Ўзбекистон ўз бюджетини инвесторлар ҳисобига тўлдиришга қарор қилди
Ўзбекистон ўз бюджетини инвесторлар ҳисобига тўлдиришга қарор қилди
Солиқ кодексига киритилган тузатишлар 11 сентябрь куни кучга кирди. Ушбу ўзгартишларга мувофиқ, нефть ва газ қазиб чиқариш соҳасида маҳсулот тақсимлаш битими (МТБ) негизида ишлаётган чет эллик инвесторлар бундан кейин маҳаллий корхоналар сингари даромад, ер, сув, ягона ижтимоий тўлов каби солиқларни тўлашни бошлайдилар.
Бундан ташқари, углеводород хом ашёсига акциз солиқлари жорий этилмоқда.
Ушбу янгиликлар шартномаларида солиқ ва тўловларнинг конкрет ставкалари кўзда тутилмаган инвесторларга тегишли бўлади, холос.
Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси бошқармасининг раҳбари Наталия Шмакованинг айтишича, жорий этилган ўзгартишлар натижасида табиий қазилма фойдаланувчиларидан тушадиган солиқ тушуми ҳажмининг сезиларли даражада кўпайиши кутилмоқда.
Мисол учун, олдинроқ маҳсулот тақсимлаш битими (МТБ) иштирокчилари қазиб чиқарилган ҳар минг куб метр “зангори олов” учун мамлакат бюджетига 9,35 доллардан тўлаб келишган бўлса, эндиликда уларнинг солиқ ставкалари 68,4 долларни ташкил этади. Шунингдек, чет эллик инвесторлар учун роялти, яъни, табиий ресурсларни қайта ишлаш учун тўлов ставкаси ҳам йигирма беш фоизга кўтарилади.
Ўзбекистон иқтисодиётининг пахта толаси, табиий газ, рангли металлар, уран ва бошқа фойдали қазилмаларнинг экспортига қарамлиги жуда катта. Мазкур маҳсулотларнинг экспорти давлат хазинасига ҳар йили 15 миллиард долларга яқин даромад олиб келади.
Бироқ, жаҳон бозорида хом ашё нархларнинг ўзгариб туриши, фойдали қазилмаларнинг баъзилари учун нархларнинг тушиб кетиши, меҳнат муҳожирларидан пул трансфертлари қисқариши каби омиллар мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатди ва натижада, расмийлар мамлакат бюджетини тўлдириш учун янги ресурслар излашга тушиб қолдилар.
“Кризис босқичма-босқич Ўзбекистон иқтисодиётини ҳам қамраб олмоқда, республика валюта тақчиллигини бошидан кечирмоқда, - дея қайд этади тошкентлик мустақил иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимов. – Шунинг учун ҳам ҳукумат чет эллик инвесторлар учун кўзда тутилган имтиёзларни бекор қилиш йўли билан аҳволни тўғирлашга интилмоқда”.
Айни пайтда Россиянинг Газпром ва ЛУКОЙЛ, Малайзиянинг Petronas ҳамда Япония ва Жанубий Кореянинг бир қатор фирмалари маҳсулот тақсимлаш битими (МТБ) асосида Ўзбекистонда нефть ва газ қазиб чиқаришда иштирок этмоқдалар.
Баъзи экспертларнинг тахмин қилишича, Ўзбекистон давлат хазинасини солиқ ҳажмини кўпайтириш ҳисобига Россиянинг йирик инвестори бўлган ЛУКОЙЛ компаниясидан сезиларли молиявий тушум олишни ният қилмоқда. Мазкур компания Орол денгизининг ғарбий соҳилидаги Устюрт нефть ва газ платосида иш олиб бормоқда ҳамда мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Қандим конлари гуруҳини фаол равишда ўзлаштирмоқда.
Шу чоққача ЛУКОЙЛ Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳаларга 5 миллиард доллардан зиёд маблағни инвестиция қилиб бўлди.
Бироқ, ЛУКОЙЛ қошидаги «ЛУКОЙЛ Оверсиз» компанияси матбуот хизматида берилган шарҳга кўра, компания Ўзбекистон ҳукумати билан аввал имзолаган битимда мамлакат қонунчилигига бундан кейин киритилажак ўзгартишлар шартномага таъсир этмаслиги тўғрисида мажбурият бор .
“Янги солиқ ставкалари бошқа инвесторларнинг чўнтагини анча енгиллатишига қарамай, бу уларни қўрқитиб қўяди дея ҳисобламаслик керак”, - дейди ишонч билан тошкентлик мустақил иқтисодчи Виктор Ивонин.
“Текшириб аниқланган ҳамда қазиб чиқарилаётган фойдали қазилмаларнинг ҳажми уларни тўла ҳолда қониқтирмоқда”, - дея тахмин қилади Ивонин.
(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)