Ўзбекистон: Журналистнинг иши жамоатчилик норозилигига сабаб бўлмоқда
Халқаро ташкилотлар жар солмоқдалар, ўзбекистонликлар эса ижтимоий тармоқларда ўз хавотирлари билан ўртоқлашмоқдалар.
Ўзбекистон: Журналистнинг иши жамоатчилик норозилигига сабаб бўлмоқда
Халқаро ташкилотлар жар солмоқдалар, ўзбекистонликлар эса ижтимоий тармоқларда ўз хавотирлари билан ўртоқлашмоқдалар.
Журналист Сергей Наумов полиция участкасидан нари дараксиз йўқолганига тўққиз кун бўлди, ўзбек расмийлари эса бу борада ҳалигача сукут сақламоқдалар.
Ўзбекистон шимолий-ғарбидаги экология ва инсон ҳуқуқлари муаммолари ҳақида ёзиб келган Наумов 21 сентябрь куни ҳибсга олинганди ва ўша кун оқшомидаёқ Урганч шаҳар суди қаршисида ҳозир бўлганди. Унга кўчада гўё аёл кишига тегажоқлик қилганлик бўйича айблов билдирилиб, 12 сутка берилганида, у ўша заҳоти бу айбловни рад этган. Унга адвокат берилмаган.
Журналистни жиноий эмас, балки маъмурий қонунбузарлик учун вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштиришлари керак эди. Аммо милиция, прокуратура ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари адвокатлар ва бошқаларга журналист уларнинг рўйхатида қайд этилмаганини билдиришган.
Бу ишни диққат билан кузатиб бораётган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси” раҳбари Надежда Атаева IWPRга берган интервьюсида, ўзига маълум бўлишича, гарчи [ВСҲ] ходимлари буни рад қилсалар-да, Наумов уч кун давомида Урганчдаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида тутиб турилганини айтди. У шундан сўнг Миллий хавфсизлик ходимлари журналистни номаълум жойга олиб кетгани юзасидан хавотир билдиради. “Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари маҳбус тутиб турилган жойни сир сақлаётган бўлса, у ҳолда, уни ўзи ва ҳамкасбларига қарши кўрсатма беришга мажбурлашаётган бўлишлари эҳтимоли катта”, - деди у.
Атаеванинг сўзларига кўра, бу ишдан халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш муҳим бўлган, чунки жамоатчилик босими ҳатто ўзбек ҳукуматига ҳам таъсир қилиши мумкин эди.
АҚШда истиқомат қиладиган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Наумовнинг милиция рўйхатидан тушунтириб бўлмас сабабларга кўра йўқолгани юзасидан ташвиш билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу расмийларга Наумовни узоқ муддатга қамаб қўйиш имконини берадиган ёлғон “иқрорнома” ёздириш учун унга қарши қийноқ қўллаш уриниши бўлаётганига ишора қилади.
“Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, ҳамма эзгу ниятли кишилар қонунга мутлақо тобеъ одамни ҳибсдан озод қилиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилишлари лозим”, - дейди у.
Наумовга қарши очилган иш сиёсий сабабларга кўра уйдирилгани ҳамда унинг кейинчалик милиция ва пенитенциар тизимдан ғойиб бўлгани хориждаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, жумладан, “Амнести Интернешэнл”, “Хьюман Райтс Вотч”, “Чегара билмас мухбирлар”, “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” ва “Россия журналистлар иттифоқи”нинг мисли кўрилмаган танбеҳлари тўлқинини юзага келтирди.
ЕХҲТ Оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари бўйича вакили Дунья Миятович Ўзбекистон расмийларига “Наумов тутиб турилган жой ва унинг ғойиб бўлишига оид маълумотлар”ни беришни сўраб, мурожаат қилганини билдирди.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг “Европа ва Марказий Осиё” дастурлари бўйича мувофиқлаштирувчиси Нина Огнянова ўз баёнотида қуйидагиларни айтади: “Биз Урганч расмийларини Сергей Наумовни зудлик билан озод қилишга ва унга юкланаётган асоссиз айбловлардан воз кечишга чақирамиз. Наумов ҳибсга олиниб, ташқи дунё билан алоқа қилиш, адвокат ёллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган, судга топширилиб, бир кун ичида жазога тортилган. Бу айблов журналистнинг овозини ўчириш учун уйдирилганини яққол кўрсатиб турибди”.
Ўзбекистонда хорижий оммавий ахборот воситалари ва Интернетга киришда жуда катта чекловлар мавжуд – қирққа яқин сайтга тўсиқ қўйилган – шунга қарамай, Наумов мушкул аҳволга тушиб қолган тўғрисидаги янгиликлар кўпчиликка маълум бўлди. Интернетнинг айрим фойдаланувчилари давлат цензура идоралари томонидан жорий этилган блокировкани четлаб ўтиш усулларини биладилар, ижтимоий тармоқлар эса ахборот билан бўлишишнинг тўсилмаган усулини ҳам таклиф қиладилар.
Internet World Stats сайти маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг 29 миллионли аҳолисининг тўққиз миллиони интернетдан, 150 мингга яқини эса “Facebook” дан фойдаланади.
“Facebook” даги баъзи изоҳларда ўзбек ҳукумати очиқдан-очиқ танқид қилинган. Фойдаланувчиларнинг бири эса Наумовга нисбатан билдирилган айбловнинг “бемаънилиги” ҳақида гапиради. Бошқа бир фойдаланувчи эса Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари хато кетидан хатога йўл қўйиб, ўзларини боши берк кўчага киритиб қўйганлари ва пировардида Наумовни яширишга мажбур бўлганларини урғулайди.
“Ва бу “адвокат қийноқ изларини кўриб, уни оммага ошкор қилиши, ўз навбатида, бу оммавий ахборот воситаларида янада каттароқ шов-шувни келтириб чиқариши мумкинлигидан қўрқаётганлари учун уни ҳеч кимга кўрсатмаяптилар” каби турли тахминларни келтириб чиқармоқда”, - дейди интернет-форум иштирокчиси.
“Facebook”нинг дадил фойдаланувчилари Наумовни озод қилиш кампаниясини бошлашга чақирмоқдалар, бошқалар эса ўзларини бироз эҳтиёткорона тутмоқдалар ва шунчаки “лайк” қилиш ёки мазкур иш бўйича янгилик ва изоҳларни қайта чоп қилиш билан чекланаяптилар, холос.
МДҲ мамлакатлари фуқаролари фойдаланадиган Россиянинг “Одноклассники” ижтимоий тармоғида айрим россияликлар Ўзбекистон фуқаролари Наумов ҳимояси учун янада кўпроқ қатъият кўрсатмаётганидан ҳафсалалари пир бўлганини билдирганлар.
Ўзбекистонда эса интернет фойдаланувчилари юзерлар 2011 йилдаги араб инқилобларини муҳокама қила бошлаганларидан сўнг маҳаллий баҳс форуми бўлган Arbuz.com ёпилганини эсга олишди. Ўшанда Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари интернет фойдаланувчиларини уларнинг IP манзиллари орқали кузата бошлагандилар.
Сайтларда қўлловга оид изоҳлар билан бир қаторда айримлар тажовузкорона изоҳлар ҳам қолдирганлар.
Бу изоҳларнинг айримлари режимнинг ашаддий тарафдорларига тегишли бўлиб, улар “Наумов иши атрофидаги қий-чув Ўзбекистоннинг обрўсини тушириш учун амалга оширилган фитна натижаси”, дея тахмин қиладилар. Бошқа изоҳлар эса бундан ҳам баттолона эди, масалан, гўё режим тарафдори бўлган бир фойдаланувчи маслакдошларини норозилик намойиши сифатида кўчаларга чиқишга ундаган.
Тошкентда яшайдиган ва исми ошкор қилинмаслигини истаган журналистнинг сўзларига кўра, Наумов иши атрофидаги интернет-фаоллик даражаси мисли кўрилмаган ҳолатдир.
“Наумов билан боғлиқ ҳодиса ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг фаоллиги ошганлигини кўрсатиши нуқтаи назаридан ҳам эътиборга лойиқдир, - дейди журналист. - Яқин-яқинларда ҳам ҳуқуқ фаолларининг фуқаролар ҳуқуқлари бузилаётгани юзасидан вақти-вақти билан тарқатаётган хабарларини изоҳлашга камдан-кам одам ботинарди. Фикримча, ҳозирги фаолликка таниқли журналист ҳимояси учун жаҳон оммавий ахборот воситаларида ташкил этилган кенг қамровли кампания туртки берган”.
Инга Сикорская – IWPRнинг Бишкекдаги катта муҳаррири.