Ўзбекистон: Сайловдан кейин мусулмонларнинг кайфияти тушкун

Ўзбекистон: Сайловдан кейин мусулмонларнинг кайфияти тушкун

Tuesday, 2 February, 2010
, улар парламент сайловларида овоз беришдан ўзларини олиб қочдилар. Негаки, депутатлик корпусида уларнинг манфаатлари ҳеч қанақасига намоён этилмаган.



Сайловларнинг иккинчи босқичи бўлиб ўтганидан икки кун ўтиб, 12 январь куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон парламенти – Олий Мажлисининг Қонунчилик (қуйи) палатасига овоз бериш жараёни якунларини эълон қилди ва парламент сайловларини бўлиб ўтган дея ҳисоблашини билдирди.



Олдинроқ, 2009 йил 27 декабрь куни сайловларнинг биринчи босқичида бир юз ўттиз бешта сайлов округларидан ўттиз тўққизтасида бирорта ҳам номзод сайланиш учун етарли миқдорда овоз тўплай олмади. Бу эса ўз навбатида қайта сайлов ўтказиш заруратини туғдирди.



Парламентнинг қуйи палатасига бир юз элликта депутат сайланди: улардан эллик уч киши Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати/ Либерал-демократик партиянинг вакиллари, ўттиз иккитаси – Халқ-демократик партиясидан, ўттиз биттаси – “Миллий тикланиш” Демократик партиясидан, ўн тўққизтаси – “Адолат” Социал-демократлар партиясидан ва ўн беш нафар депутат Ўзбекистон Экология ҳаракатидан.



Расмийлар партиявий рўйхатлар асосида шаклланган қонунчилик палатаси таркибига “жамиятнинг деярли барча табақалари” вакиллари кирган деб маълумот берганларига қарамай, NBCA шарҳловчилари маҳаллий мусулмонларнинг манфаатлари эътибордан четда қолди дея ҳисоблаяптилар. Мусулмонларга кўра, дунёвий таомйилларга кўра шакланган парламент уларнинг манфаатларини кўзлайдиган қонунларни илгари суриб ўтирмайди ҳам.



Бироқ бошқа томондан олиб қараганда, сўралган респондентларнинг деярли ҳаммаси овоз беришда иштирок этмаганлар ёки расмийлар билан ортиқча муаммо қилмаслик учун ўз овозларини расман, босим остида берганлар. Расмийлар учун сайловчиларнинг иштирок этиш даражаси юқори бўлган деб баёнот беришлари ўта муҳим бўлган.



“Мен бюллетенимни ўқиб ҳам ўтирмай қутига ташладим, - дейди Жалолиддин деган тошкентлик 29 ёшли диндор мусулмон йигит. – Сайловлардан олдин менинг олдимга маҳалла фуқаролари йиғини вакиллари келиб сайловларда итирок этишимни қатъий тарзда тавсия қилдилар. Мен махсус хизматлар билан муаммо чиқишини истамадим”.



“Мен эса сайловга чиқиб ўтирмадим, - дея суҳбатга қўшилади Фарғона водийсида жойлашган Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи 63 ёшга кирган Ҳокимжон ака. – Нима кераги бор? Ахир диндор мусулмонларнинг манфаатларини бирорта ҳам депутат ҳимоя қилмоқчи эмас, бизнинг вакилимиз олдин ҳам ҳеч қачон Олий Мажлисга сайланмаган, ҳозир ҳам йўқ”.



Мамлакат шарқидаги Андижон вилоятининг марказида истиқомат қилувчи 35 ёшли Пўлатжон ҳам ҳудди шундай иш тутди. У ҳам менинг овозим бирор нарсани ҳал этмайди деб ҳисоблар экан.



“Депутатлар орасида бирорта ҳам диндор йўқ, - дея аччиқланади бошқа мусулмон. – Уларнинг орасида ҳатто фермерлар ҳам бор. Бироқ фермер диндорларга қандай фойда келтира олади?”



Тошкентлик Абдуғаффорнинг ёши қирқ еттида. У кўплаб дунёвий давлатларда, мисол учун Туркия ва Қирғизистонда парламент депутатлари орасида диндорлар оз эмаслиги тўғрисда эшитган. Улар ўзларининг диний мансубликларини яширмайдилар ва ижтимоий қонунларни қабул қила туриб сайловчиларининг аксариятини мусулмонлар ташкил этишини доим эслаб турадилар.



“Менга айтиб беришларича, - дейди у, - мисол учун, қўшни Қирғизистон парламенти депутатлари диний байрам кунлари сайловчилар билан учрашувларга чиқиб турар эканлар, Рамазон ойида ифторларни уюштириб, қонун қабул қилинаётган пайтда мусулмонларнинг манфаатларини илгари сурар эканлар. Улар хаж учун квотани кўпайтиришга ҳаракат қилишар экан. Бизда бунақа нарсанинг бўлиши ухлаб тушингизга ҳам кирмайди”.



Конститутицияга кўра Ўзбекистон демократик респубика саналади. Бу ерда дин давлатдан ажратилган ва диний аломатларга кўра сиёсий партиялар тузиш тақиқланади. Бироқ мамлакатда диний анъана ва эътиқод жуда кучли.



Диндорлар Ўзбекистон халқи жамиятининг ажралмас узвий ва фаол қисми бўлиб, бу нарса кўп йиллардан бери диний экстремизмга ҳамда фаолияти мамлакатда тақиқлаб қўйилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати (ЎИҲ) ва “Ҳизбут-Таҳрир” Исломий уйғониш партиясининг тарафдорларига қарши кураш олиб бораётган расмийларга кўпам ёқмайди.



Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг баҳо беришича, Ўзбекистон турмаларида саккиз мингдан зиёд диндор мусулмонлар диний эътиқодлари учун кўп йилларга озодликдан маҳрум этилган. Тошкентдаги Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎЗМҲҲТГ)маълумотига кўра, уларнинг аксарияти сохталаштирилган айбловлар билан турмага тушиб қолаяптилар ва уларга нисбатан шавқатсиз қийноқлар қўлланмоқда.



“Таъқиблардан сўнг улар Ўзбекистон расмийларининг сиёсати яхши томонга ўзгаришига ишончларини йўқотдилар. Ислом ақидасининг барча кўрсатмаларига амал қилувчи одамлар сайловга бормай қўйдилар. Чунки, улар учун танлаш ҳуқуқи йўқ”, - дейди ЎЗМҲҲТГ етакчиси Сурат Икрамов.



Мухолифатдаги “Бирдамлик” ҳаракатининг Ўзбекистон бўйича етакчиси, тошкентлик Дилором Исақова масалага аниқлик киритиб, республикадаги кўпчилик мусулмонлар сайлаш ҳуқуқидан маҳрум этилгани учун ҳам сайловларда иштирок эта олмаётганларини айтмоқда.



“Ўзбекистонлик мусулмонларнинг аксарияти судланган ёки бўлмаса, уларнинг яқинлари ва қариндошлари Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-чи моддаси [Конститутциявий тузумга тажовуз қилиш] бўйича турмаларда ўтиришибди, - дейди у. – Кўпчилик судланганлар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилган, уларнинг яқинларини эса сайловга таклиф этмайдилар ҳам. Улар қора рўйхатга тушиб қолишган. Шунинг учун сайловларда номига бўлса ҳам иштирок эта олмайдилар”.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)



Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists