Ўзбекистон: сиёсий партиялар ўртасидаги баҳс-мунозара

Ўзбекистон: сиёсий партиялар ўртасидаги баҳс-мунозара

Ўзбекистон учун камёб бўлган сиёсий партиялар ўртасидаги мунозара партиялар уларнинг бир-бирига мухолиф эканини намойиш қилишга қаратилган, бироқ у чинакам сиёсий рақобатга олиб келмайди.

Ноябрь ойи мобайнида маҳаллий матбуот ҳамда Ўзбекистон Халқ-демократик партияси (ЎХДП) ва Либерал-демократик блок (ЎзЛиДЕП) расмий нашрлари саҳифаларида икки сиёсий куч вакиллари ўртасида кураш авж олди.

Электоратининг асосини бизнесменлар ва тадбиркорлар ташкил қилган центристик партия бўлмиш ЎзЛиДЕП парламентдаги ўз рақибларини “мамлакат учун оғриқли бўлган ижтимоий адолат мавзусини кўтарган ҳолда сиёсий капитал ишлаб олиш”га уринишда айблаб чиқди.

Либерал-демократик блок вакиллари ЎХДПдан бўлган ўз рақибларини “Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун атрофидаги тортишувлар чоғида ЎзЛиДЕП позициясини тушунмаганликда айблади. Улар тадбиркорлар учун максимал даражада эркинлик бериш позициясини ҳимоя қилгани ҳолда ЎХДП фаоллари банк соҳасида давлатнинг тартибга солувчилик ролини бажаришини ёқлаб чиқаётганини қайд этдилар.

Ўзбекистон Коммунистик партияси асосида тузилган ҳамда электорати бюджет соҳаси ходимлари ва аҳолининг заиф қатламлари вакилларидан иборат бўлган ЎХДП ўз рақибларини иқтисодий ислоҳотларни тезлатишга уриниш ва ҳаддан ортиқ “либераллик” учун танқид қилдилар.

Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси функциясининг номинал даражада эканини қайд этган таҳлилчилар ундаги партиялар ўртасида чинакам қарама-қаршилик бўлиши мумкинлигига ишончсизлик билан муносабатда бўлдилар. Улар фикрича, бу мамлакатда барча қарорларни давлат раҳбари қабул қилади.

Тошкентдан бўлган мустақил сиёсатшунос Баҳодир Сафоев бу каби парламент ичидаги бу каби тортишувлар унинг мустақиллигини ва бу ерда баҳс майдони борлигини кўрсатиш учун керак, деб ҳисоблайди.

“Бу томоша энг аввало ғарблик кузатувчи эътиборига йўналтирилган, бизнинг парламентда шиддатли сиёсий кураш бораяпти ва биз демократик ислоҳотларни чуқурлаштираяпмиз, дегандек. Бундан ташқари, партиялар ҳеч бўлмаганда вақти-вақти билан ўзининг борлиги ҳақида эслатиб туриши керак, чунки партиявий ташкилотлар моҳиятан мамлакатнинг реал сиёсий ҳаётидан қарийб ўчириб ташланган”, - дейди Сафоев.

Ўзбекистон Сенатининг фуқаровий-ҳуқуқий масалалар бўйича вакили Светлана Ортиқова бу фикрга Ўзбекистонда ички сиёсий қарама-қаршиликлар демократик ислоҳотларнинг индикаторига айланаётганини қайд этиш орқали эътироз билдиради.

“Партиялар мамлакатдаги барча асосий воқеаларга ўзларининг алоқадор эканларини ҳис қилмоқдалар, улар амалий натижа берадиган кун тартибини ишлаб чиқмоқдалар, шунинг учун ҳам дунёдаги барча ривожланган парламентларда бўлгани каби улар ўртасида баҳс-мунозаралар юзага келаяпти, мен бунда ҳеч қанақа ажабланарли жиҳатни кўрмайман”, - деди Ортиқова.

Тошкентдан бўлган ва исми ошкор этилишини истамаган медиашарҳловчи партиялар ўртасидаги қарама-қаршиликлар борасида жамият орасига ахборот чиқарилиши ЎзЛиДЕПнинг мамлакат етакчи партияси сифатида позициясини мустаҳкамлаш истаги сабабли амалга оширилган бўлиши мумкин, деган тахминни айтди.

“Президент 2007 йилда либерал-демократлардан вакил ўлароқ қайта сайланган, бу партия унинг учун тузилган, дастлаб унинг позицияси ҳақиқатан кучли эди, чунки у жамиятнинг энг илғор қатламини бирлаштириб турарди. Бироқ у чинакам иқтисодий муваффақиятларга эриша олмади, унинг платформаси бугунги кунда одамларнинг кўпчилиги учун тушунарсиз, чунки улар тадбиркорлик фаолиятидан узоқдалар. Коммунистик партия вориси бўлмиш ЎХДПнинг эса позицияси ҳар доим яхши бўлган, улар халқ номидан гапирадилар, бу эса уларнинг сиёсий очколарини оширади. Бироқ президент ўз партияси сифатида ЎзЛиДЕПни танлаган, шунинг учун ҳам либераллар ва халқчиллар ўртасида мунозара пайдо бўлаяпти, бироқ охирги сўзни президент айтади ва буни барча тушунади”, - дейди журналист.

Либерал-демократик блокнинг исмини айтмаган вакили Ўзбекистонда Қозоғистон ва Россияда бўлгани каби парламент шакллантиришга уринилаётганини қайд этди. Бу мамлакат парламентларида партиялар элитаси ўртасида ички қарама-қаршилик мавжуд, бироқ улар президент тамсил этган амалдаги ҳокимият билан зиддиятга бормайди.

“Парламент ичида қарама-қаршиликлар бўлиши керак, танқид парламентаризмнинг мустаҳкамланишига ёрдамлашади, масалан, Россияда партиялар ўзаро кураш олиб боради, шунга қарамасдан, уларнинг ҳаммаси давлат раҳбарини қўллаб-қувватлайди, бу эса бизнинг шароитда энг тўғри йўлдир”, - деб ҳисоблайди либерал-демократлар вакили.

Сирдарёлик медиашарҳловчи жамоатчилик партиялар ўртасида бўлган курашга қизиқмаслиги, сиёсий партиялар фаолияти эса ҳеч қанақа муносабат уйғотмаётганини айтди.

“Чинакам мухолифат йўқ, сунъий нарсаларнинг эса ҳаммаси фақат нафрат уйғотади, шунинг учун ҳам ҳамма бунинг спектакль эканини билади”, - дейди у.

Мазкур мақола National Endowment for Democracy жамғармаси томониданн молиялаштириладиган “Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси” дастури доирасида тайёрланди.

Агар сиз ушбу материал юзасидан изоҳ ёки савол бермоқчи бўлсангиз, Марказий Осиё бўйича муҳаррирлик командамизга - feedback.ca@iwpr.net манзилига мактуб йўллашингиз мумкин.

 

Uzbekistan
Support our journalists