Ўзбекистон: Пенсияларнинг ошиши ёши улуғ ўзбекистонликларни унчалик қувонтиргани йўқ

Ўзбекистон: Пенсияларнинг ошиши ёши улуғ ўзбекистонликларни унчалик қувонтиргани йўқ

Wednesday, 5 August, 2009
, пенсионерлар ўзларига тегишли пулларини тўлиқ олишларига ишонч йўқ. Негаки, расмийлар нақд пул йўқлиги важидан ижтимоий тўловга ажратилган пулларни ҳисоб рақамларига ўтказиш амалиётини қўллашга бошладилар.



Мамлакат президенти Ислом Каримовнинг фармонига мувофиқ 2009 йил 1 августидан бошлаб пенсия тўловлари 25 фоизга оширилади ва оқибатда, пенсия ёшига етиш муносабати билан бериладиган минимал пенсия миқдори 66,66 минг сўмга ($ 44) етади.



Шунингдек, Пенсия, ижтимоий тўловларни етказиб бериш бўйича экспериментга тайёргарчилик қилиш ва уни ўтказиш тадбирлари режасига кўра, 1 августдан бошлаб Тошкент вилоятининг барча пенсионерларига барча тўловлар фақат Халқ банки пластик карточкалари орқали амалга оширилади.



Кейинроқ, тўловларнинг янги тизимига барча пенсионерларни ўтказиш режалаштирилмоқда.



Ойлик иш ҳақи ва пенсияларни нақд пулсиз бериш ва уларни пластик карточкалари ёрдамида нақд пулга айлантириш бўйича эксперимент 2008 йил октябрь ойида бошланди. Пластик карталар баъзи-бир бюджет ташкилотларида жорий этилди ҳамда Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи пенсионерларида синаб кўрилди.



“Халқ банки” Тошкент вилояти бошқармаси раисининг ўринбосари Аслиддин Ғанижановнинг таъкидлашича, банк пластик карталарини расмийлаштириш “ихтиёрий равишда” амалга ошириладиган иш бўлиб, пенсионерлар истасалар пенсияларининг ҳаммасини банк ҳисоб рақамига ўтказиб кейин бўлак-бўлак қилиб нақд пул олишлари мумкин. Ёки бўлмаса улар нақд пулсиз тўловларидан мутлақо воз кечишлари мумкин.



Аммо амалда ҳаммаси бошқача бўлиб чиқяпти. Ёши улуғ ўзбекистонликлар эксперимент ниҳоясига етиши ҳамда пенсия миқдори ошиши билан улар учун ўз пенсияларини нақд пулга айлантириш муолажаси бундан ҳам қийинлашиб кетади дея хавотирланмоқдалар.



Тошкент вилоятидаги унча катта бўлмаган саноат шаҳри Ангренда истиқомат қилувчи 63 ёшли пенсионер Александр Богатовга бир неча ойдан бери пенсия пули пластик карточкага ўтказилмоқда. Унга кўра, Халқ банки раисига ёзма равишда ариза билан мурожаат қилиб пенсия пулини нақд пул қилиб беришини сўраганига қарамай, шу чоққача ҳеч қандай жавоб олгани йўқ.



Пенсионер шу чоққача пенсия пулининг фақат бир қисмини нақд пул билан олиб келмоқда, холос.



“Банкдагиларнинг айтишича, нақд пул етишмовчилиги важидан улар пенсиянинг ярмини пластик картага ўтказишга мажбур бўляптилар, аммо бизнинг кичик туманда банкоматда бир ой давомида ҳам нақд пул бўлгани йўқ. Шунинг учун ҳам пластик карточкадаги пулимни нақд қила олганим йўқ”, - дейди ёши улуғ қария.



72 ёшга кирган тошкентлик бошқа пенсионер аёл ҳам пенсия пулининг ҳаммасини нақд қилиб олишга эриша олмаганини айтмоқда.



“Қачон қарамасанг, банкларда нақд пул йўқ дейишади, озиқ-овқат маҳсулотларини супермаркетлардан сотиб олай десанг, у ерда нарх-наво бозорларга қараганда анча қиммат”, - дейди у.



Пластик карталар тизимини жорий эта туриб, расмийлар пенсионерларга нақд пулсиз тўловлар тизими амал қилаётган супермаркетларда ўзларига керакли ҳаридларини қилиб олишни таклиф этган эдилар. Аммо бу нарса ёши улуғ кишиларга малол келмоқда. Негаки, бундай дўконларда нарх-наво бозорларга қараганда 10-15 фоизга қимматроқ.



Иқтисодий шарҳловчиларнинг айтишларича, расмийларнинг пластик карталарга ўтказиладиган пенсия миқдорини оширилиши ҳақидаги оптимистик баёнотлари тўлқини борган сари кўтарилаётган нақд пул тақчиллиги қоясига урилиб вайрон бўлади ҳамда тўловлар атрофида юзага келаётган муаммолар кучайиб кетаверади.



Айни пайтда пенсиялар икки-уч ҳафта кечиктириб тўланмоқда.



“Пенсия тўловларини ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш учун Халқ банкига маблағ етишмайди, - дея хавотирланади Тошкент шаҳар иқтисодий университетларидан бирининг муаллими. – Давлат томонидан эркин муомалага чиқарилиши қатъий тартибга солинаётган нақд пул муаммоси бундан кейин ҳам кучаяверади”.



Расмийлар пулларнинг айланишини сунъий равишда қисқартишга уринмоқдалар. Бу эса расмийларнинг инфляцияга йўл бермаслик учун кўраётган қатъий монетар сиёсати унсурларидан бири бўлиб қолмоқда.



Аммо бундай прогнозлардан ҳам чўчимаётган пенсионерлар ҳам бор.



Тошкентда истиқомат қилувчи 64 ёшли Исматулло Эргашев ўзининг автомашинасида киракашлик қилиб юради. Унга кўра, пенсия тўловларининг кечиктирилиши ҳамда кенг миқёсда пластик карталарининг жорий этилиши кўпроқ маблағ тежашга имконият беради.



“Хотиним билан бирга пул тўплаймиз, Янги йил байрамига эса невараларимизга совға-саломлар оламиз, ахир пластик карточкаларидаги пулларни нақд қилиб олишнинг ҳеч қандай иложи йўқ”, - дейди у.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)
Uzbekistan
Support our journalists