Ўзбекистон: янги индустриал ҳудуд яратилмоқда

Ўзбекистон: янги индустриал ҳудуд яратилмоқда

Power station in Angren. (Photo: IWPR)
Power station in Angren. (Photo: IWPR)

53 ёшли Бердимурод Ангренга бир неча йил аввал чангли бўрон ва тоза сув етишмаслиги туфайли соғлиғи мунтазам равишда ёмонлашиб борган Оролбўйи ҳудудидан кўчиб келган. Аммо бу ерда ҳам у соғайиб кетгани йўқ.

“Мен ўзимни яхшироқ ҳис қиламан деб ўйлагандим, аммо аллергиям кўмирда ишлайдиган ёқилғи-энергетик станциялар ишлаб чиқаётган қурумдан фақат зўрайиб борди, - дейди у нафаси қисилиб. – Агар Ангренда ишлаб чиқариш ташкил этилса, кўпроқ энергия ишлаб чиқарилса, бу кенг кўламли ифлосланишга олиб келади”.

Ўзбекистон пойтахтидан жанубий-шарққа томон 114 километр узоқликда жойлашган кичкина шаҳарча мамлакат кўмир саноатининг маркази ҳисобланади, у ердаги маҳаллий конда тахминан 2 миллиард тонна кулранг кўмир ғамлаб қўйилган, қазиб олиш ишлари эса очиқчасига олиб борилади. Ҳар йили бу ерда маҳаллий станцияларда электр энергияси ишлаб чиқариш учун тақрибан 3 миллион тонна кўмир қазиб олинади, бу ишлаб чиқаришдан ҳосил бўлган қурум бутун шаҳарни қоплаб олади.

Экологлар ва маҳаллий аҳолини бу ерга сармоядорлар келиши ҳамда кўмир ва кимё саноати гуркираб ривожланишига асос солиниши ҳақидаги хабар ташвишга солиб қўйган.

13 апрель куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов минерал-хом ашё заҳираларини қайта ишлаш иши ташкил этилиши режалаштирилаётган “Ангрен махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Сармоядорларга ўттиз йиллик божхона ва солиқ имтиёзлари тақдим этилади.

Ҳозирнинг ўзида муқобил кулранг кўмирдан ҳосил бўлган дизель ёқилғисини синтез қилиш бўйича завод очиш ва бошқа шу каби ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун хорижлик ҳамкорларни танлаб олиш ишлари амалга оширилаётгани маълум.

Ўзбекистонда сўралган табиатни муҳофаза қилиш ва тиббиёт соҳалари мутахассислари бу борада бонг ура бошлаганлар. Улар фикрича, агар экологияга ҳеч қанақа эътибор қаратилмаса, саноатнинг фаол ривожлантирилиши атроф-муҳит ва аҳолининг саломатлигига салбий таъсир этади.

Шарҳловчиларнинг сўзларига кўра, дастлабки хавф кулранг кўмирни ёндирилганидан сўнг атмосферага тарқаладиган чиқиндилар бўлиб ҳисобланади. Саноат ривожланган сайин эса чиқиндилар миқдори ҳам ошиб боради. Ҳозирги пайтда, Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг расмий маълумотларига кўра, Ангренда атроф-муҳитнинг углерод оксидлари билан ифлосланиш даражаси рухсат этилган концентрациядан 2-3 маротаба ошиб кетган.

Расмийлар кимёвий моддаларни бошқариш тизими фақат саноатга оид кўрсаткичларга эришиш учун “соҳавий ёндошув”га асослангани ва бунда эколог меъёрлар ҳисобга олинмаганини яшириб ўтиришмайди. Аммо бу борада бирор чора кўрилаётгани йўқ.

Иккинчидан, Ангрендаги кул қолдиқлари ташланган жойда таркибида утилизация қилинмайдиган уран бўлган 5 миллион тоннадан зиёд заҳарли чиқинди йиғилиб қолган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, уран чанги ўпка саратонини юзага келтирадиган сабаблардан биридир. Ангрендаги санитар-эпидемиологик вазият бўйича расмий маълумотлар оммага ошкор қилинмайди, аммо маҳаллий шифокорларнинг кузатишларига кўра, беморлар сони ошиб бормоқда.

“Касаллик кўпайиб бораётганига ҳамкасбларимнинг очиқланмаётган хулосаларидан келиб чиққан ҳолда баҳо бериш мумкин, - дейди узоқ вақт Тошкент вилоят санитар-эпидемиологик назорати хизматида ишлаган шифокор. – Ангренда нафас йўллари саратонининг турли шакллари кўринишидаги хасталиклар кўпайган”.

Маҳаллий нодавлат ташкилотида ишлайдиган эколог ҳафсаласи пир бўлган кўйи, расмийлар долзарб экологик муаммоларни ҳал қилиш ўрнига, ҳудудни “капитал талонига” қўйиб берганларини айтади.

“Фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш яна аҳоли саломатлигига зиён келтирилган эвазига амалга оширилади”, - дея хулосалайди у.

Дунё мамлакатларининг 2012 йилги экологик рейтингига (Environmental Performance Index) мувофиқ, 2012 йили Ўзбекистон Қозоғистон, Туркманистон ва Ироқ билан бир қаторда мазкур рўйхатнинг энг пастки сатрларидан бирини эгаллаган. Рейтинг муаллифлари асосий экологик кўрсаткичлар қаторида ҳаво ва сув тозалигини ҳисобга олганлар.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик команд амизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

   

Environment
Frontline Updates
Support local journalists