Ўзбекистон: Япониядаги табиий офатлар уран бўйича шартномаларнинг амалга оширилишини ортга сурмоқда
Ўзбекистон: Япониядаги табиий офатлар уран бўйича шартномаларнинг амалга оширилишини ортга сурмоқда
Экспертлар Ўзбекистон иқтисодиётининг йирик сармоядори бўлган Япониядаги зилзилалар ва цунами оқибатлари тоғ-кон ширкатлари фаоллигининг сусайишига сабаб бўлиши мумкинлигидан хавотирланмоқдалар.
Шу йилнинг март ойида Японияда кучли табиий офатлар содир бўлиб, улар минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлди ва мамлакат иқтисодиётига улкан зиён етказди.
“Фукусима-1” атом электр станциясидаги авария табиий офатнинг жиддий оқибати бўлди.
Жаҳон банки экспертлари баҳосига кўра, ҳалокатли зилзила ва цунами оқибатларини бартараф қилиш Японияга 235 миллиард долларга тушади.
Бу омиллар, дея ташвиш билдиради ўзбекистонлик таҳлилчилар, йирик лойиҳаларга, хусусан, уран ва камёб металл конларини қазишга маблағ ётқизаётган япон ширкатлари ишчанлик фаолиятининг сусайишига олиб келади.
Президент Ислом Каримовнинг шу йил феврал ойидаги сафари чоғида расмий Тошкент ва Токио турли соҳаларга япон технологиялари ва сармояларини жалб қилиш бўйича қатор шартномалардан ташқари, амалга ошишидан Ўзбекистон ўта манфаатдор бўлган уран шартномасини имзолаганди.
“Японлар [Ўзбекистоннинг] технологик жиҳатдан мураккаб ва катта сармоя талаб қилувчи қора сланецли конларини қазишга рози бўлгандилар, - дея қайд этади Ўзбекистон атом соҳаси мутахассиси. - Расмийлар бу соҳага маблағ ётқизиши мумкин бўлган сармоядорни беш йил қидиргандилар, ниҳоят топганларида табиий офат содир бўлди...”
Ўн еттита атом электр станциясидан фойдаланилаётган ва яна ўндан ортиқ реактор қурилаётган Япония ураннинг манфаатли харидори бўлиб ҳисобланади. Мазкур хом ашёни қазиб олиш бўйича дунёда еттинчи ўринда турувчи Ўзбекистон эса 20 конга ҳамда расмий маълумотларга кўра, 190 минг тоннага яқин заҳираси бор 10 та истиқболли майдонга эгадир.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда қазиб олинган ураннинг ҳаммаси Навоий тоғ-кон металлургия комбинати билан шартнома тузган эксклюзив экспортчи – Германияга қарашли RWE Nukem GmbH ширкатининг Америка бўлими орқали ғарб мамлакатларига сотилади.
Аммо ўзбек расмийлари ривожланган атом энергетикасига эга ва хом ашё етказиб берилишига эҳтиёж сезаётган Япония каби мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантиришни хоҳлаётгандилар.
2006 йилда комбинат 2007−2012 йилларда йилига энг камида 500 тонна хом ашё етказиб бериш бўйича Япониянинг Itochu Corporation ширкати билан 10 йиллик шартнома имзолаганди. Ўзбек расмийлари яқинда тузилган шартномалардан ҳам умид қилаётгандилар.
“Токионинг Ўзбекистон уран конларига бўлган қизиқиши “Фукусима-1” АЭСидаги авария сабабли сўнди”, - дейди тошкентлик шарҳловчи.
Россиядаги Сиёсий конъюнктура марказининг етакчи эксперти Дмитрий Абзалов яқин бир неча ой ичида Ўзбекистон конларига сармоя ётқизиш масаласи Япония ҳукумати кун тартибида бўлмайди, деб ҳисоблайди. “Японлар уран сотиб олиш масаласига атом синдроми тинчиши биланоқ қайтадилар”, - дейди Абзалов.
Россиялик эксперт бу воқеа ёз мавсуми охирларига яқин содир бўлади, деб ҳисоблайди.
Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланган.