Ўзбекистон: Журналистни 12 йилга озодликдан маҳрум этдилар

Ўзбекистон: Журналистни 12 йилга озодликдан маҳрум этдилар

Tuesday, 1 September, 2009
, журналистга нисбатан навбатдаги сохталаштирилган жиноят иши суднинг адолатли ўтишига ҳеч қандай умид қолдирмаяпти.



Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Тойлоқ туман суди 30 июль куни мустақил журналист ва “Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг фаол аъзоси Дилмурод Саййидни 12 йилга озодликдан маҳрум этди.



Ўпка силининг оғир кўриниши билан оғриган Дилмурод Саййид Ўзбекистон Жиноят кодексининг иккита моддаси – “Товламачилик” ҳамда “Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш” билан айбланди.



Жамоатчи ҳимоячи ва “Эзгулик” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг Тошкент вилояти бўлими раҳбари Абдураҳмон Ташановга таяниб Voice of Freedom интернет-портали хабар беришича, “ҳукм маҳфий равишда, журналистнинг қариндошларини ва адвокатларини хабардор қилмай туриб эълон қилинган”.



Журналистнинг ўзи унга нисбатан қўйилган айбларни мутлақо инкор этган. Саййид ўзига қўйилган айбловларни “ёлғон ва туҳмат” дея атаган.



Суд жараёнида иштирок этган баъзи гувоҳларнинг иқрор бўлишича, улар махсус хизмат ходимларининг босими остида айбланувчига қарши кўрсатма берганлар.



Дилмурод Саййидни Тошкентда 2009 йил 22 февраль куни Самарқанд вилоятидаги “Фаравон ҳаёт йўли” машина-трактор паркининг директори Аслиддин Ўринбоевдан катта миқдордаги пулни товлама йўли билан ундирмоқчи бўлганида гумон бўйича ҳибсга олдилар.



Ўринбоев милицияга ариза билан мурожаат этиб, қандайдир самарқандлик Марғуба Жўраева ундан пора талаб қиляпти, дея шикоят қилган. Гўёки ўша Марғуба Жўраева пулни Дилмурод Саййид учун талаб қилган эмиш. Аммо Саййид ҳибсга олинганидан сўнг, 23 февраль куни аёл ўз кўрсатмаларидан воз кечди.



“Терговчи Сухроб Мажидов ўшанда журналистнинг қариндошларига Дилмуродга қарши қўзғатилган иш – “юқоридан” келган буюртма эканлигини ва у буни бажаришга мажбурлиги ҳақида очиқдан-очиқ тан олган эди”, - дея эслайди суд мажлисларида иштирок этган маҳаллий журналистлардан бири.



Мамлакат ичидаги медиа-шарҳловчилар журналистнинг жиноий таъқиб этилиши - унинг профессионал фаолияти, яъни фермерлар ҳуқуқига тегишли мавзуларга ҳамда ҳукмдор режимнинг танқид этишга оид мақолалар маҳсули эканлигига шубҳа қилмаяптилар.



“Мисол учун, тергов давомида гувоҳ сифатида ўтган Самарқанд вилояти Жомбой тумани фермерлик ширкатининг раиси Сайдулло Боймуродов судда терговчининг ташаббуси билан кўрсатма берганини тан олди”, - дейди маҳаллий журналист.



Дилмурод Саййиднинг иши бўйича терговнинг боришини таҳлил қилган Самарқанддаги ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири ўз номини ошкор этмаслик шарти билан айтишича, тергов бошиданоқ расмийлар уни узоқ муддатга қамаш иштиёқи борлигини очиқдан-очиқ намоён қила бошладилар.



Тошкентда жойлашган Ўзбекистон Виждон маҳбуслари қўмитасининг аъзоси, ҳуқуқ ҳимоячи Баҳодир Номозовнинг қайд этишича, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга қарши сохталаштирилган жиноят ишларининг бари “ўша-ўша, битта сценарий бўйича” амалга оширилиб келинади.



“Расмийлар озодликдан маҳрум этиш йўли билан уларнинг фаолиятини чеклаш каби мақсад сари интиладилар”, - деди у.



Рўйхатга олинмаган "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси" ташкилотининг тошкентлик аъзоси Елена Урлаева ҳам Расмийларнинг журналистларга нисбатан ҳибсга олиш ва озодликдан маҳрум этишга мойиллик борлиги ҳақида гапирмоқда.



Ҳуқуқ ҳимоячи аёл Дилмурод Саййид устидан чиқарилган ҳукмни расмийларнинг Ўзбекистонда “сўз эркинлигини илдизигача қуритишга” ҳамда ҳақиқатни ёзмоқчи бўлган репортерларни жазолашга навбатдаги уриниши дея атади.



“Жиноий ишларнинг барчаси сохталаштирилган. Ўзбекистонда оқловчи ҳукмлар йўқлигидан қаттиқ афсусланаман”, - дея қайд этади Урлаева.



Шарҳловчиларнинг эслатишича, 2008 йил октябрь ойида ўзбекистонлик мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов 10 йилга қамалди. 1999 йилда 14 йилга озодликдан маҳрум этилган мухолифатдаги “Эрк” газетасининг муҳаррири Муҳаммад Бекжанов; 15 йилга қамалган журналист Юсуф Рўзимуродов; олти ярим йил турма жазосини олган “Ҳуррият” газетасининг журналист-фрилансери Ғайрат Мелибаев; “Поп тонги” газетасининг муҳаррири Ортиқали Номозовлар шу чоққача турмада ўтиришибди. IWPR журналист-фрилансери Жамшид Кариимов эса жамоатчиликнинг чақириқларига қарамай, ҳамон мажбурий равишда руҳий касалликлар клиникасида ушлаб ўтирилибди.



Режим танқидчиларига сиёсий сабабларга кўра айбловлар эълон қилиш каби мамлакатда юзага келган мойиллик қабатида адолатли тергов ва суд текширувининг амалга оширилиши эҳтимоли минимал бўлиб қолмоқда, дея қайд этадилар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги экспертлар.



“Ҳамма иллат шундаки, одатда кишининг айби исботланмайди ҳам, - дея афсусланади Тошкентда жойлашган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг етакчиси Сурат Икрамов. – Бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистлар сингари, Саййидга қарши қўзғатилган жиноят иши бошидан охиригача сохталаштирилган”.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists