Ўзбекистонда журналист ташқи дунёдан узилиб қолган

Расмийларнинг Сергей Наумов тутиб турилган жойни ошкор қилишдан бош тортаётгани унга нисбатан аёвсиз муносабат бўлаётгани юзасидан хавотир уйғотмоқда.

Ўзбекистонда журналист ташқи дунёдан узилиб қолган

Расмийларнинг Сергей Наумов тутиб турилган жойни ошкор қилишдан бош тортаётгани унга нисбатан аёвсиз муносабат бўлаётгани юзасидан хавотир уйғотмоқда.

Sergei Naumov. (Photo: IWPR)
Sergei Naumov. (Photo: IWPR)
Wednesday, 25 September, 2013

Ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон шимолий-ғарбидаги Хоразм вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари 21 сентябрдан эътиборан ёзишув ва мулоқот ҳуқуқидан мосуво қилишган мустақил журналист Сергей Наумов вазияти юзасидан жиддий хавотир билдирмоқдалар. 

50 ёшли Наумов IWPR, Россияда жойлашган Fergana.ru ахборот портали, Москвадаги “Политжурнал” журнали ва Ўзбекистондаги атроф-муҳит масалаларини ёритадиган давлат журнали билан ҳамкорлик қиларди.

Уни Урганчдаги уйидан маҳаллий милиция бўлимига олиб кетишаётганларида журналист қўлидан телефонини олиб қўйишгунча ҳамкасбига қўнғироқ қилишга улгуриб қолган, ўшандан буён у ҳеч ким билан бошқа алоқага чиқмаган.

Уни ҳимоя қилишга бел боғлаган адвокат Урганчга 24 сентябрь куни учиб келган ва Наумов шаҳар вақтинча сақлаш изоляторида тутиб турилганини ўрганишга муваффақ бўлган. У журналист билан учраша олмаган, бироқ эртаси куни у билан учрашиш учун изн олишга умид қилмоқда.

Адвокат Наумовнинг судга юридик вакилсиз келишини кўзда тутувчи суд ордери нусхасини олган, ваҳоланки, судга юридик вакил билан бирга келишга журналистнинг ҳаққи бор эди. Журналистни гўё кўчадаги аёлга тан жароҳати етказгани учун “безорилик” моддаси бўйича 12 суткалик жазога ҳукм қилишган. Бу жиноий эмас, балки маъмурий ҳуқуқбузарлик бўлиб ҳисобланади. Наумов бу айбловларни рад этмоқда.

Бутун процедура жуда ошиғич ўтказилган. У айбланаётган нохуш воқеа шанба куни пешиндан сўнг рўй берган ва икки соат ичида Наумов ҳибсга олиниб, айблов эълон қилиниб, судга олиб келинган, суд мажлиси ўтказилган ва ҳукм чиқарилган.

Францияда жойлашган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ассоциацияси воқеалар ривожини диққат билан кузатиб борди ҳамда Сергей Наумовга қарши маҳкама жараёни сиёсийлаштирилгани ва бунинг майнабозчилик экани яққол кўриниб тургани, унда журналистнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи бузилгани тўғрисида баёнот тарқатди.

ЕХҲТнинг Оммавий ахборот воситалари эркинлиги масаласи бўйича вакили Дунья Миятович “Наумов тутиб турилган жой ва унинг қай тарзда ғойиб бўлгани ҳақида маълумот беришни сўраб, Ўзбекистон расмийларига мактуб йўллагани”ни маълум қилди. Ўзбекистон ЕХҲТ таркибига киради.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи ташкилотлар, жумладан, “Хьюман Райтс Вотч”, “Амнести Интернэшнл” ва “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси” ҳуқуқ-тартибот идоралари Наумовни яшираётган бўлиши мумкинлигидан ўта хавотирга тушганлар.

Ўтмишдаги тажрибалар суд жараёни олдиндан белгилаб қўйилган натижага эга бўлиши учун Ўзбекистон расмийлари одатда гумонланувчиларни қийноқ остида қилмаган жиноятларини содир этганлик ҳақида иқрорномага қўл қўйиб беришга мажбур қилишни истаганларида ана шундай йўл тутишларини кўрсатади.

“Ўзбекистонда ҳибсга олинган кишини ёзишув ва мулоқот ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда тутиб туриш бўйича кўплаб ҳолатлар қайд этилган, - дейилади “Амнести” нинг “тезкор чоралар” кўриш тўғрисидаги баёнотида. – Кишини ёзишув ва мулоқот ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда тутиб туриш уни аёвсиз муносабат ва қийноқ хавфи остига қўяди”.

Хьюман Райтс Вотч (Нью-Йорк) ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов IWPRга қуйидагиларни айтди: “Биз [қўлга олишга оид қонуннинг] бу каби бузилишига зудлик билан жавоб қайтаришимиз керак. “Хьюман Райтс Вотч” журналист Сергей Наумов тақдири юзасидан жиддий ташвишга тушган. Биз бу каби ҳибсга олишларнинг энг қийин босқичи дастлабки соатларда, тергов органлари қийноқ қўллаётган пайтда бўлишини биламиз”.

“Биз расмийларни Сергей Наумов тутиб турилган сақланаётган жойни зудлик билан ошкор қилишга, унга адвокат тақдим этишга ҳамда унга қўнғироқ қилиш ва бу шубҳали айбловнинг объектив текширилиши юзасидан ҳуқуқ беришга чақирамиз”.

Свердлов Наумовни аёл кишининг тилла занжирини олиб қўйганликда айблаганлари ҳақидаги аввалги хабарларни эсга олади.

Ҳозирги хавф шундан иборатки, расмийлар “безорилик”да айблаш билан 12 сутка ҳибсда тутиб туришдан Наумовга қарши жиддийроқ жиноий иш қўзғаш учун фойдаланмоқчилар. Шунинг учун унинг адвокати бу вақт ўтишини кутиб ўтирмай, мазкур маъмурий жазо юзасидан шикоят аризаси ёзишни режалаштирмоқда.

Расмийлар, одатда, айбловлардан мухолифатчилар ва мустақил журналистларни обрўсизлантириш ҳамда “даъвогарлар” ва “гувоҳлар”ни кўрсатма беришга мажбурлаш учун фойдаланадилар. (Қаранг: Расмийлар фаолларга қарши жиноий айбловларни билдиришда давом этмоқдалар).

Урганч ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлайдиган аноним манба IWPRга Наумов “Тошкентдан келган топшириққа кўра” ҳибсга олинганини маълум қилди.

Наумов экология ва инсон ҳуқуқлари бузилиши, хусусан, мамлакатда ёпиқ мавзу бўлган пахта даласида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш каби мавзуларни ёритгани учун ҳам ўзбек расмийларининг ғашига тегиб келади.

“Сергей Наумовнинг ғойиб бўлиши алоҳида хавотир уйғотади, чунки Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари унга бир неча бор таҳдид қилишган, - дейди Франциядаги “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси” раҳбари Надежда Атаева. – Бундай таҳдидлар номаълум шахслар томонидан телефон ва Интернет орқали такрорланган. Сергей Наумов қонунга бўйсунувчи ва одамлар орасида катта ишончга эга бўлган инсондир”.

Август ойи охирида милиция Наумов кетаётган машинани тўхтатиб, уни икки соат давомида сўроқ қилган. Ўшанда у Урганчдан 130 километр шимолроқда жойлашган Нукус шаҳридан уйлари бузилган ва бунинг учун минимал товон пули олган одамларнинг бундан норози бўлиб ўтказган митингларини ўрганиб қайтаётган эди.

Свердлов Наумовнинг қўлга олинишини ҳуқуқ фаоллари ва мустақил журналистларга қилинаётган ҳамлаларнинг тобора кучайиб бораётган тенденцияси ўлароқ қабул қилади.

“Бундай ҳолатлар Вашингтон, Лондон ва Европа Иттифоқи Тошкент билан ҳамкорликка ёндошувини ўзгартириши кераклигини яна бир тасдиқламоқда, - деди у. – Уларнинг расмийлар билан олиб бораётган мулоқоти самарасиздир”.

Инга Сикорская – IWPRнинг Ўзбекистон ва Туркманистон бўйича Бишкекдаги катта муҳаррири.


  

Uzbekistan
Human rights
Frontline Updates
Support local journalists