Ўзбекистон: Журналистга турма хавф солмоқда

Ўзбекистон: Журналистга турма хавф солмоқда

Monday, 8 February, 2010
.



21 январь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди таниқли тележурналист, “Чемпион” спорт газетаси бош муҳаррирининг муовини Хайрулло Ҳамидовни ҳибсга олишга санкция берди.



“Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари уйимизга эрталаб соат бешда, ҳали ҳамма ухлаб ётган пайтда келдилар, - деди ҳибсга олинганнинг рафиқаси Дилноза. – Улар тўрт соат давомида уйни тинтув қилдилар, китоблар, CD-дискалар, компьютер ва янги рақамли фотокамерани мусодара қилдилар. Улар эрим ичидаги нарсаларга жавоб бериши лозим дедилар. Тинтувдан сўнг улар эримни олиб кетдилар”.



Хайрулло Ҳамидовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 216-чи моддаси – “Ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш” бўйича айблов эълон қилинди. Ушбу модда бўйича жаримадан тортиб беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилган. Ҳозир уни Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасининг тергов изоляторида сақлаяптилар.



Айни пайтда Ҳамидовнинг қариндошлари ва адвокат Алишер Зайнутдиновдан шарҳ олиб бўлмаяпти.



Кўплаб оммавий ахборот воситалари ва журналистнинг ҳамкасблари ҳибсга олиш учун унинг диний мавзуда олиб борган радиоэшиттиришлари сабаб бўлган дея тахмин қилмоқдалар. Негаки, мамлакатда диндорларни эътиқодлари учун таъқиб этиш кенг тус олган.



35 ёшга кирган журналист Ўзбекистон давлат телевидениесидаги энг таниқли спорт шарҳловчиларидан бири саналади. Сўнгги беш йил давомида ўзбек тилида чиқадиган «Interfootball» ва «Сhampion» газеталарида ўз рукнларини олиб борган, хусусий “Наврўз” радиостанциясида эса “Холислик сари” диний-маърифий дастурининг муаллифи ва олиб борувчиси бўлган. Ушбу эшиттириш 2009 йилда ҳам эфирга чиққан.



Медиашарҳловчиларнинг қайд этишларича, ушбу радиодастур кўплаб тингловчиларнинг эътиборини қозонган, CD дискаларида ёзилиб Ўзбекистон ва ҳатто қўшни Тожикистон бозорларида сотилган.



“Хайрулло ўзининг дастурларида одамларни ва айниқса ёшларни тўғри йўлга бошлаган, - дейди унинг ҳамкасбларидан бири. – Журналист фақат анъанавий ислом ҳақида гапирган, ўзбекларнинг унутилаётган анъаналарини тиклашга чақирган. Унинг дастурларини тинглаган одамлар ўзларини ислоҳ қила бошлаганлар”.



Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг етакчиси Сурат Икрамов рухсат берилган радиоэшиттиришлар қандай қилиб расмийларнинг норозилигини уйғотганидан ҳайрон қолмоқда.



“Қизиғи шундаки, у мустақил журналист бўлмаган, - дея таъкидлайди Икрамов. – Хайрулло эфирда нимани гапирган бўлса, бари цензурадан ўтган”. Ўзбекистонда асл маънода мустақил оммавий ахборот воситалари йўқ. Теле- ва радиоэшиттиришлари эса, уларнинг контенти фақат Электрон ОАВ Миллий ассоциациясидаги кураторлар томонидан маъқулланганидан сўнг эфирга узатилади.



Бошқа кузатувчилар журналистни таъқиб этиш унинг шеърлари чоп этилганидан сўнг бошланди деб ўйлаяптилар.



Бир неча йил аввал Ҳамдов шеъриятга қизиқиб, шу соҳада машқ қилишни бошлаган. Ўқувчиларга кўра, улар чуқур пурмаънога эга ва ўз халқи учун дардини изҳор этган.



“Мен унинг шеърларини ўқиганман, - дейди радиотингловчилардан бири. – Шеърлар кишини жасоратга ундайди”.



Журналистнинг шеърлари ва радиодастурлар Интернетда жойлаштирилган эди.



Мисол учун, унинг “Ўзбекларга нима бўляпти?” шеърида муаллиф ўзбекистонликларнинг бугунги ижтимоий-иқтисодий аҳволини танқид қилади, халқнинг қўшни мамлакатларга чиқиб кетишлари сабаби ҳақида фикр юритади, Ўзбекистонда фоҳишалик кенг ёйилаётгани ҳамда одамларнинг ҳоли борган сари кулгили бўлаётгани ҳақида гапиради.



23 январь куни журналистларнинг “Чегара билмас репортёрлар” ташкилоти Хайрулло Ҳамидовнинг ҳибсга олиниши борасида ўз ташвишини изҳор этди.



“Омма орасида севимли бўлиб қолган журналистнинг ҳибсга олиниши Ўзбекистон прокуратурасида бешта мустақил журналистнинг сўроққа тутилишидан беш кун кейин содир бўлди. Бу Ислом Каримов ҳукуматининг [матбуотга] ҳужуми давом этаётганига далил бўлмоқда”, - дейилади ташкилотнинг баёнотида.



6 январь куни Тошкент шаҳар прокуратураси Ўзбекистонда фаолият юритаётган бир-неча журналистларни сўроққа тутди. (Ўқинг: Ўзбекистон: Расмийлар журналистларни қўрқитиб, уларга ҳақиқатни ёзишни тақиқламоқчилар).



23 январь куни фотограф ва кинотасвирчи Умида Аҳмедовага “ўзбек халқига туҳмат ва ҳақорат қилганда” расмий айблов эълон қилдилар (Ўқинг: Умида Аҳмедова “тутуриқсиз” айбловни кутмоқда).



Ҳуқуқ ҳимоя гуруҳлари тақдим этган маълумотга кўра, айни пайтда ўнга яқин журналистлар сохталаштирилган айбловлар бўйича Ўзбекистон турмаларида турли муддатли қамоқ жазосини ўташмоқда. 2009 йил якунлари бўйича Дунёда сўз эркинлиги индексига кўра, журналистларнинг “Чегара билмас репортёрлар” ташкилоти Ўзбекистонни матбуотга нисбатан энг репрессив давлатлар рўйхатига киритган.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда)



Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists