Ўзбекистон журналистни “олижаноблик” рамзи сифатида озод қилди

Ўзбекистон журналистни “олижаноблик” рамзи сифатида озод қилди

Tuesday, 14 November, 2006
. NBCA кузатувчилари бу ҳолни тасодифий эмас, дея ҳисоблайдилар.



Шу йилнинг 8 ноябр куни Брюсселда ташқи ишлар вазири Владимир Норов иштирокидаги Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи кенгаши ўртасида учрашув ўтаётган пайтда Ўзбекистонда журналист Улуғбек Ҳайдаров озодликка чиқарилди.



Жиззахлик журналист Ҳайдаров шу йилнинг 14 сентябрида товламачиликда айбланиб ҳибсга олинган ва 5 йилдан кўпроққа озодликдан маҳрум қилинган эди.



Ҳайдаров ҳозир озодликда, унинг ҳамкасби бўлган президентнинг жияни Жамшид Каримов ҳам шу йилнинг сентябрида ҳибсга олинган эди ва Ҳайдаровдан фарқли ўлароқ, руҳий касалликлар шифохонасига жойланган.



Ўзбек ҳукумати дастлаб Европа Иттифоқи билан алоқаларни қайта тиклаш истагини эълон қилгач, Брюсселдагилар Ўзбекистонга нисбатан 2005 йилнинг ноябрида киритилган санкцияларни бекор қилиш тўғрисида иккиланиб турган эдилар. Ушбу санкциялар 2005 йилнинг май ойидаги воқеалар яъни, ҳукумат аскарлари Андижон шаҳрида юзлаб намойишчиларни ўққа тутишига нисбатан муносабат сифатида амалга оширилган эди.



14 ноябрда ўша санкциялар муддати ниҳоясига етади. Шу сабабли бу муддат тугашидан бир кун аввал Брюсселда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистонга нисбатан бошқа енгилроқ чоралар асосида санкциялар муддатини узайтириш ҳақида қарор қабул қилиши кутилмоқда.



Ҳайдаровнинг озод қилинишини, Марказий Осиё давлатларига даврий ташрифи доирасида ноябрнинг бошларида Тошкентга келган Германия ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайерга нисбатан ён бериш ҳам бўлиши мумкин. Ўша пайтда Штайнмайер Каримов билан учрашишдан аввал ҳуқуқ ҳимоячилари билан очиқ мулоқотда бўлган эди. Кўпчилик бу мулоқотни унинг инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятдан ташвишда эканлигини ифодалайди, дея баҳолади.



Бу ҳақда ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Хамроевнинг фикр билдиришича, Ҳайдаровнинг “амнистия” қилиниши Ўзбекистон ва Германия ўзаро битимининг маҳсулидир ва Каримов маъмурияти шаънига танқидларни бир оз камайтириш ҳамда ҳукумат инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятни яхшилашга тайёр эканлигини намойиш қилишга хизмат қилади.



Хамроев NBCAга интервью бериб шундай дейди: “Штайнмайер Каримов режимини инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятни яхшиламоқда, дея кўрсатмоқчи. Бу ҳол Норов учун ҳам айни муддао. Чунки айнан шу сабабли у Брюсселда ўз касбдошлари билан кенгашларни хотиржам ўтказиши ва мамлакатда вазият яхшиланаётгани ҳақида бемалол гапириши мумкин”.



Бироқ эксперт бу ҳолатни “Германиянинг катта хатоси” дея таъкидлайди. Чунки, бу давлат Ўзбекистон билан бўлган музокараларидан ҳеч қандай ижобий натижага олиб келмаган АҚШнинг тажрибасини такрорламоқда.



Фергана.ру ахборот агентлигининг ҳудудий муҳаррири Алишер Соиповга кўра, журналист Ҳайдаровнинг озодликка чиқарилиши мамлакатда инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятнинг яхшиланишига далолат қилади деб ҳисоблаб бўлмайди.



”Ундай бўлса, нима учун қолган айнан шундай ясама айблар билан судланган маҳбусларни ушлаб ўтирибдилар?” – дея савол беради Соипов.



Соиповга кўра, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг Брюсселга ташрифи олдидан Улуғбек Ҳайдаров майда чақа воситасини ўтайдики, Ўзбекистонга нисбатан санкциялар муҳокама қилинаётган пайтда вазир вазиятнинг “яхшиланаётганига далил” сифатида айнан ўша фактни ишга солади.



NBCA экспертларининг фикрича, токи президент Каримов мамлакатни бошқарар экан, бу каби майда савдолар давом этаверади. Модомики, дунё миқёсидаги нуфузли давлатлар бой энергетик ресурслари бўлган Марказий Осиё ҳудудидаги ўз мавқеини қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилар эканлар, Европа Иттифоқи мана шундай арзимаган ён беришларни ҳам қабул қилишга рози бўлиши мумкин.



(NBCA ҳудуддан сиёсий шарҳловчиларнинг кенг сиёсий доирадаги шарҳ ва таҳлилларини ҳавола қилади.)





Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists