Ўзбекистон: Собиқ совет дипломати Ташқи ишлар вазирлигига раҳбар бўлди

Ўзбекистон: Собиқ совет дипломати Ташқи ишлар вазирлигига раҳбар бўлди

Таҳлилчилар 13 январь куни тажрибали амалдор, 63 ёшли Абдулазиз Комиловнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири этиб тайинланишини расмийларнинг мамлакат ташқи сиёсатида янги стратегик йўналиш ишлаб чиқиш истаги билан боғлиқлигини айтмоқдалар.

Абдулазиз Комилов қайтадан ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири этиб тайинланган Элёр Ғаниевнинг ўрнига келди.

Ташқи ишлар вазирлигининг янги раҳбари узоқ вақт дипломатлик фаолияти билан шуғулланган, турли лавозимларда ишлаган шахсдир: у Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси, президентнинг ташқи сиёсий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори бўлиб ишлаган.

1994 йилдан 2003 йилгача тўққиз йил мобайнида Комилов Ўзбекистон ташқи ишлар вазири бўлиб ҳам ишлаган.

Унинг хизмат рўйхатида ички ишлар вазири ва Миллий хавфсизлик хизмати раис ўринбосари каби лавозимлари бор, у ўтган аср 70-йилларида СССРнинг Ливан ва Сириядаги элчихоналарида, совет Ташқи ишлар вазирлигининг Яқин Шарқдаги бўлимида ишлаган.

«Комиловнинг қайтиши президентнинг араб инқилоблари механизмини тушуниш ва бу каби воқеаларнинг Ўзбекистонда содир бўлишига йўл қўймайдиган ташқи сиёсат юргизиш истаги билан боғлиқ бўлиши мумкин», - деди Ўзбекистон парламентининг Юқори палатаси депутати.

Сиёсат фанлари доктори, тошкентлик Севара Шарапова ҳам «араб нобарқарорлиги» шароитида «сиёсий сезги»га соҳиб кишининг лавозимга тайинланиши Ўзбекистон ташқи сиёсати учун аҳамиятсиз иш эмаслигини қайд этди.

Мустақил сиёсатшунос Фарҳод Толипов тажрибали дипломатнинг қайтиши «халқаро ва минтақага оид воқеалар билан боғлиқ бўлган муаммоларга дуч келаётган» мамлакатнинг ташқи сиёсий йўналишига залвор бағишлашини қўшимча қилди.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томонидан молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” лойиҳаси доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.
 

Diplomacy
Frontline Updates
Support local journalists