Ўзбекистон расмийлари ОИТВ ёйилиши таҳдидига жиддий эътибор бермаяптилар

Ўзбекистон расмийлари ОИТВ ёйилиши таҳдидига жиддий эътибор бермаяптилар

Tuesday, 18 November, 2008
(ОИТВ) чалиниш ҳолатларини яшириш, инфекцияланган касаллар ҳақидаги расмий статистиканинг ёпиқлиги мамлакатда ОИТ вирусининг янада кенгроқ ёйилишига олиб келиши мумкин, дея огоҳлантирадилар NBCA экспертлари.



10 ноябрь куни Марказий Осиё янгиликларини ёритиш бўйича ихтисослашган «Фарғона.Ру» интернет сайти Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги номи ошкор бўлишини истамаган манбага таянган ҳолда мамлакат шимоли­шарқида жойлашган Наманган вилоят касалхонасида қирқ уч нафар ёш боланинг оммавий равишда ОИТ вируси билан касаллангани ҳақида хабар берди.



Вируснинг тарқалиш сабаблари сифатида «бир марталик шприцларнинг кўп маротаба ишлатилгани» кўрсатилган.



Бошқа оммавий ахборот воситалари олтмиш бешта касалликка йўлиққан бола ҳақида хабар тарқатдилар.



Ozodlik радиосининг (Озодлик Радиоси ўзбек тили хизмати) хабар беришича, касалланган болалар «уй-уйларига юборилган». Улар керакли дори-дармон билан таминланаяптилар ва тиббий назорат остига олинганлар. Наманган вилоят касалхонасини эса Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХХ) ходимлари ва пойтахтдан келган шифокорлар текширмоқдалар.



Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария­эпидемиялогия назорати бош бошқармасининг бошлиғи Саидмурод Саидалиев болаларнинг айнан вилоят шифохонасида касаланганлари тўғрисидаги хабарни рад этди, аммо Россиянинг Regnum ахборот агентлигига «Наманган вилоятида касалга чалиниш ҳолатлари мавжудлигини» тасдиқлади.



Бу борада бошқа расмий шарҳлар берилгани йўқ.



Маҳаллий NBCA шарҳловчиларининг айтишича, Наманган вилоятида болаларнинг оммавий равишда ОИТ вирусига чалингани ҳақидаги хабар аҳоли ўртасида ваҳима кўтариб юборган.



«Телевизор ёки радио орқали бу ҳақда хабар берганлари йўқ, лекин кўчага чиққанимда ҳамма ерда одамлардан Наманганда болаларнинг ОИТС касаллигига чалингани тўғрисида эшитаман, холос», - дейди хавотирланган ҳолда Тошкентда истиқомат қилувчи аёллардан бири. - «Менинг иккита болам бор, энди бўлса уларни поликлиникага оддий эмлаш учун ҳам олиб боришга қўрқаяпман».



Олдинроқ ўзбекистонликларнинг ОИТ вирусига чалингани ҳақидаги жанжалли воқеа 2007 йил март ойида ошкор бўлган эди. Ўшанда мустақил оммавий ахборот воситаларига икки ўзбекистонлик врачнинг тўққиз нафар беморга ОИТВ инфекциясини юқтирганликда айблов билан қамалгани ҳақидаги маълумот етиб борган эди.



Мамлакатнинг расмий мулозимлари шу чоққача бу ҳақда индамай келмоқдалар.



NBCA экспертларининг қайд этишларича, ахборотларнинг ёпиқлиги ва касалланиш тўғрисидаги аниқ расмий маълумотларнинг йўқлиги Ўзбекистонда ОИТВОИТС касаллигининг ёйинланишига қарши кураш борасидаги вазиятга салбий таъсир кўрсатади.



«Расмий идоралар, шу жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам доим касалланиш ва касаллар ҳақидаги аниқ маълумотларни яширишга уриниб келган», - дея қайд этади NBCA экспертларидан бири.



NBCA томонидан сўралган шарҳловчилар Ўзбекистонда сўнгги йилларда ОИТВ инфекцияси ёйинланиши сурати кескин равишда кўтарилгани қайд этаётган БМТнинг ОИТВОИТС бўйича Қўшма дастурнинг (UNAIDS) сўнгги маълумотларига таянмоқдалар.



«ОИТС Шарқ­Ғарб Жамғармаси»нинг (AIDS Foundation East West) сўнгги, 2006 йилги маълумотларига кўра, расман ўн минг кишидан зиёд кишининг ОИТ вирусига чалингани расман қайд этилган (http://www.afew.org/russian/aids_nis.php). Қиёс қилинадиган бўлса, қўшни Қозоғистонда расман қайд этилган касалликка чалинган беморларнинг сони етти ярим мингга яқин кишини ташкил этади.



Ўзбекистонда ОИТВОИТС тарқалишига қарши кураш бўйича бир қатор дастурларнинг амалга оширилаётгани, 15 та ихтисослашган «ОИТС» марказларининг фаолият юритаётгани, ОИТВ­профилактикаси бўйича Стратегик дастур амалга оширилиши ҳамда халқаро анжуманларнинг ўтказилаётганига қарамай, касалга йўлиққан беморлар миқдори ҳақида аниқ расмий статистик маълумотлар чоп этилмаяпти.



Қозоғистондаги «Ишончли таянч» («Надежная опора») жамоат ташкилотининг раҳбари Валентина Скрябина ОИТВ профилактикаси бўйича ўтказилаётган минтақавий анжуманларда Ўзбекистон вакиллари доим ОИТВ инфекцияси билан касалланган беморларнинг аниқ сони ҳақида гапиришдан бош тортиб келганларига ишора қилмоқда. Аммо бундай «ёпиқ» сиёсатнинг оқибатлари салбий бўлиши муқаррар.



«Аҳоли сони жадал суратларда ўсиши қабатида аҳвол ёмонлашиб кетиши мумкин», - дейди у.



Айни пайтда туғилиш даражаси юқори бўлган Ўзбекистон аҳолисининг сони 27 миллионга яқин кишини ташкил этади ва аҳоли сонининг ўсиши йилига 1,2 фоиздан иборат.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)





Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists