Ўзбекистон: Яқин қариндошлар орасида тузилаётган никоҳлар илгаригидек кенг тус олган
Ўзбекистон: Яқин қариндошлар орасида тузилаётган никоҳлар илгаригидек кенг тус олган
NBCA шарҳловчиларининг қайд этишича, одамларнинг асосий қисми бу удумни маъқуллаяптилар ва яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳлар мустаҳкамроқ бўлади ва насаб бузилишининг олдини олади, дея ҳисобламоқдалар.
Тошкент вилояти адлия бошқармаси яқинда қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳларнинг зарари ҳақида семинар ўтказди. Давра суҳбати ташкилотчиларига кўра, бундай никоҳлар туғма ва ирсий касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади ҳамда “жисмонан соғлом ва маънавий етук авлод тарбиясига сезиларли даражада зарар етказади”.
Аммо NBCA шарҳловчиларининг айтишича, бундай никоҳларнинг зарари ҳақидаги ташвиқотлар ҳозирча самара бермаяпти. Расмий идоралар эса амалда бу удумга тўсқинлик қилмаяптилар ва бу ҳар бир оиланинг ўзининг шахсий иши деб ҳисоблаяптилар.
Уруғчилик муносабатлар сақланиб қолган ва кўпинча ёш келин-куёвлар битта авлод ёки уруғнинг аъзоси бўлиб келган қишлоқ жойларидаги одамлар ва айниқса катта авлод қариндошлар ўртасида никоҳларнинг тарафдорлари бўлиб келмоқдалар.
1998 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Оила кодекси яқин қариндошлар, “насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар” ўртасида никоҳни тақиқлаб қўйди, аммо ҳеч ким бу қонунга эътибор бергани йўқ.
“Эр ва хотин ўзаро яқин қариндош бўлган кўпгина оилаларни биламан. Бундай ҳолат бизда ҳам кўп учрайди”, - дейди мамлакат шарқида жойлашган Андижон шаҳридаги кузатувчи.
Таҳлилчилар ёш ўзбек оилалари нега бу эски удумга амал қилаётганларининг бир неча сабабларини кўрсатишмоқда.
Қашшоқлик даражаси юқорилиги важидан катта бир оиланинг аъзолари бўлган келин ва куёвнинг қариндошлари катта ҳаражатларсиз, келин учун тўланиши лозим бўлган қалин пулисиз тўй ўтказишга келишиб оладилар.
Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлардан фарқ қилмаган ҳолда Ўзбекистонда ҳам тўйлар, юбилейлар, болаларнинг туғилиши ҳамда марҳумлар ҳақи учун уюштириладиган эҳсон маросимлари кўп сонли қариндош ва танишлар иштирокида, катта пуллар сарфлаб ўтказилади.
Ва бу ерда ҳар қандай тежамкорлик фақат олқишланади, холос.
“Келин-куёвнинг ота-оналари ўз фарзандларини кўплаб ўзбек оилалари бошидан кечираётган моддий қийинчиликлардан нари қилишни истайдилар, - дейди оила муносабатлари соҳасида тошкентлик мутахассис Раъно. – Қариндошлар ва айниқса ака-ука ва опа-сингилларнинг ўзаро келишиб олишлари доимо осон кечади”.
Бундан ташқари, “қайчи қуда” бўлиш, яъни, қиз берган оиладан қиз олиш удуми ҳам кенг тус олган. Бунда икки оила бир пайтнинг ўзида иккита тўйни бир қилиб ўтказади ва анча маблағни тежаб қолишга эришади.
Иккинчидан, ёш келин-куёвнинг яқинлари ўзларининг таъбирларига кўра, шу йўл билан қариндошчилик ришталарини янада мустаҳкамлашни истайдилар. Шунинг учун ҳам улар ўз қизларини бегоналарга беришни ёки ўз оилаларига бегона келин олишни истамайдилар.
“Шунинг учун ҳам ўзбекларнинг орасида: “Қизимизни бегона қилмадик, ўзимизникига бердик”, деган гапни қайтаришни яхши кўрадилар ва бу нарса кишилар онгида ўрнаб қолган”, - дейди Ўзбекистон бўйича NBCA шарҳловчиси.
Фарғона водийсидаги Марғилон шаҳрида яшовчи 19 ёшли Комила қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳларда ҳеч қандай ёмонлик кўрмаётганини айтмоқда. У ҳам икки йил аввал ўзининг амакиси Абдусаломга турмушга чиққан ва бундан жуда хурсанд.
“Мен уни [эрини] кичкиналигимдан танийман, шунинг учун ҳам унинг барча фазилатлари ва камчиликларини яхши биламан, - дейди Комила. Унинг мендан 13 ёш катталиги мен учун мутлақо аҳамиятсиз. Аксинча, бунинг афзалликлари бор. Негаки, менга ўхшаган тажрибасиз аёлга айнан шундай ҳаётни кўрган ва тажриба орттирган инсон керак”.
Комиланинг бахти бор экан, яқин қариндошига эрга текканига қарамай, дўхтирларнинг айтишига қараганда, унинг иккита ўғли мутлақо соғлом.
Аммо бу каби оилаларда туғилган болаларнинг катта қисми одатда ирсий касалликларга йўлиқадилар.
Тошкентдаги “Оналар ва болалар” Тиббиёт марказида ишловчи мутахассиснинг айтишича, ота-оналари яқин қариндош бўлган оилаларда туғиладиган гўдак болаларнинг орасида муковисцидоз касаллиги кенг тарқалган.
Ушбу ирсий касаллик ген мутацияси оқибатида ривожланади, натижада ташқи секреция безларининг барчаси дардга чалинади, нафас олиш аъзолари ва ошқозон-ичак функциялари бузилади.
“Бизда ҳам биринчи, ҳам иккинчи, ҳам учинчи боласи дардга чалиниб қолган бўлиши мумкин бўлган оилалар бор”, - дея ташвиш билдиради мутахассис.
Самарқандда даволаш амалиёти билан шуғулланувчи Мунира исмли терапевтнинг айтишича, кўплаб ирсий касалликларнинг сабаби – қариндош генларнинг бири-бирига мос келиши, зарарликлари эса бир хил бўлишлари мумкин.
“Агар улар бири-бирига мос келиб қолса, унда бола касал ёки ногирон бўлиб туғилиши мумкин”, - дея қайд этади шифокор.
Никоҳларни қайд этиш давлат идоралари маълумотига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 250 мингта никоҳ қайд этилади. Аммо қариндошлар ўртасида тузилаётган никоҳлар тўғрисида расмий статистик маълумотлар йўқ. Шунингдек, ушбу муаммо бўйича халқаро тадқиқотлар натижалари ҳам чоп этилмаган.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 2003 йил февраль ойидаёқ фуқаролик ҳужжатларни расмийлаштириш билан шуғулланаётган идораларда яқин қариндошлар ўртасида тузилган никоҳларнинг салбий оқибатларини олдини олиш мақсадида келин ва куёвнинг қариндошлик алоқаларини аниқлаш билан шуғулланувчи махсус бўлинмалар тузишни таклиф этган эди.
Аммо шу чоққача ҳеч нарса қилинмаган эди.
“Бундай никоҳларни қайд этувчи давлат идоралари муаммога панжа ортидан қараяптилар. Негаки, уларда ишловчи ходимларнинг ўзлари яқин қариндошлар ўртасида тузилажак никоҳларга хайрихоҳлик билан қаровчи социумнинг бир қисми бўлиб қолмоқдалар”, - дея қайд этади ўзбекистонлик NBCA шарҳловчиларидан бири.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)