Ўзбекистон: “вайрон қилувчи” қайта қуриш Урганчгача етиб келди

Ўзбекистон: “вайрон қилувчи” қайта қуриш Урганчгача етиб келди

One of the homes in Urgench which narrowly missed demolition after owners came out to protest. (Photo: NBCentralAsia)
One of the homes in Urgench which narrowly missed demolition after owners came out to protest. (Photo: NBCentralAsia)

Июль ойи ўрталарида Хоразм вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланмиш Урганч марказидаги 2 қаватли уйда истиқомат қилувчи 71 ёшли Ефросиня Глазкова ваҳимали гумбурлаш, деворлар қасир-қусири ва қўшниларининг юракни эзувчи фарёдларидан уйғониб кетди. Бир неча сониядан сўнг у экскаватор шовқинини эшитди ва даҳшатли машинанинг чўмичи у ётган кровать ёнидаги деворни бузиб юборишига сал қолганини тушуниб етди.

Кекса аёл даҳшатга тушиб, деразадан ташқарига қаради. У ерда уларнинг уйини бузишга келган экскаваторга тош отаётган қўшнилар турган эди. Экскаваторда ўтирган ишчиларнинг сўзларига кўра, “уларнинг ўзлари ҳам уйда одамларнинг борлигидан хабарсиз бўлганлар”, чунки ҳокимиятда уларни уй “бўм-бўш”лигига ишонтиришган. Қўшнилар милиция чақирганлар, воқеа жойига етиб келган милиция ходимлари “”масалани ҳал қилган”. Сўнг экскаватордаги ишчилар қўшни кўчага ўтганлар ва у ерда ҳам худди шундай вазият такрорланган. Қурувчилар бу сафар ҳам уй эгаларига бўм-бўш бўлган уйни бузишга уринганларини айтиб, ишонтиришга ҳаракат қилганлар.

Одамлар ўз хонадонларига бўлган экскаватор ҳужуми бундан 50-60 йил аввал Ал-Хоразмий марказий кўчаси бўйлаб қурилган тўртта уйда яшаётганлар ўз уйларини тарк этишдан бош тортганларидан сўнг бошланганини айтишмоқда.

Апрель ойида улар уйларининг бузилиши ҳақида оғзаки огоҳлантириш олганлар. Аввалроқ ўзбек расмийлари 20 мингга яқин киши истиқомат қиладиган Урганчдаги еттита кўча реконструкциясини тасдиқлагандилар. Расмийлар назарида “шарти кетиб, парти қолган” уйлардаги 300 хонадон эгасига ер участкалари ёки 14000 АҚШ доллари миқдорида товон пули (бу пулга улар ҳозиргидай уй сотиб ололмайдилар) ёки авария ҳолатидаги муқобил уй таклиф қилинганди.

“Шаҳримиз прокурори Қудрат Раҳмонов билан суҳбат чоғида мен Ўзбекистон Фуқаролик кодексида фуқароларга авария ҳолатидаги уйлардан квартиралар таклиф этиш маън қилинганини айтдим, - дея аччиқланиб гапиради уйи бузилаётган аёл. – Амалдор эса менга: “Фуқаролик кодекси биз учун қонунми?” дея жавоб берди”.

Ўз навбатида, Урганч ҳокимияти “шаҳардаги ободонлаштириш ишлари учун уйни бўшатиш зарурлиги муносабати билан” ўз турар-жойларини тарк этишни истамаётган кишиларга қарши судга даъво аризасини берди.

Янги архитектура режаси мамлакат шаҳарлари кўринишини янгилашни кўзда тутган бўлиб, унинг биринчи босқичи 1 сентябрь куни нишонланадиган мустақилликнинг 20 йиллигига қадар якунланиши керак.

Исми ошкор этилишини истамаган шаҳар архитектура бошқармасидаги хабардор манбанинг сўзларига кўра, 2015 йилга келиб бузилган икки қаватли уйлар ўрнида тўққизта янги беш қаватли ва саккизта уч қаватли уйлар қад ростлаши керак.

Мамлакатда бир неча йилдан буён давом этаётган ва марказий шаҳарларнинг барчасида ўзининг фаол босқичига кўчган уйларни бузиш кампанияси бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг ушбу ҳудудга ташрифидан сўнг май ойида Урганчга ҳам етиб келди.

У маҳаллий расмийларга вилоят марказидаги “эски уйларни зудлик билан бузиб ташлаш”ни топширганди.

“Мирзиёев ташрифидан сўнг бузилаётган уйларда истиқомат қилувчи кишилар ҳуқуқ-тартибот идоралари ва прокуратура томонидан кучли босимга учрадилар, - дейди Урганчда истиқомат қиладиган аёл. – Уларнинг кўпчилиги шиддатли босимга ён бердилар ва аввалдан номақбуллиги маълум бўлган шароитда кўчишга рози бўлдилар”.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.
   

Uzbekistan
Economy
Frontline Updates
Support local journalists