Institute for War and Peace Reporting | Giving Voice, Driving Change

Ўзбекистон: Тошкент ҳокими истеъфодан кейин ҳибсга олинди

By News Briefing Central Asia

Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш доирасида қатор ҳибсга олишлар ва ишдан бўшатишлар кутилаётганини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди.

21 феврал куни мустақил оммавий ахборот воситалари 2005 йилдан буён Тошкент шаҳри ҳокими бўлиб ишлаган Абдуқаҳҳор Тўхтаев ўз ихтиёри билан истеъфога чиқиш ҳақида ариза ёзганидан уч кун ўтгач ҳибсга олингани ҳақида хабар қилдилар.

Ўзбекистон ҳукуматида ишловчи исми ошкор қилинишини истамаган амалдор Тўхтаевнинг ҳибсга олишини изоҳлар экан, унга “коррупция билан боғлиқ жиноятлар қўйилаётгани”ни қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бу иш юзасидан, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг ўндан ортиқ ходими ҳам сўроқ қилинмоқда.

NBCA суҳбатлашган Тошкент шаҳар ҳокимияти ходимлари собиқ ҳоким ҳибсга олинганини тасдиқлаш баробарида уларнинг идорасида маҳаллий куч ишлатар тузилмалар томонидан текширувлар ўтказилганини билдирдилар. Текширув тафсилотлари ошкор қилинмаяпти, бироқ, собиқ ҳокимга яқин бўлган одамларнинг сўзларига кўра, унга “Тошкент шаҳрида қимматбаҳо навли дарахтларни ноқонуний равишда кесганлик ва сотганлик, турар-жойларни ноқонуний мусодара қилганлик ва иншоотларни ноқонуний равишда бузганлик” айби қўйилмоқда.

Мақола ёзилаётган пайтда Тошкент шаҳар прокуратураси вакиллари ҳокимга қарши жиноий иш очилганини тасдиқлаганлари йўқ, бироқ улар буни инкор ҳам қилмадилар.

Бу сўнгги ойларда ўзбекистонлик амалдорларнинг истеъфога чиқиши ва ҳибсга олиниши билан боғлиқ биринчи ҳодиса эмас.

Тошкент ҳокими билан бир вақтнинг ўзида бир неча кун олдин Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Қобул Нақибов ҳам истеъфога чиқарилди.

2011 йилнинг январь ойи охирида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилгани учун Самарқанд вилоят ҳокими Ўктам Барноев ишдан бўшатилган ва ҳибсга олинганди.

Бунга президент Ислом Каримовнинг ўтган йил декабрида Конституция куни муносабати билан қилган чиқиши сабаб бўлиб, унда президент коррупция давлатчиликнинг энг биринчи душман деб ҳисобланиши кераклигини ва “бунақа ноқонуний кўринишларни тўла бартараф қилиш вақти етган”ини билдирганди.

Каримов Бош прокуратуранинг ташқи иқтисодиёт бўлимига зудлик билан бу йўналишда ишлай бошлашни топширди, пировардида куч ишлатар тузилмалари 2011 йилда коррупцияга барҳам бериш бўйича қатор операцияларни режалаштирдилар.

Расмий маълумотларга кўра, 2008-2010 йиллар мобайнида Ўзбекистон ҳокимият органларида ишлайдиган 1391 нафар масъул ходим хизмат ваколатларини суиистеъмол қилгани, ўғрилик, бошқалар мулкини ўзлаштириш, порахўрлик каби жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Судланганлар орасида олти нафар ҳоким ва уларнинг ўринбосари, 83 нафар куч ишлатар тизимлари ходими бор.

Шунақа шов-шувли ишлардан бири 2008 йил апрел ойи ўрталарида Самарқанд вилоят собиқ ҳокими Аъзамжон Баҳромовнинг “товламачилик, шантаж, порахўрлик, пул ундириш, давлат маблағларини ўта катта миқдорда ўмарганлик ҳамда йирик жиноий гуруҳлар тузганлик учун” 15 йилга қамалиши бўлди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Ўзбекистон учун бунақа амалиёт янги эмаслиги ва ҳар бир мансабдор шахс буни жуда яхши билишини қайд этароқ амалдорларнинг истеъфоси ва ҳибсга олишлари ҳақида скептикларча муносабат билдиради. “Бу юқори лавозимли амалдорларнинг ҳаммаси коррупцион схемалардан фойдаланиши билан боғлиқ”, - дейди Икромов.

Тошкентлик мустақил таҳлилчи Баҳодир Мирзоев бу фикрга эътироз билдиради. У маҳаллий аҳоли қарийб ҳар қадамда учрайдиган коррупцияга қарши қатъий кураш бошланажагини кутаётганини айтади.

“Афтидан, юқоридагилардан кимдир ҳоким Тўхтаевнинг мамлакат асосий шаҳридаги энг таъсирли амалдорлардан бири сифатида жавобгарликка тортилиши аҳолини тинчлантиради, деган қарорга келган кўринади”, - дея тахмин қилади у.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бўлимининг исми ошкор қилинишини истамаган ходими буни билвосита тасдиқлади ва бунақа чоралар баъзан жамоатчилик орасида яхши натижа бериши мумкинлигига ишора қилди.

“Ҳокимият тузилмаларида жиддий кураш ва катта ўзгаришлар кутилаяпти”, - деди у.

Коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро ташкилот бўлмиш Transparency Internationalнинг 2010 йилги рейтингига кўра, Ўзбекистон Ироқ, Афғонистон, Бирма ва Сомали билан бир қаторда энг паст ўринлардан бирини – 172-ўринни эгаллаган.

Ушбу мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.