Ўзбекистон туризмни ривожлантирмоқда
Тошкент мамлакатга кўпроқ туристларни жалб қилмоқчи.
Ўзбекистон туризмни ривожлантирмоқда
Тошкент мамлакатга кўпроқ туристларни жалб қилмоқчи.
Ўзбекистон бир қатор давлатлар учун виза тартибини енгиллаштирган ҳолда, мамлакатда туризмни ривожлантириш сиёсатини олиб боришда давом этади.
Бундан буёғига 39 та давлат фуқароларида соддалаштирилган тартибда ўзбек визасини қўлга киритиш имкони бор. Исроил, Туркия, Жанубий Корея, Япония, Малайзия, Индонезия ва Сингапур фуқаролари Ўзбекистонда визасиз 30 кун бўлишлари мумкин.
Авторитар бошқарувчи Ислом Каримовнинг ўрнига келган Шавкат Мирзиёев туризм соҳасини ривожлантиришни узоқ кутилган ислоҳотларнинг бир бўлагига айлантирди.
“Мамлакатимиз туризм соҳасида улкан салоҳиятга эга бўла туриб, узоқ йиллар бу имкониятдан тўлиқ ва самарали фойдаланилмади, - деди Мирзиёев 22 феврал куни туризмни ривожлантиришга бағишланган видеоселекторда. - Туризм ривожи учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилмади, ҳамма ўз билганича фаолият юритиб келди”.
Мамлакатда шубҳасиз туристик потенциал мавжуд. Ўзбекистонда кўплаб тарихий обидалар жойлашган, жумладан Бухоро, Хива ва Самарқанд шаҳарлари бир неча юз йиллар давомида қудратли хонликлар марказлари бўлган.
2017 йил Ўзбекистонга 2,7 миллион турист ташриф буюрган, аммо туристлар улуши паст даражада бўлган.
Ўзбекистон Республикасининг туризм бўйича давлат қўмитаси маълумотига кўра, сайёҳлик сектори мамлакатнинг 2,3% ЯИМини ташкил қилади. Бу кўрсаткич 5 фоизгача ўсиши ҳам мумкин.
2016 йилнинг сентябрида вафот этган Каримов шафқатсиз раҳбар бўлган ва мамлакатни 27 йил давомида қаттиққўллик билан бошқарган. Мирзиёев дунёдаги энг ёпиқ давлатлардан бирини чиндан ҳам очиш нияти борми – бу ҳақда кўплаб гипотезалар илгари сурилди.
2016 йилнинг декабрь ойида президентлик лавозимига киришган Шавкат Мирзиёев туризм давлат приоритетига айланиши ҳақида эълон қилди ва 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Европа ва Осиёнинг бир қатор мамлакатлари учун визасиз режимни жорий этиш ҳақида фармон чиқарди.
Бироқ ушбу қарор Миллий хавфсизлик хизматининг қаршилиги боис кечиктирилди, баъзи таҳлилчилар бу ҳолатни ҳокимият учун ички кураш сифатида баҳолашди.
Ўзбекистон доим ёпиқ давлат бўлганига қармасдан МДҲнинг аксарият мамлакатлари билан визасиз режим ҳақида битимга эга. Жиддий милиция назорати туфайли Каримов даврида ўлка сайёҳларни ўзига жалб қилолмади, ва унинг вориси энди ушбу образни ўзгартириш кампаниясини олиб бормоқда.
Илгари Ўзбекистонга келган ҳар бир чет эллик уч кун муддат ичида ички ишлар бўлимида рўйхатдан ўтиши шарт эди. Энди меҳмонхона ходимлари ёки таклиф қилган тараф чет эллик меҳмонни рўхатга олмоқда.
Президент фармонига биноан, энди ички ишлар вазирининг алоҳида ўринбосари бўлади, ва у туристлар хавфсизлигини ва уларнинг саёҳати қулай тарзда ўтишини таъминлайди. Шунингдек, миллий телерадиокомпания ва маданият вазирлигига мамлакатнинг туристлар учун жозибадорлиги ҳақида хабар берувчи янги хақаро телеканал яратиш топшириғи берилган.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси самолёт чипталари нархини пасайтирди. Бишкекдан Тошкентга ва Тошкентдан Бишкекка чиптанинг нархи илгаридек 220 АҚШ доллари эмас, 150 доллар қилиб белгиланди.
Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашидовнинг айтишича, бундан буёғига Ўзбекистонда ҳеч ким сайёҳларга кўчаларда суръатга туширишни тақиқламайди, туристик шаҳарларда эса бепул вай-фай зоналар ташкил қилиш режалаштирилмоқда.
Рашидовнинг сўзларига кўра, олдинлари Тошкент аэропортида 1,5-2 соат ичида назоратдан ўтиларди, ҳозир эса бу масала 20-30 дақиқада ҳал бўлмоқда.
“Мамлакат дунёга очилиши учун кўплаб ишлар амалга оширилмоқда, - дейди элчи. - Биз Ўзбекистонни туристларга танитиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз”.
“Самарқанд шаҳрини ўтган йил 1,25 миллион, жумладан 249 минг чет эллик турист зиёрат қилди. Улардан 62 миллион доллар фойда кўрилди. Пахтадан эса Самарқанд вилояти бор-йўғи етти миллион доллар фойда кўрди. Мана энди нима учун туризм стратегик йўналишимиз эканлигини ўзингиз тушунаверинг” - дейди Рашидов.
Баъзилар ушбу мақсадлар эришилишига шубҳа билан қарамоқда. Бухоролик журналист аноним бўлиб қолиш шарти билан шуни таъкидлайдики, шаҳарнинг тарихий масканларини ўзгартириш бўйича ишлар таваккалига қилинмоқда.
“Эски шаҳарда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, аммо бу ишлар пала-партиш амалга оширилаяпти, - дейди журналист. - Олимлар эски шаҳар майдонида қилинадиган барча ишларга илмий ёндашув бўлиши керак, деб ҳисоблашади. Аммо маҳаллий ҳокимият улар билан маслаҳатлашишни хоҳламайди ва барчасини тезда битиришга ҳаракат қилади. Натижада бир қанча меъморий обидаларга зарар етган”.
Баъзиларнинг фикрича, сайёҳлик секторининг очилиши бошқа доимий даромадларни ўрнини боса олмайди.
Марказий Осиё бўйича эксперт Шерадил Батигуловнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда туристик саноат ҳали советлар даврида йўлга қўйилган эди. Бироқ, экспертнинг фикрича, ўзбеклар туризмнинг иқтисодга таъсири даражасига реал баҳо беришлари керак.
Мисол учун, пахта ўзбек маҳсулоти ва чет эл валютасининг муҳим манбаи эди.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон пахта экспортидан йилига 500 минг доллар фойда кўради, 2017 йил пахта 14 миллиард долларлик экспортнинг 3,5 фоизини ташкил қилди.
“Пахтага талаб доим бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади, - дейди Бактигулов. - Шунинг учун туризм пахта экспортини ўрини эгаллайди, дейиш нотўғри, чунки пахта - бу стратегик маҳсулот.
This publication was prepared under the "Giving Voice, Driving Change - from the Borderland to the Steppes Project" implemented with the financial support of the Foreign Ministry of Norway.