Ўзбекистон: Пенсионерлар пулсиз ўтирибдилар

Ўзбекистон: Пенсионерлар пулсиз ўтирибдилар

Monday, 14 December, 2009
,Ўзбекистондаги кўпчилик қари одамлар ўз пенсияларини ололмаяптилар. NBCAнинг маҳаллий шарҳловчиларига кўра, банкларда нақд пул тақчиллиги боис шундай аҳвол юзага келган.



“Биз навбатдан жой эгаллаш учун ҳар куни эрталабдан бошлаб [банкга] келамиз, - дея ҳасрат қилади банк ойнаси олдида турган кампир. – Ҳар куни эшитадиган гапимиз эса бир хил – банкда пул йўқ!”



Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти пенсионерларининг аксарияти шу чоққача октябрь ва ноябрь ойлари учун нафақа пулларини олганлари йўқ. Мамлакатнинг бошқа вилоятларида эса давлат қарияларга сентябрь учун ҳам қарздор бўлиб қолган.



Одамларнинг айтишича, уларнинг тирикчилик қилгани ва коммунал хизматлар учун пул тўлагани маблағлари қолмади.



“Оддий озиқ-овқат учун бир ойда кам деганда етмиш минг сўм (35 доллар) кетади, биз эса пулларимизни ўз вақтида ололмаяпмиз, - дейди пенсионер аёллардан бири. – Яхшиям олдимизда болаларимиз, невараларимиз бор. Улар оғир кунларимизга кор келиб туришибди. Ҳеч кими йўқ ёлғиз қариялар нима қилаётган экан, ақлим етмайди? Кўпчилик тўплаган захира-қўрларини аллақачон еб битирганлар”.



Ўзбекистонлик ўртача пенсионернинг истеъмол саватчасига нон, ўсимлик мойи, чой, шакар, дон маҳсулотлари, сабзавотлар киради. Кўпчилик ўзбекистонлик қариялар учун гўшт эришиб бўлмас ҳашамга айланиб қолди. Чунки, унинг бир килоси бозорда ўн минг сўмдан (5 доллар) сотиляпти.



“Менинг пенсиям бир юз йигирма минг сўмга (60 доллар) тенг, - дея ҳасрат қилади тошкентлик қария, – бу пулларнинг ярми коммунал хизматларга тўловлар ва дори-дармон олгани кетади. Озиқ-овқатни оз-оздан олишга ҳаракат қиламан, бир ойга чўзиб етказиш учун”.



Ўзбекистонда 2010 йил 1 декабрдан бошлаб пенсиянинг энг кам миқдори 49,6 долларгача кўтарилган. Бироқ бу қариялар некбинлигини ошириб қўйгани йўқ, чунки, давлатнинг улардан қарзи ўсиб бораяпти, холос.



Пенсия тўловларини кечиктириб бериш ўтган йили бошланган эди. Ўшанда Тошкент вилоятида пенсияларни пластик карточкаларга ўтказиб бера бошладилар ва уларни нақд пул қилиш бўйича муаммолар пайдо бўлди. (Ўқинг: Ўзбекистон: Пенсияларнинг ошиши ёши улуғ ўзбекистонликларни унчалик қувонтиргани йўқ
.)



Шунга қарамай, пул етишмовчилиги ҳозир ҳам сезилаяпти.



“Пахта [сотишдан] пул маблағлари ҳали келиб тушмаган, солиқ йиғиш кўлами эса минимал ҳолатда, негаки, иқтисоднинг деярли бари яширин кўринишга эга”, - дейди номи ошкор бўлишини истамаган ўзбекистонлик экспертлардан бири.



Тошкентлик мустақил иқтисодий таҳлилчи Виктор Ивонин тўловлар кечикиши бундан кейин ҳам давом этишини прогноз қилмоқда.



“Давлат бюджетида пул маблағлари миқдори чекланган, шунинг учун танлашга тўғри келади: ё иқтисодни ривожлантириш ёки аҳолини ўз вақтида тўловлар билан таъминлаш, - дея қайд этади Ивонин. – Расмийлар албатта биринчисини танлайдилар. Акс ҳолда, мамлакат инфляция ботқоғига ботиб қолади”.



(NBCA [Марказий Осиё янгиликлар маълумотномаси] – IWPRнинг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича янгиликлар таҳлили ва шарҳларининг кўп тилли хизматини ташкил этиш лойиҳаси бўлиб, унда бутун минтақа шарҳловчилари иштирок этадилар. Лойиҳа 2006 йилнинг августидан 2007 йил сентябригача минтақанинг бешта мамлакатларида амалга оширилган. NBCA янги молиялаштириш билан Ўзбекистон ва Туркманистондаги воқеаларни яна ёритишни бошламоқда.)

Uzbekistan
Frontline Updates
Support local journalists