўйиш мумкин, бунда фойдаланувчи ўзига керакли бўлган сайт ўрнига мутлақо бошқа сайтга, масалан, қанақадир қидирув тизимига кириб қолади”, - деди IWPRга исми ошкор қилинишини истамаган Тошкентдаги интернет-кафе маъмурларидан бири.
Тошкентда жойлашган ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти ходимларидан бири расмийлар умуман интернет-ресурсларга киришни қийинлаштиришга ҳаракат қилаётганларини тахмин қилади. У тармоқ ресурсини кўпинча очиш имкони бўлмагани сабабли кейинги ярим йил мобайнида ўз сайтида турли маълумотларни чоп этишда қийинчиликларга дуч келаётганини айтди.
“Мен расмийлар бу билан жамоатчиликнинг Ўзбекистондаги президентлик сайловларига бўлган эътиборини чеклашга уринаяптилар, деб ўйлайман. Бизнинг IT-мутахассисларимиз сайтимизни тезроқ очиш ва унга маълумот жойлаштириш учун турли дастурлар сотиб олишга ва ҳар хил IT-усуллар ўйлаб топишга мажбур бўлмоқдалар”, - деб ҳисоблайди ҳуқуқ ҳимоячиси.
(Сўралган кишилардан айримларининг исмлари хавфсизлик нуқтаи назаридан ошкор қилинмади)