Ўзбекистон: Расмийлар меҳнат муҳожирларига эътибор бера бошладилар

Ўзбекистон: Расмийлар меҳнат муҳожирларига эътибор бера бошладилар

Saturday, 14 February, 2009
. Уларни қўллаш учун бунга қараганда жиддийроқ чоралар кўриш лозим, дея қайд этадилар NBCA шарҳловчилари.



Президент Ислом Каримов тасдиқлаган меҳнат муҳожирлиги ва меҳнаткаш муҳожирларнинг ижтимоий муҳофазаси соҳасида ҳамкорлик бўйича МДҲ (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги) Битимига Тузатишлар киритиш протоколи шу йилнинг февраль ойида кучга кирди.



Янгиликлар «қўшни давлатлардан бирида ишлаётган ва бошқа давлатдаги доимий яшаш жойини ўзгартирмаган ва уйига ҳар куни ёки бўлмаса бир ҳафтада бир мартадан кам бўлмаган вақтда қайтиб келаётган» меҳнаткаш муҳожирларнинг фаолият юритиш тартибига тегишли бўлиб қолади.



Бу амалда чегара олди ҳудудлардаги меҳнат муҳожирларининг легаллашувини англатади. Ҳолбуки, расмийлар кўп йиллар давомида уларнинг муаммоларига кўз юмиб келгандилар.



Аҳолиси 27 миллионга тенг бўлган Ўзбекистон шимолда Қозоғистон билан, шарқда Қирғизистон билан, жануби-шарқда Тожикистон билан чегарадош. Бу мамлакатлар ҳам МДҲга аъзо бўлиб, шўролар давридан кейин тузилган мазкур интеграциявий бирлашма доирасида барча келишув ва битимларни бажариб келадилар.



Чегара олди туманларининг аҳолиси анъанавий тарзда савдо билан шуғулланиб келади ҳамда қўшни давлатлар ҳудудида, айниқса Қозоғистон ва Қирғизистонда жойлашган бозорларда мева ва сабзавот, газлама ва кийим-кечак сотади.



Ўзбекистонда меҳнат муҳожирларини рўйхатга олиш бўйича ҳеч қандай процедуралар қўлланмаслиги ҳамда расмийлар бу муаммо ҳақида сўз очмасликни афзал кўрганлари важидан кўпчилик савдогарлар қўшни мамлакатлар бозорларига нолегал равишда чиқиб келадилар.



Чегара олди савдосида машғул бўлган одамларнинг ҳеч қандай ҳисоби юритилмайди, рўйхатга олинмайди, пировардида, бу уларнинг ижтимоий ҳимоядан ҳамда эркин бизнес олиб бориш имкониятидан маҳрум этади. Ҳолбуки, бу машғулот чегара бўйлаб истиқомат қилувчи фуқароларнинг ягона даромад манбаи саналади.



Чегара олди меҳнаткашларини легаллаштириш бўйича расмийлар кўрган чоралар маҳаллий кузатувчилар томонидан оптимистик руҳда қабул қилинган эди. Улар муҳожирларнинг қўшни ҳудудларда бўлиш процедуралари эндиликда енгиллашади дея умид қилмоқдалар.



Лекин бошқа шарҳловчилар бу даражада оптимистик кайфиятда эмаслар ва имзоланган ҳужжатнинг ҳаётга татбиқ этилишига ҳали анча бор дея ўйлаяптилар.



«Легаллаштириш тартиби қачон белгиланишини ҳеч ким билмайди, - дея қайд этади ўзбекистонлик журналистлардан бири. – Бу тартиб жуда ҳам мураккаб бўлади, легаллаштириш эса яхши орзулигича қолиб кетаверади дея тахмин қилиш мумкин».



NBCA томонидан сўралган экспертлар ҳукумат тобора ўсиб бораётган меҳнат муҳожирлиги муаммоси борасида жиддий қайғуриши, тегишли қонунчилик базасини ишлаб чиқиши ва уни амалда қўллашга уриниши лозим дея ҳисобламоқдалар.



«Мен расмийлар ўзга юртларда тирикчилик сабабида юрган меҳнат муҳожирларимизнинг ҳимоясини таъминлай оладиган даражада жиддий қадам қўишларини, уларнинг мақомини қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйишларини, истаган пайтда ватанига қайтишни хоҳловчилар учун ижтимоий кўмак беришларини кутмоқдаман», - дейди Тошкент шаҳрида жойлашган Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг етакчиси Сурат Икрамов.



Таҳлилчилар айни пайтда Қозоғистон ва Россияда беш миллиондан зиёд ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари меҳнат қилаётганини, нодавлат ташкилотлари тақдим этган маълумотларга кўра, уларнинг ярми нолегал мақомга эга эканликларини қайд этмоқдалар.



Бундан ташқари, Ўзбекистон БМТнинг меҳнат муҳожирлиги бўйича бирорта ҳам халқаро конвенцияни имзоламаган, Халқаро меҳнат ташкилотига (ХМТ) ҳам аъзо эмас ва шу чоққача МДҲ доирасида муҳожирлик оқимларини тартибга солиш бўйича ҳеч қандай битимлар тузгани йўқ.



«Ҳозирча меҳнат муҳожирларининг асосий қисми ҳимоясиз қолмоқда», - дея қўшиб қўйди ҳуқуқ ҳимоячиси.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)







Uzbekistan
Support our journalists